15:44 / 23.10.2017
12 262

Урушлар, касалликлар ёки табиий офатлардан ҳам хавфлироқ нарса маълум қилинди

Урушлар, касалликлар ёки табиий офатлардан ҳам хавфлироқ нарса маълум қилинди
Аввалроқ, Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ташаббуси билан ўзбек шоу-бизнесининг кўзга кўринган вакиллари — хонанда, созанда ва актрисалар Тошкентнинг Бектемир туманидаги пахта далаларига бориб, йиғим-терим ишларига ўз ҳиссаларини қўшганлари ҳақида хабар берган эдик.

2017 йил пахта ҳосилининг “Зарбдор” ўттиз кунлигига муносиб ҳиссамизни қўшайлик шиори остида ташкил этилган акцияда Ўзбекистон халқ артистлари: Ғуломжон Ёқубов, Юлдуз Усмонова, Маҳмуд Номозов, Озодбек Назарбеков, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар: Ғиёс Бойтоев, Мавлуда Асалхўжаева, Илҳом Фармонов, Райҳон Ғаниева, Алишер Файз, Зиёда Қобилова, хонандалар: Абдулла Қурбонов, Гули Асалхўжаева, Шаҳзода, Ойбек ва Нигора, Мадина Мумтоз, Умидахон, Воҳиджон Исоқов, Баҳриддин Зуҳриддинов, Шерзодбек, Алижон Исоқов, Улуғбек Холиқов, Хадича Қурбонова, Дилафруз Ҳайитметова, сўз усталари: Зокир Очилдиев, Ортиқ Султонов, Валижон Шамшиев ҳамда актриса Ҳалима Ибрагимова иштирок этдилар.

Санъат олами вакиллари пахта даласида тушилган суратларни ижтимоий тармоқлардаги шахсий саҳифаларига жойлаштирганларидан сўнг суратлар тинимсиз муҳокама қилинди. Кимдир ижодкорларни қўллаб-қувватлаб, йиғим-терим мавсумидан четда қолмаганларини алқаса, яна кимдир бу шунчаки кўзбўямачилик учун қилинганини ёзади.

Айниқса, ижодкорларнинг тушлик дастурхони қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди. Аслида дастурхонда палов, нон, ичимликлар ва салатдан бошқа нарса йўқ эди. Шундай бўлсада бошқаларнинг фикрича, пахта далаларидаги ҳақиқий меҳнаткашлар сувга нон бўктириб емоқда...

Ажабо! Иссиқ ўрнида ўтириб, лоақал шу санъаткорларчалик бўлмаганлар қаерга қараб фол очяпти, ҳайронсан киши.

Актриса Ҳалима Ибрагимова ижтимоий тармоққа пахта даласидан энг кўп сурат жойлаганлардан бири бўлди. Табиийки, танқидларнинг энг кўпи ҳам унга ёғилди. Энг қизиғи, қоралаётганлар бегона эмас!

Ҳасан ва Ҳусан сўз усталари учлиги аъзоси Азамат Ҳалима Ибрагимованинг ижтимоий тармоқлардаги суратларига нисбатан ўз фикрларини баён этаркан, санъаткорлар пахта теришга эмас, фотосессияга борганини иддао қилди. Бу эса Ҳалима Ибрагимованинг видеожавобига сабаб бўлди. Ибрагимова ижтимоий тармоқларга жойлаштирган видеосида шундай дейди:

“...Бу видео Ҳасан ва Ҳусан учлигидаги Азаматга жавоб. Постга санъаткорлар пахта тергани бордими ё расмга тушгани, деб ёзиб қўйибсан. Бу ерда ҳамма уйидаги бола-чақасини ташлаб, Маданият вазирлигининг гапини икки қилмасдан, пахта тергани борди. Кимдир ёш боласини ташлаб, кимдир кеча йўлдан келиб, бугун акцияга чиқди. Бу мажбурий эмас, ҳамма кўнгиллилар борди. Уйда ўтириб, расм қўйиб, “интрига” ясаб, бировга кесатиб гапиришинг шарт эмас! Бу ерда ҳеч ким майнавозчилик қилаётгани йўқ, орқа-олдингга қараб гапиргин... Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар, Ўзбекистон халқ артистлари букилиб пахта териб, 150–200 кг пахта топшираётганда сен “пацан”га қоладиган гап йўқ. Уйда ўтириб олиб, ўша майнавозчилигингни қилавер, инстаграмга пост қўйиб ҳамманинг асабига тегма! Бир марта далага чиқиб ишлаб келгин, кейин кўрамиз нечта расм қўясан”.

