23:00 / 01.01.2018
4 483

Самимият самимийликка чорлайди

Самимият самимийликка чорлайди
Дарвоқе, шундай. Самимий айтилган сўз, хайрли амал одамни нафақат тўлқинлантиради, балки унинг қалбида шижоатни, жасоратни, эртанги кунга умидни оловлантиради. Бу ҳаётда ўз исботини топган гап. Албатта, ўтган кунни сўкиш марднинг иши эмас. Лекин ҳаётда бўлаётган ўзгаришларни тан олмаслик ҳам виждондан эмас. Мен Президент Шавкат Мирзиёевнинг чиқишларини қолдирмай кузатиб бораётирман. Айниқса, ижод аҳлига, ёзувчиларга кўрсатаётган эътиборини кўриб, бошим осмонга етди.

Шу йилнинг 3 августида зиёлилар билан бўлган учрашувда Президент шундай куйиниб гапирдики, у кишининг қиёфасида мен ҳақиқий ватанпарвар, миллатпарвар бир халқ фарзандининг сиймосини кўрдим. Пойтахтда Адиблар хиёбонининг барпо этилаётгани ва у ерда адабиётимизнинг буюк намоёндаларига бағишлаб ёдгорлик мажмуалари ўрнатилиши режалаштирилаётгани, Фарғона, Қашқадарё, Андижонда Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Муҳаммад Юсуф, Наманганда Ибрат домла, Нукусда Ибройим Юсуповлар хотиралари абадийлаштирилганлиги, ёзувчиларга имтиёзли квартиралар, юртимизнинг энг сўлим масканлари - Паркент ва Зоминда ижод уйларининг қурилишига киришиш айнан шу учрашувдан сўнг бошланди. Мен ишонаманки, яқин кунларда халқимизга туҳфа этиладиган ўша муҳташам хиёбонда Фитрат, Чўлпоп, Қодирий, Усмон Носир, Беҳбудий каби миллатимизнинг ҳақиқий мард ва фидоий фарзандлари хотиралари ҳам абадийлаштирилади.

Адабиёт яшаса, миллат яшайди, деган эди Чўлпон. Бугун адабиётга кўрсатилаётган эътиборга мен миллатнинг қадрини улуғлашга чоғланиш, деб қарайман. Биз кўп маҳаллар жамиятимиздаги камчиликларни очиқчасига ҳаспўшлаб келдик. Баъзан бахона қидирдик, гоҳида эса “бу ҳал килиб бўлмайдиган масала” дея кескин рад этдик. Аслида эса ўша қўл силталган муаммоларнинг кўпчилиги миллий аҳамиятга дохил эди.

Президент шу йилнинг 13 сентябрида китоб махсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб килиш бўйича қарор қабул қилди. Бу муаммо ҳам узоқ йиллар судралиб "ҳал қилиб бўлмас" масалага айланганди. Бечора ёзувчи қўлёзмасини қўлтиқлаб нашриётма нашриёт югириб сочи оқарарди. Ёки “Илхом”фондини олинг. Буям ижодкорларга бир қанот бўлди.

Мен 80-йилларда газеталардан бирига берган суҳбатимда "инсон шахсиятига меҳр бериш керак" деган эканман. Ҳақикатан ҳам одамларга меҳр-муҳаббатли бўлиш, уларнинг дарду ўйи билан яшаш диёнатли, виждони пок одамнинг иши. Ўзингиз бир ўйланг, қайси замонда давлат раҳбари одамлар соғлиги, тинчлигу хотиржамлигини ўйлаб устма-уст йиғилиш ўтказган, куйиб-пишган. Элнинг дарду ғамига бунчалар яқин бўлган. Турмаларда азоб чекиб ётган уч мингга якин мазлумни афв этиш учун одамнинг юраги, қалби қанақа бўлиши керак... . Буни мард одамларгина тан олади.

Президент иш бошлаган кунидан адолатни тиклаш ҳақида тинмай гапирмоқда. Энг маъқул томони гапининг устидан чиқмокда. Одамларнинг ичига кириб, уларнинг дарду ғамига, хуррамчилигига шерик бўлмокда. Сўз билан амал бир жойдан чиқмоқда. Ҳаётдаги бугунги ўзгаришлар, халқчил ҳаракатлар, албатта, ўз самарасини беради. Мен бунга ишонаман.
Шукрулло,
Ўзбекистон халқ шоири.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Маданият » Самимият самимийликка чорлайди