09:42 / 20.04.2018
4 895

Бир миллион долларга ҳам сотилмаган гилам (видео)

Бир миллион долларга ҳам сотилмаган гилам (видео)
Заргиламда кумуш ва олтин суви югуртирилган иплар ишлатилган.
Фото: «xabar.uz»

Халқаро экология, инсон ва табиат хавфсизлиги фанлари академияси аъзоси, тадбиркор ҳамда ҳуқуқшунос Анвармирзо Ҳусаинов билан Роғун ГЭСи бўйича янги лойиҳа юзасидан суҳбатлашганимиздан бохабарсиз. Суҳбатдошимиз нафақат етук олим, балки халқ санъатининг асл шайдоси ҳам экан.

Анвармирзо аканинг Тошкентдаги уйида бўлган одам бу файзли хонадоннинг бир хонасида осилиб турган, соҳибқирон Амир Темур сиймоси ва тахт атрофи акс этган ажойиб гиламдан ҳайратланмай иложи йўқ.

Тадбиркор асли бухоролик. Бухоронинг зардўзи санъатининг юксак намуналари акс этган бу гилам алоҳида тарихга эга. Бошдан охир қўл меҳнати билан яратилган бу гиламнинг устида 12 нафар тўқувчи 10 ой узлуксиз меҳнат қилган. Бухорода бошланган ишлар Москвада якунига етказилган. Суҳбат асносида, нега бундай қилингани билан қизиқдик.

— Бунинг ҳам ўзига хос ва қизиқарли тарихи бор, — деди Анвармирзо ака. — Гиламга мен буюртма берганман, қандай кўринишда яратилиши кераклигини ҳам ўзим белгилаганман. Табиийки, барча харажатлар ҳам ўзимнинг зиммамда бўлган.

Гилам деярли 90 фоиз тайёр бўлганида унга ишқибозлар пайдо бўла бошлади ва улар гиламни қўлга киритиш пайига тушишди. Мен бу вазиятдан хабардор бўлишим билан чала битган гиламни олиб Москвага кетдим. Ортимдан икки гиламдўзни жўнатишди ва лойиҳанинг якуний ишлари Москвадаги уйимда амалга оширилди. Шу тариқа бу санъат асари оилам ихтиёрида сақланиб қолди.

— Бу гилам яратилишига нима туртки берган?

— 1996 йилда юртимизда соҳибқироннинг юбилейи ўтказилди. «Темурийлар тарихи» давлат музейи ҳам пойтахтда иш бошлади. Мана шу гиламда кичрайтириб акс эттирилган «Амир Темур жаҳон тахтида» номли сурат музейнинг марказий композицияси ҳисобланади. Мен шу суратни кўриб жуда таъсирланганман ва Бухорога йўл олганман. 1996 — 1998-йилларда ҳунармандлар иқтисодий жиҳатдан анча мураккаб аҳволга тушиб қолишганди. Бу гилам улар учун ҳам катта буюртма бўлди. Шу ўринда айтмоқчи бўлган гапим, ҳар доим тадбиркорлар, бадавлат инсонлар ҳунармандларни қўллаб-қувватлашлари керак!

Энди бу гилам оддий гилам эмас, заргиламдир. Бу зардўзи санъатининг чўққиси ҳисобланади. Заргиламда кумуш ва олтин суви югуртирилган иплар ишлатилган. Шу тариқа баландлиги 2,10, эни 3,45 метр бўлган заргилам 1998 йилда тўқиб тугатилди.

— Энди андак нозик бир савол. Бу гиламнинг қиймати қанча?

— Бу заргиламнинг аниқ баҳоси йўқ. Мен учун у бебаҳо, оилавий мулким ҳисобланади.

— Узр, айтайлик шу заргиламга 200 минг АҚШ доллари таклиф қилинса сотармидингиз?

— Йўқ албатта.

— 500 мингга-чи?

— Йўқ! Бу заргиламни Москвадаги кўргазмада ўзбек ҳунармандчилик санъати рамзи сифатида намойиш қилганимда кўпчилик харидор бўлган. Ҳатто 1 миллион доллар ҳам таклиф қилишган. Аммо сотмаганман!


Манба: Xabar.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Маданият » Бир миллион долларга ҳам сотилмаган гилам (видео)