19:03 / 14.01.2018
7 445

«Навоийнинг янги ғазалини эшитдик». Нима учун халқ Шерали Жўраевни яхши кўради?

«Навоийнинг янги ғазалини эшитдик». Нима учун халқ Шерали Жўраевни яхши кўради?
Бу йил халқимиз буюк санъаткор Комилжон Отаниёзовнинг 100 йиллик юбилейини катта тантана билан нишонлади. Унинг ўзбек қўшиқчилик ва мусиқа санъатига қўшган улкан ҳиссаси эҳтиром билан ёдга олинди. Сўзга чиққанлардан аксарияти бундай буюк санъаткор 100 йилда бир дунёга келишини қайта-қайта таъкидладилар.

Биз кейинги уч йилда санъатимиз, маданиятимиз ва маънавиятимизнинг уч буюк намояндасидан ажралдикки, бу йўқотишлар ҳали узоқ вақт маданий ва маънавий ҳаётимизда ўзларини яққол билдириб туради. Мен Шайх Муҳаммадсодиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратни, шоирлар Эркин Воҳидов ва Абдулла Ориповлар (Яратган уларни ўз раҳматига олган бўлсин) ҳақида ёзаётганлигимни ҳаммангиз сезиб турганингизга ҳеч бир шубҳам йўқ. Биз уларни ҳаётлигида ҳурмат қилдик, улардан ўргандик, улардек бўлишга интилдик. Лекин биз уларга кўрсатишмиз керак бўлган эҳтиромнинг юздан бирини ҳам кўрсатганимиз йўқ. Биз ҳали ҳам бу буюк инсонларнинг халқимиз учун қилган ҳизматларини тўлиғича англаб етмадик.

Англаганимизда эди, кўзимиздан ёш узилмаслиги, улар вафоти муносабати билан бошланган мотам тугамаслиги керак эди. Албатта, бу инсонларнинг меҳнатлари, қолдирган маънавий мерослари ҳали чуқур таҳлил қилинади.

Менинг мақолам бу инсонлар амалга оширган улкан ишларни эслаш ҳақида эмас. Балки бундай буюклардан яна борми? Агар бор бўлса, биз уларнинг қилган ишларини чуқур англаб етамизми? Шунга яраша эҳтиром кўрсата оляпмизми? Шу каби саволларга жавоб беришга қўлимдан келганича ҳаракат қилишдир. Юқорида қўйилган уч саволнинг биринчисига мен «ҳа» деб, қолган иккитасига эса «йўқ» деб жавоб берган бўлар эдим.

Биз йўқотган уч буюкдан кейин яна бир буюк ижодкор инсон қолди ва унга узоқ умр тилаб қоламиз. У Ўзбекистон халқ артисти, Алишер Навоий номидаги давлат мукофоти соҳиби, халқимизнинг буюк ҳофизи Шерали Жўраевдир!

Юқорида қўйилган — «Бу буюк инсонинг қилган ишларини чуқур англаб етаяпмизми? деган саволга «йўқ» деб жавоб беришимнинг ўзига яраша сабаблари бор. Мен санъаткорлар қатнашган турли давраларда икки марта «Шерали Жўраев санъатига қандай баҳо берасиз?» деган саволга бир хил — яъни «У кишининг такрорланмас овози бор, лекин санъаткор сифатида менинг ўрганадиган ҳеч нарсам йўқ» деган жавобни эшитганман. Бундай жавоб берган ҳар икки санъаткор ҳам Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар эди. Демак, шундоқ унвонли санъаткорлар ҳофизнинг муваффақияти, ўлмас санъати сирларини англамаган экан, оддий халқ буни англаб етиши қийинлиги турган гап. Мен созанда ҳам, хонанда ҳам эмасман. Лекин оддий бир санъатсевар инсон сифатида ҳофизнинг буюклик сирларини изоҳлашга ҳаракат қиламан.

1. Бирор мумтоз қўшиқни, масалан «Қаро кўзим»ни диққат билан тингланг. Қўшиқдаги мусиқага алоҳида эътибор беринг. Куй бир маромда ўзгармасдан давом этаверади. Яъни мусиқа санъаткорлар тили билан айтганда фақат «усул» беряпти холос. Замонавий эстрада қўшиқчиларида ҳам худди шундай ҳол — яъни куй айтилаётган «сўз»га жўр бўлади. Бу нарса, айниқса Хоразм қўшиқларида яққолроқ сезилади. Ҳофиз эса қушиқ — бу дилдан отилиб чиқаётган нола эканлигини биринчи бўлиб англаб етди. Шу сабабли бу нолани бошқа қалбларга етказиш учун «сўз»ни биринчи ўринга қўйди. Қўшиқдаги ҳар бир сўзнинг мазмунига мос овоз, интонация танланди. Куй эса қўшиқ руҳиятини акс этадиган қилиб танланади. Қўшиқдаги сўз тингловчига аниқ етиб бориши учун «Сўз» кетаётганда куй пауза пайтидаги овознинг «чораги»дан ҳам пастроқ янграйдиган қилиб танланади.

