15:10 / 04.09.2017
9 684

Лола Каримова-Тилляева ва Тимур Тилляев продюсерлик қилган фильм ғолиб бўлди

Лола Каримова-Тилляева ва Тимур Тилляев продюсерлик қилган фильм ғолиб бўлди
Аввалроқ, Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг кенжа қизи, “Сен ёлғиз эмассан” республика жамоатчилик болалар жамғармаси, Республика болалар ижтимоий мослашуви маркази раиси, Ўзбекистон гимнастика федерацияси президенти, Ислом Каримов номидаги Республика хайрия жамоат фонди васийлик кенгаши раиси Лола Каримова-Тилляева турмуш ўртоғи Темур Тилляев билан “Мирзо Улуғбек. Осмон тоқига қўйилган нарвон” номли картинага продюсерлик қилишаётгани ҳақида хабар берган эдик.

Картина 19 июнь куни Женевада премьера қилинганди. Баҳодир Йўлдошев режиссёрлик қилган мазкур фильм Искья ва Венецияда ўтказиладиган нуфузли кинофестивалларда иштирок этиши ҳақида маълум қилинганди.

Июль ойида Италиянинг Искья оролида ўтган халқаро кинофестивалда "Мирзо Улуғбек. Осмон тоқига қўйилган нарвон" номли кинолента энг яхши ҳужжатли фильм сифатида ғолибликка эришди.

“Куни кеча 74-халқаро Венеция кинофестивали ўтказилди. Унда ўрта асрлар буюк алломаси ва мутафаккири Мирзо Улуғбек ҳаёти ва илмий мероси ҳақида ҳикоя қилувчи “Мирзо Улуғбек. Осмон тоқига қўйилган нарвон” фильми “Энг яхши хорижий ҳужжатли фильм” номинациясида нуфузли “Кинео” мукофотига сазовор бўлди”, деб ёзмоқда Лола Каримова-Тилляева.

Ҳужжатли фильмда XV асрнинг буюк астрономи Мирзо Улуғбек — Мовароуннаҳр ҳукмдори ҳаётидаги фожиалар, мушкулотлар ва зафарлар акс этган.

Фильмда АҚШ, Франция, Буюк Британия, Дания, Россия, Ўзбекистон ва Нидерландиянинг етакчи олим ва мутахассислари Мирзо Улуғбек ҳаёти ва фаолияти ҳақидаги мулоҳазалари, маълумотлари билан ўртоқлашади.

Картинани суратга олишда Оксфорд университетининг Бодлиан кутубхонаси, Британия музейи, Франциянинг Observatoire de la Cote d’Azur расадхонаси ҳамда Оксфорднинг St. John’s коллежи ва Илм-фан тарихи музейи артефактлари, қўлёзмалари ва экспонатларидан фойдаланилди. Суратга олиш жараёни Пристон университети, Гриффит расадхонаси ва Калифорния университетида ҳам олиб борилди.

Мазкур фильмда Маъруф Отажонов, Жавоҳир Зокиров ва Ҳошим Арслонов каби актёрлар қатори жаҳон киноси юлдузлари бўлган Винсент Кассель, Арманд Ассанте, Франциско Овалле ҳам иштирок этишган.

Фильм жанр жиҳатдан ҳужжатли саналса-да, унда бадиий тасвир воситаларидан ҳам фойдаланилган. Тасвирга олиш жараёнига ўзбекистонлик ва қозоғистонлик каскадёрлар жалб қилиниб, ўша даврга мос тарихий либосларни танлаш ва тайёрлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилган.

Фильм саундтреки Севара Назархон томонидан куйланган.






Манба: qalampir.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Маданият » Лола Каримова-Тилляева ва Тимур Тилляев продюсерлик қилган фильм ғолиб бўлди