Биз на Ҳалима Ибрагимованинг ва на Ҳасан ва Ҳусан учлигидаги Азаматнинг тарафини олиш фикридан йироқмиз...
Умумий фикримиз шуки, пахта даласида халқимиз тиним билмай меҳнат қиляпти. Юртнинг эртаси учун жон куйдиряпти. Деҳқоннинг ҳосилини безарар териб олиш, юрт иқтисодига ҳисса қўшиш учун ҳаракат қиляпти. Албатта, камчилик, баъзи бир оғир шароитлар ҳақидаги фикрларни буткул рад этмаймиз. Тўғри, қайсидир ҳудудларда ётоқ шароити яхши эмасдир, қайсидир пахта даласида дастурхонга ҳар куни палов тортилмаётгандир. Лекин бунда санъаткорларнинг айби йўқ-ку. Ҳар ҳолда санъаткорлар бир чеккада томошабин бўлиб тургани ҳам йўқ. Муҳими шу! Пахта даласига бориб, халқ билан самимий мулоқотда бўлмоқда, бели букилиб пахта териш нималигини ҳис қилмоқда. Ё Россиядаги картошка йиғим-теримига Дима Билан, Алла Пугачева, Сергей Лазарев, Валерия, Вера Брежнева қатнашганини, қўшиқ куйлаганини эшитганмисиз?!

Ҳаммаси қандай бўлган эди...

Бундан бир неча кун аввал, “Ўзбекконцерт” давлат муассасида бўлиб ўтган йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирининг биринчи ўринбосари, Ўзбекистон халқ артисти Озодбек Назарбеков санъаткорларни йиғиб, пахта даласига бориб, концерт бериш, одамлар орасига кириш, улар билан суратга тушиш таклифини берган эди. Шунчаки концерт бериш ғояси билан бошлаган акция Ўзбекистон халқ артисти Юлдуз Усмонова ҳамда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Мавлуда Асалхўжаеваларнинг далада кўрсатган ташаббуси билан ҳақиқий йиғим-терим акциясига айланиб кетди.

Маълум қилинишича, биринчилардан бўлиб Юлдуз Усмонова ва Мавлуда Асалхўжаева этакларни олиб, саҳна томонга эмас, пахта даласига қараб юришган. Табиийки, ёшлар улар ортидан эргашган.

Мавлуда Асалхўжаева, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист:

– Ёшлигимизда кўп пахта терганмиз. Анча унутиб қўйган эканмиз. Ўша куни Юлдуз этакни олиб, “Юр, пахта терамиз!”, деганидан кейин биримиз у бошдан, биримиз бу бошдан ёшларга “намуна” кўрсатдик. Ҳамма хирмонга ўз ҳиссасини қўшди. Ҳатто маъмурларимиз, ҳайдовчиларимиз ҳам четда томошабин бўлиб тургани йўқ! Пахтакорлар билан суҳбатлашдик, ҳазиллар қилдик. Видеоларда кўрган бўлсангиз, қўшиқларни ҳам даланинг ўртасида айтдик. Одамларга ҳайронман. Ўша гапираётганларнинг ўзи пахта даласи ёнидан индамай ўтиб кетади. Санъаткор ўз ҳиссасини қўшса, дарров ўзларини кўз-кўз қиляпти, дейишади.

Ижтимоий тармоқларда санъаткорларнинг тушлик қилаётгани тасвирланган суратлар тарқалди. Унда тушлик пахта даласида бўлгани акс этган эди. Дастурхонадаги палов эса яна муҳокамаларга сабаб бўлди. Агар санъаткорлар бирор ресторанда тушлик қилганида ёки ўша паловни ҳашарчилардан айри ҳолда еганида — одамлар бунга ҳам гап топарди! Лекин суратда кейинги столда пахтакорлар ўтиргани, уларнинг дастурхони ҳам санъаткорларники билан бир хиллиги акс этган.

Бундан бир неча кун аввал хориж матбуотининг Ўзбекистондаги пахта йиғим-терими қораланган мақоласига жавобан “Қулоғимиз қачон тинч бўлади? Пахтани термасакми ёки экмасак?” номли мақолани чоп этган эдик. Тушунишимизча, пахта даласига қадам босмай туриб, ўтирган ўрнида вазиятга баҳо берадиган, фақат қоралашни мақсад қилганлар ўзимизда ҳам йўқ эмас.

Уларга олдига ҳам шу саволни қўямиз: ҚУЛОҒИМИЗ ҚАЧОН ТИНЧ БЎЛАДИ?

Ўзбекистонда пахта плани ўтган йилларга қараганда анча камайган. Пахта экиладиган экин майдонлари ҳам қисқартирилди. Йиғим-теримга ўқувчи ва талабалар жалб қилинмаяпти. Ётоқ ва озиқ-овқат шароитлари аввалгидан яхшиланган. Санъаткорлар пахта далаларида фақат концерт бериш билан чекланаётгани йўқ, халқ орасида кириб, пахтакорлар билан бирга меҳнат қиляпти.

Хўш, яна нима кам?

Мавзуни вазиятга қараб давом эттирамиз...

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Маданият » Урушлар, касалликлар ёки табиий офатлардан ҳам хавфлироқ нарса маълум қилинди