22:54 / 12.09.2017
6 734

«Омонат ғор сири» (1-қисм)

«Омонат ғор сири» (1-қисм)
— Ако, садақа қиленг. Манга садақа қилсангез бахтингиз очиладе, ако, — эгнига алламбало кийим кийиб олган ўн етти ёшлардаги қиз “Нексия”га суяниб сигарета чекиб турган Бобурга қўлини чўзди.

Йигитнинг энсаси қотди. Лўли қизга бошдан-оёқ разм солиб:

— Сенларни уруғинг бунча кўп! Ҳар қадамда икки-учтанг тиланиб турасан-а. Жонга тегиб кетдинглар-ку! Ҳозиргина бировингга садақа берувдим. Нима бало, келишиб олганмисилар? — деди.

— Ако, жаҳлингиз чиқса бурнингизни тишланг, ўтиб кетаде, — деди қиз бўш келмай. — Сизга уруғ бизникидан каммас. Каттакон бой бўпсиз. Ман сизга бахт, деб айтобман…

— Қоч, йўқол, бахтим чиқиб турибди ўзи! — дея лўли қизни ҳайдади Бобур.

Лўли қиз парво ҳам қилмай баттар тирғалди:

— Ако, бахтингиз кетса, бебахт бўп қоласиз, охийр.

Бобур асабийлашиб чўнтагини кавлади. Аксига олгандай, майда пули йўқ экан, қўлига нуқул мингталиклар илинди.

— Мени қўя тур, ўзингни бахтинг йўқ экан. Майда пулим қолмабди, — деди энди Бобур илжайиб.

— Бахтимнинг борлиги шу-да, каттасидан бераверинг, ако.

— «Ако» демай ҳар бало бўлгур. Бунча лўлилик қиласан? Биласанми, минг сўм ишлаб топишимга қанча вақт кетади?

— Ман лўли-да, ако. Сиз бир минутда топасиз, “Нексия” миниб юрибсиз-ку.

— Уф-ф, нега аридай ёпишиб олдинг! Бор, ишингни қил! Оғриган бошимни баттар оғритма.

— Манга давоси бор-да бош оғриғини.

— Сен тезроқ йўқолсанг, бошимнинг оғриғи қоларди.

— Сиз сотвоганмисиз бу ерни?

Бобур чидаб туролмади. Битта мингталикни чўнтагидан олди-да, лўли қизнинг башарасига отди:

— Энди йўқол, қорангни кўрмай! — деди тутоқиб.

Лўли қиз бир зум ҳайкалдек қотди, ранги оқарди, кейин кўзларида ўт чақнаб Бобурга тик қараганча:

— Пулингиз бошингизда қолсин, ако! — деди-ю, ерда ётган пулни олиб йигитнинг башарасига қайтариб отди ва шарт бурилиб тез-тез юриб кетди.

Бобур нимадир демоқчи бўлди, бироқ тили айланмади. “Жа, ори баландга ўхшайди, — хаёлидан ўтди унинг, — бунақасини ҳали учратмагандим”.

* * *

Лўли қизнинг кўзидан тинимсиз ёш оқар, ўпкасини босолмасди. Аслида дийдаси қотиб, сўкишу камситишларга ўрганиб кетган бўлса-да, ҳозир йигитнинг қаттиқ жеркиганига чидолмади. Қарғаса бўларди, оғзига келганини қайтармай шармандасини чиқариши мумкин эди, йўқ, лўли қиз бундай қилолмади. Хўрлиги келиб, тили оғзида ғўладай қотди. Энди изза бўлганидан ўксиб-ўксиб йиғлаб келаяпти.

Бир тўп лўлилар бозор дарвозасининг ёнида чуғурлашиб, ўтган-кетганга қўл чўзишиб ялтоқланишарди. Бўзлаб келаётган шерикларини кўриб, уларнинг кўзлари олайиб кетди. Бараварига югуришиб, қизга пешвоз чиқишди. Уларни кўриб қиз ўпкасини босолмай ўкириб юборди.

— Қайси мочағар сани йиғлатди?! — шанғиллади ўзининг шевасида юзи қозоннинг куясидай қорақўнғир, кенг елкали қориндор хотин. У мана шу катта бозорнинг лўлиларига бош, ҳаммага отнинг қашқасидай таниш эди. Лўлининг на эркаги, на аёли унинг буйруғисиз бир иш қилмасди. Ҳаммаси ундан ўлгудай қўрқишарди. Важоҳатидан ит ҳуркар, тилидан ҳам, қўлидан ҳам анча-мунча иш келарди. Шунданми, ҳурмати ҳам баланд эди. Бу атрофдаги лўли борки, унинг ҳомийлигига муҳтожлик сезар, майда-чуйда жанжалларга у кўндаланг — барини осонгина, силлиққина ҳал қиларди. Шу боисдан ҳам у, кимсан, «Хосият биби» эди.

Йиғлаётган лўли қиз — Лола индамади, нозик бармоқлари билан лўлилардан тамоман фарқ қиладиган оппоқ юзини беркитиб, ҳиқиллашда давом этди.

— Ҳўнграма! — бақирди Хосият биби, — ким кўзингдан сувингни оқизди?

Лола қўли билан орқа томонга ишора қилди, лекин кимлигини айтмади. Хосият биби бировга ҳақини бериб қўядиган ландовурларни ёқтирмас, аяб ҳам ўтирмас, оғзига келганини айтиб-солиб, ер билан битта қилар, атрофида одам бор-йўқлигига қарамай, сочини битталаб юлиб, юзини қонга беларди. Лола ҳали бу кўйга тушмаган, майда хатоликлари учун уни озгина койиганди, холос. Мана энди у ҳам тумшуғидан илиниб турибди. Нотаниш йигитнинг ҳақоратлаб хўрлагани бир бўлди-ю, Хосият бибининг қаҳр-ғазабига учрагани бир бўлди: лўлибоши хотин уни тегирмон тошидан ўтказмай қўймас, ҳар қалай.

— “Нексия”сига суяниб сигарет чекобди ташқарида, — деди Лола имкон қадар овозини дадилроқ чиқаришга уриниб.

Бироқ Лола ўйлаганчалик бўлмади. “Нексия”нинг эгаси ўғил бола эканини англабоқ Хосият бибининг тепа сочи тикка бўлди, енгини шимарди, қошлари чимирилиб туташганча бармоқдай йўғон чизиқ ҳосил қилди. У шиддат билан бозордан чиқиб, машиналар қатори томон жадал юриб кетди. Ортидан беш чоғли шотири эргашди. Уларнинг важоҳатида дунёни ағдар-тўнтар қилгулик шашт бор эди. Аскарлардай тизилиб бораётган лўлиларга ҳамма ҳайрон бўлиб қарар, ўзларини четга олиб йўл бўшатишарди. Қаққайиб турганларни Хосият биби туртиб ўтиб кетар, қарғишу сўкишларга парво қилмасди.

“Меҳрибон”ларидан ортда қолмай, деб илдамлаётган Лоланинг юраги така-пука, у муқаррар жанжални истамас, очиғи, нотаниш йигитга ичи ачир, унинг шарманда бўлишини хоҳламасди.

(Асарнинг давомини яқин соатларда ўқийсиз)

Манба: hordiq.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Маданият » «Омонат ғор сири» (1-қисм)