10:50 / 05.10.2017
9 227

­Зарина Низомиддинова: "Хонандалик мен учун маблағ орттириш манбаи эмас"

­Зарина Низомиддинова: "Хонандалик мен учун маблағ орттириш манбаи эмас"
"Даракчи" газетасининг "Қалтис савол" лойиҳасининг қаҳрамони танқиддан қочмайдиган, кес­кир жавоблари билан ҳамкасбларидан­ ажралиб турадиган­ серқирра ­актриса ­Зарина НИЗОМИДДИНОВА...

Ёшлигингиздан қўшиқ куйладингиз, рақс билан шуғулландингиз, актрисага айландингиз, либослар дўкони ҳам очдингиз, ёпилишга ҳам улгурди. Бу таваккалларингизнинг қай бири қимматга тушди?

— Қўшиқни ўзим учун куйлаганман. Рақс билан профессионал шуғулландим ва олган билимларим бугун Ўзбекистон Давлат санъат ва маданият институтидаги таҳсил жараёнимда қўл келяпти. Биласизми, у ердаги айрим талабалар ҳатто рақс тушишни билишмайди, умуман бу соҳа юзасидан тушунчаси ҳам йўқ. Дўконга келсак, эслатмасангиз ёдимдан ҳам чиқиб кетибди. Кўнглимдагидек дўкон бўлмагани учун меҳр қўйиб ишламадим ва тез фурсатларда ёпдим.

4 ёшидан қўшиқ куйлашни бошлаган Зарина Низомиддинованинг хонандаликка қайтиши омадсиз бўлди. Нима сабаб хонандаликда актёрликдагидек чўққига чиқолмади?

— Хонандаликка қайтдим, демаган бўлардим. Чунки қўшиқ куйлаш мен учун хобби. Истаган вақтимда қўшиқ ёзиб, унга клип оламан, бари ўзим учун. Хонандаликка тўйга чиқиб, маблағ орттириш манбаи сифатида қарамаганман.

“Ҳар бир актрисанинг орзуси Голливуд ё Болливудда роль ижро этиш”, дегандингиз. Ҳеч ўйлаб кўрганмисиз, нега хорижлик ҳам­касб­ларингиз ўзбек фильмларида суратга тушишни орзу қилишмайди?


— Голливуд ва Болливуд актрисалари ўз соҳасида энг юқори чўққиларни эгаллаб бўлишган. Шу боис хорижлик ҳамкасбларимга бошқа давлатларнинг фильмларида роль ижро этишнинг қизиғи йўқ, уларга бунинг кераги ҳам йўқ.

Ижодкорларга актриса сифатида тан олинишингизга сабабчи бўлган “Йўл бўлсин”, машҳурлик шоҳсупасига олиб чиққан “Ромео ва Жульетта” ва беш йиллик танаффусингизни оқлаган “Қоракўз”, сўзсиз ҳам кўз билан роль ижро эта олишингизни кўрсатган “Паризод” фильмлари. Худди шундай таърифга лойиқ ролларингиз саноқли, тан оласизми?

— Омадли фильмларим борлигидан албатта, хурсандман. Лекин саноқли эканини тан олмайман! Масалан, “Оқибат” фильмидек томошабин кўнглидан жой олган кинокартиналар жуда кам. “Фотима”, “Мен юлдузман”, “Юрак йиғлар” каби яхши фильмларим кўп. Ҳамма актёрларнинг омадсиз кинокартиналари бўлади. Тўғри, менинг ҳам омадсиз фильмларим йўқ эмас.

Оғир-босиқ, шўх, қайсар қиз, қийналган келин каби ролларни ўйнаб бўлгансиз. Бундан буён ўзингизни қайтаришни истамассиз?

— Фильмларнинг барчаси деярли бир хил, шу боис ўзимни такрорлашга тўғри келяпти. Лекин тарихий роль ижро этиш орзуим. “Муҳташам юз йиллик” номли турк сериалига ўхшаш миллий сериал суратга олинса-да, барча ўзбек актрисалари иштирок этсак, ҳеч ким қолиб кетмаса, бу томошабинга ҳам қизиқ бўларди. Қолаверса, миллий либосларимиз, тарихимиз ҳам атрофлича ёритиларди.

Калта ва елкаси очиқ либос­ларни кўп кийишингиз ўзин­гизга ҳам сезиладими?

— Бизга тақлид қиладиган мухлисларга салбий таъсир кўрсатадиган либослар киймаётганимни биламан. Уйимдагилар кийинишимга сира эътироз билдиришмаган, эркимиз ўз қўлимизда. Биласизми, худди мендек кийинган бошқа санъаткор­ларни эмас, айнан мени танқид қилаверишади. Масалан, тиззаси йиртиқ шим кийишимга тўхталсак, бу кийим ҳозир урфда, ҳамма кийяпти. Мен учун ҳам бу либосда юриш оддий ҳол. Либосларим менталите­тимизга зид эмас, йўқса, бизни раҳбарият чақиртириб, кераклича танбеҳ берган бўларди.

Ўзбекистон Давлат санъат ва маданият институтининг 4-босқич талабасисиз. Иккинчи мутахассисликка ўқишингизга сабаб “Зарина санъат борасида касб таълимини олмаганлардан”, деган тамғадан қутулишми?

— Иккинчи мутахассислик очилганини эшитиб, шунчаки ҳужжат топширгандим қабул қилишди. Тамға масаласига келсак, бу мени мутлақо қизиқтирмайди.Омадли одам ортида бўлаётган гап-сўзларга беэътибор бўлади. Санъат борасида кўп ютуқларга эришдим, келажакда ундан-да, юқори чўққиларга чиқиш истагидаман.

Зарина Низомиддиновани танқид қила оласизми?


— Феъл-атворимни танқид қила оламан, масалан, жаҳлим тез.

Садоқат АЛЛАБЕРГАНОВА суҳбатлашди.

Dasturlash foundation


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Маданият » ­Зарина Низомиддинова: "Хонандалик мен учун маблағ орттириш манбаи эмас"