Шу туфайли куй усул берибгина қолмай, балки шеърда акс этмай қолган ҳолатларни ҳам ҳис этишга ёрдам бера бошлайди. Бунинг натижасида қўшиқ сўзлари тингловчи қалбига бир тинглашнинг ўзида муҳрланиб қоладиган даражага етади. Сўзимнинг исботи сифатида «Мени кутгил» қўшиғини тинглашни тавсия этаман.

2. Мактабдаги мусиқа дарслари давридан биламизки, композиторлар шеърга куй басталаганларида шеърни мусиқий қолипга жойлайдилар, қолип одатда, дастлабки тўрт сатр учун ва нақорат учун яратилади. Қолган тўртликлар ҳам шу қолип асосида куйланаверади, деб ҳисобланади. Ҳофиз ўз қўшиқлари халқ дилига яхшироқ етиб бериши учун бу «қолип» дан бошқачароқ фойдалана бошлади. Яъни айрим тўртликлар учун янги «қолип» яратилади. Чунки бу тўртликнинг моҳиятини халққа етказиш учун танланган овоз ва куй аввалги колипга тушмас эди. Турли хил мусиқий қолипларга солинган қўшиқлардан бири «Муқаддас аёлни» тингласангиз, юқоридаги фикрнинг тўғрилигига амин бўласиз.

3. Шеърнинг руҳиятини, ундаги бор ҳиссиётларни тингловчига тўлиқ етказа оладиган қўшиқлар яратгани туфайли Ҳофиз Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Омон Матжон, Ҳалима Худойбердиева, Тўра Сулаймон, Сирожиддин Саййид ва бошқа шоирларни нафақат элга яхшироқ танитди, балки халқ қалбида уларнинг ижодига улкан қизиқиш ва муҳаббат уйғотди. Бу борада мен билан баҳслашманг: юқоридаги шоирларнинг на ўзини, на китобини кўрган, аммо уларнинг ўнлаб, йигирмалаб шеърини ёд айтиб берадиган танишларим бор, ҳаммаси Шерали Жўраевдан эшитиб ёдлаган.

Худди шундай Алишер Навоий, Бобур, Машраб, Махтумқули, Воқиф, Румий ва бошқа классик шоирларнинг шеърлари асосида шундай буюк қўшиқлар яратилдики, халқ уни ҳеч бир таржима ёки изоҳларсиз тушундилар ва шу орқали бу буюкларга яқинроқ бўлдилар. Бу ўринда германиялик бир журналистнинг фикрининг келтиришни ўринли деб билдим. У шундай деган эди:

«Одамларга Навоий асарларини изоҳлаш ёки таржима орқали етказмоқчи бўлишяпти. Навоийни халқ англаши учун Шерали Жўраевнинг Навоий ғазалаллари билан айтиладиган ашулаларни эшиттириш энг яхши самара беришини англаш вақти етди».

Қизиғи шундаки, «Эй хуш улким» сингари қўшиқларни куйлаганда «Навоийнинг янги ғазалини эшитдик», деб юборган одамларни кўрганман.

4. Шерали Жўраев ижодий фаолиятини бошлаган пайтда саҳнада Комилжон Отаниёзов, Фахриддин Умаров, Таваккал Қодиров каби забардаст санъаткорлар фаолият юритардилар. Ҳофиз уларни ўзининг устози деб билди ва уларнинг санъатидаги энг яхши жиҳатларидан ўз фаолиятида фойдаланди. Лекин у ўз йўлини яратди. Бу йўлдан адашмай, олға интилди. Энг аввало, Аллоҳ инъом этган бетакрор овоздан ўринли фойдаланди.

Юқорида таъкидлаганимдек, ҳофиз қўшиқда «Сўз»ни биринчи ўринга қўяди. Шу туфайли у яратган қўшиқлар шеърлари бадиий жиҳатдан мукаммал, мазмунан теран, мантиқий пухта, тарбиявий жиҳатдан энг илғор бўлиб, юксак ғояларни илгари суради.

Турли сабабларга кўра, ҳофиз деярли 20 йил катта саҳнадан четда турди. Лекин унинг қўшиқлари халқимиз қалбида чуқур илдиз отгани учун ҳофиз доимо эл ардоғида бўлди. Сўнгги пайтларда ҳофизнинг турли йирик тадбирларда иштирок эта бошлагани элимиз томонидан катта мамнуният билан кутиб олинди.

Мана, ниҳоят, ҳофиз юртнинг энг катта саҳнасида ўз концертини ўтказадиган бўлди.

Халқим!

Сени бу улкан байрам билан табриклайман! Буюк санъаткорни халқимизга қайтариб берган Президентимиз доимо эл ардоғида бўлишини тилаб қоламан!
Олимжон Зоҳидов

Манба: Xabar.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Маданият » «Навоийнинг янги ғазалини эшитдик». Нима учун халқ Шерали Жўраевни яхши кўради?