23:59 / 10.04.2018
4 881

Мурат Йилдирим билан эксклюзив суҳбат (фото)

Мурат Йилдирим билан эксклюзив суҳбат (фото)
— Мурат бей, Тошкентга хуш келибсиз! Юртимизга таклиф қилишганида нималарни ҳис этдингиз?
— Бениҳоя хурсанд бўлдим! Таклиф учун чуқур миннатдорчилик билдираман!

— Кўҳна ва ҳамиша навқирон Бухоро шаҳрида ҳам бўлдингиз, таассуротларингиз бир олам экани шубҳасиз. Бухородаги қайси жойлар эътиборингизни тортди?
— Ҳақсиз, таассуротим чексиз! Бухоронинг кўплаб ерларида бўлдим, тарихий бинолар, қадамжолар, ажойиб руҳият мени ўзига ром этди. Эртакнамо, гўзал шаҳар экан.

— Ўзбек таомларининг таъми оғзингизда қолганига ҳам ишонаман!
— Буни алоҳида таъкидлашни истардим, Бухоронинг миллий таомларининг мазаси оғзимда қолди.

— Ўзбек ва турклар орасидаги ўхшашликни айнан нималарда пайқадингиз?
— Туркияда яшасам-да, ўзбек халқи билан яхши танишман. Туркияда бир миллионга яқин ўзбеклар бор. Биз худди туғишганлардек бирга яшаймиз. Икки халқ ўртасидаги дўстлик ришталари сира узилмайди. Очиғи, Ўзбекистонга келганимдан жудаям ҳурсандман!

— Ўзбекистондан фильмга суратга тушиш таклифи бўлиши хаёлингизга келганмиди?
— Аслида ўзбек киноижодкорларидан анча аввал таклиф тушганди. Ўзбек фильмида суратга тушиш мен учун алоҳида аҳамиятга эга. Боиси ўзбек томошабини турк фильмларини яхши кўришидан хабардор эдим.

— Таклифга розилик беришингизга қанча вақт кетди?
— Агентим ўзбек киноижодкорларидан таклиф тушаётганини айтди. “Scorpion” кинокартинасида суратга тушасанми?” деб сўради. Таклиф қизиқ туюлди ва “Нима учун йўқ? Албатта!” дея тезда рози бўлдим. Бундай халқаро лойиҳада иштирок этиш ҳар бир актёр учун катта тажриба.

— “Scorpion” фильми сценарийсининг “юк”и қай даражада оғир?
— Аввало сценарий билан танишиб чиққанман. Мукаммал ёзилган, деёламан, боиси сценарий жуда таъсирлантирди. Мазкур фильм умуминсоний қадриятларни ўз ичига олган. Кинокартинада ёшларнинг долзарб масалалар ва воқеа-ҳодисаларга муносабати акс эттирилган.

— Ўзбек киноижодкорларининг иш услубини сизга манзур келган ва ёқмаган жиҳатлари қизиқ...
— Назаримда сценарийдан тортиб, актёрлар танлови, умуман ҳамма иш профессионал даражада ташкиллаштирилган.

— “Scorpion”нинг режиссёри Мухлиса Азизованинг ишидан кўнглингиз тўлдими, тил топишиш қийин кечмадими?
— Актёр учун албатта режиссёр ҳам аҳамиятли. Тўғри, режиссёр жуда ёш. У билан икки дақиқа суҳбатлашганимнинг ўзида қаҳрамоним ҳолатига киргиза олди. Ролни режиссёр истаганидек ўйнаб беришга ҳаракат қилдим. Ҳеч қайси саҳнани икки мартадан ортиқ дубль қилганимиз йўқ. Суратга олиш жараёни бу қадар кўнгилдагидек ўтишини тасаввур қилмагандим. Фильмга режиссёр тўғри танланган. Режиссёрнинг ёндашувлари эътирофга лойиқ. Ўзбекистонга келишим учун ҳамма шарт-шароитлар ҳозирланган. Мана Ўзбекистонга ташриф буюрдим, фильмда иштирок этдим.

— Мурат Йилдиримни Ўзбекистонда қанчалик яхши кўришлари ҳақида тасаввурга эгамидингиз?
— Дўстларим орқали Ўзбекистон ҳақида, одамларининг меҳмондўстлиги, турк фильмлари, сериалларини севиб томоша қилишлари ҳақида маълумотга эга бўлганман. Бу ҳолатни ўз кўзим билан кўриш, танишишни истадим. Аэропортга келишим билан бу илиқликни туйдим. Мени меҳр-муҳаббат билан қарши олишларидан Мурат Йилдиримга бўлган муносабатларини ҳам пайқаш қийин бўлмади. Иштирокимдаги “Осиё” сериали Ўзбекистонда намойиш этилганини билардим. Лекин у шунчалик машҳур бўлганини ва мухлисларим бу қадар кўплигини тасаввур ҳам қилмагандим.

— Турк сериалларини кенг миқёсда оммалашиши сабаби нимада?
— Дунёда деярли барча одамларнинг туйғулари бир хил. У қайси миллат ёки эллат бўлмасин бирдай севади, куяди. Бир хил ҳис-туйуларни бошдан кечиради. Инсоний кечинмаларнинг миллати йўқ. У барчага бирдек тушунарли. Балки ана шу ҳис-туйғуларни яхшироқ ижро қилаётгандирмиз. Чунки фильмлар ва телесериаллар орқали дунёнинг бошқа нуқтасида яшовчи одамларга ана шу кечинмаларни етказиб беришнинг уддасидан чиқа оляпмиз. Нега турк киноижодкорлари бундан фойдаланмаслиги керак? Турк киноижодкорлари айнан ана шу жиҳатга катта куч беради, натижаси эса ўзингизга маълум.

Садоқат Аллаберганова суҳбатлашди

Манба: Darakchi.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Маданият » Мурат Йилдирим билан эксклюзив суҳбат (фото)