08:32 / 08.04.2018
7 399

Амир Темур туғилганида... ўзга сайёраликлар келганми?

Амир Темур туғилганида... ўзга сайёраликлар келганми?
Фотоколлаж: «Xabar.uz»
«XXI asr» газетасида «Амир Темур туғилганида... ўзга сайёраликлар келганми?» номли қизиқарли мақола эълон қилинди. Муаллиф — Фаррух Жабборов тарихий манбалар ёрдамида улуғ бобомизнинг туғилиши билан боғлиқ афсона ва ривоятларнинг нечоғли ҳақиқатга мос эканини аниқлашга уринади. Ўйлаймизки, муаллифнинг кичик тадқиқоти Сизни ҳам бефарқ қолдирмайди.

Буюк инсонлар туғилган пайти ғайриоддий воқеалар содир бўлгани ҳақида маълумотлар кўп. Бирига ишониб, бирига ишонгинг келмайди. Тарихий фактми ёки кейинчалик тўқиб-бичилганми— аниқлаш мушкул.

Ҳар саккиз юз йилда Соҳибқирон дунёга келиши тўғрисидаги ишонч азалдан кенг тарқалган. Амир Темур учинчи ва ҳозирча охирги Соҳибқирон деб билинади. Бу улуғ бобомизнинг туғилиши билан боғлиқ афсона ва ривоятларни кўп эшитганмиз, кўп ўқиганмиз. Жаҳон тождорининг кичик замондоши Ибн Арабшоҳ ёзиб қолдирган маълумотлар ҳам қизиқарли.

Ибн Арабшоҳ (1389–1450) ўн икки яшарлигида Амир Темур фармонига биноан Дамашқдан қариндошлари, илму ҳунар аҳли билан бирга Самарқандга олиб келинган. Жаҳон пойтахтида етти йил яшаб, таҳсил кўрган. Унинг «Ажойиб-ул мақдур фи тарихи Таймур» («Амир Темур тарихида тақдир ажойиботлари») асари ўша даврдаги сарой тарихчилари китобларидан ажралиб туради. Олимлар Ибн Арабшоҳни матнда бадиий безакка берилиб кетиш, шахсий адоватини аралаштириб юбориш— холисликка қатъий риоя қилмасликда ҳам айблайди.

«Ажойиб-ул мақдур»да ғаройиб ҳодисадан сўз очилади: «Ҳикоя қиладиларки, (Темур) туғилган кечаси ҳавода қандайдир учиб юрган темир қалпоқчага ўхшаш бир нарса пайдо бўлган. Кейин у кенг бўшлиққа тарқалиб, ер юзига ёйилиб кетган эмиш. Ундаги чўғ ва учқунга ўхшаш нарсалар ҳар томонга сачраган ва ўйилиб, ҳатто ўтроқ ва бадавий жойларни ҳам тўлдириб юборган эмиш (Ибн Арабшоҳ. Амир Темур тарихи. Тошкент: «Меҳнат», 1992 йил. 68-бет).

«...кечаси ҳавода қандайдир учиб юрган темир қалпоқчага ўхшаш бир нарса» дафъатан учар ликопчалар ҳақидаги гапларни ёдга солади. Ердан ташқарида ҳам ҳаёт борлигига, гоҳи-гоҳида ўзга сайёраликлар меҳмонимиз бўлиб туришига ишониш ва ишонмаслик қадимдан уч-қуйруқсиз баҳс-мунозараларга сабаб бўлиб келган. Қадимги Миср манбаларида «қуёшдан ҳам порлоқ олов ҳалқалар» кузатилгани, кейин самога кўтарилиб, кўздан ғойиб бўлгани ёзиб қолдирилган. Тарихдан бунақа мисоллар бисёр.

Алқисса, Амир Темурнинг туғилиши ва «учар темир қалпоқча» теграсида ҳам истаганча баҳслашиш мумкин. Энди бу ёғи ўзингизга ҳавола. Мавлоно Лутфийнинг машҳур «...хоҳ инон, хоҳ инонма...» мисрасини хиргойи қили-иб, ушбу мақолачадан илгари сурилган фараз ҳақида кимларга нима дейишни, гапни қандай бошлаб, қандай тугатишни обдон ўйлаволинг J.
Фаррух Жабборов

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Маданият » Амир Темур туғилганида... ўзга сайёраликлар келганми?