23:30 / 07.05.2018
5 199

Муҳаммад Порсо Бухорийнинг йўқолган хазинаси Париждан топилди

Муҳаммад Порсо Бухорийнинг йўқолган хазинаси Париждан топилди
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ҳамда Ўзбекистон халқаро ислом академияси вакилларидан иборат делегация Франция илмий тадқиқотлар миллий марказида учрашув ўтказди.

Йиғилишда Франция илмий тадқиқотлар миллий маркази директори Франсуа Жозеф Ружи, Эрон ва Ҳинд бўлими бошлиғи Мария Шуппе, халқаро алоқалар бўлими масъул ходими Диана Брами, олимлар Стефан Дудуанён ва Жюлен Тореслар иштирок этди.

Қайд этиш керакки, 1939 йилда асос солинган Франция илмий тадқиқотлар миллий маркази илм-фан соҳасида дунёнинг энг етакчи муассасаларидан бири ҳисобланади. Марказда фаолият кўрсатган 15 нафар олим жаҳоннинг энг нуфузли мукофоти – Нобель совриндори бўлган.

Франциялик ҳамкорларга Ўзбекистонда ислом илм-фани ва маданияти ривожига беқиёс ҳисса қўшган буюк аллома аждодларимиз меросини ўрганиш, дунё қўлёзма фондларида сақланаётган нодир асарларини жамлаш, каталоглаштириш ва таржима қилиш йўналишидаги ишлар ҳақида батафсил маълумот берилди. Ушбу мақсадда ташкил этилган Ўзбекистондаги янги марказлар билан халқаро даражадаги ҳамкорлик масалалари муҳокама этилди.

Таъкидлаш керакки, шарқшунослик соҳасида, қўлёзмаларни тадқиқ этиш борасида Франция кўп йиллик бой тажрибага эга. Жан Поль Ру, Эдгар Блоше, Тьерри Заркон, Баке Граммон, Максим Родинсон, Люсьен Керен каби шарқшунос олимларнинг илмий тадқиқотлари, китоб ва мақолалари бутун дунёга маълуму машҳур.

Франсуа Жозеф Ружи ўзбекистонлик исломшунос ва шарқшунос олимлар томонидан Мовароуннаҳр уламолари ва мутафаккирларининг илмий меросини ўрганиш бўйича сўнгги йилларда эришилган натижаларнинг аҳамиятини алоҳида қайд этди. “Францияда ўзбек шарқшуносларининг илмий ишлари юксак қадрланади. Биз ҳамкорликда илмий тадқиқотларни амалга ошириш, мутахассислар алмашинувини йўлга қўйишдан манфаатдормиз”, - дейди Франсуа Жозеф Ружи.

Тарихий манбаларда қайд этилишича, Баҳоуддин Нақшбанднинг энг яқин шогирди Муҳаммад Порсо Бухорий нақшбандийлик тариқатининг илмий таълимот сифатида шаклланишига катта ҳисса қўшган. Қадимги Бухоронинг Қуйи деҳқон мавзесида “Дорул фуқаҳо” деб номланган катта кутубхона фаолият юритган бўлиб, бу ерда Қуръон, ҳадис, фиқҳ ва тасаввуфга оид минглаб нодир манбалар сақланган. Кутубхонага ўз даврида Муҳаммад Порсо Бухорий раҳбарлик қилган. Аштархонийлар сулоласи ҳукмронлигининг сўнгги йилларида Порсо кутубхонасидаги бебаҳо китоблар талон-тарож қилинган. Бугунги кунгача ушбу ноёб хазинанинг тақдири номаълумлигича қолмоқда. Мутахассисларнинг қайд этишича, дунё қўлёзма фондларида Порсо кутубхонасининг муҳри босилган 144 та манба аниқланган. Ўзбекистон делегациясининг Францияга ташрифи давомида ушбу китобларнинг 6 таси Франция миллий кутубхонасида сақланаётгани маълум бўлди.

Фото: Ўзбекистон халқаро ислом академияси
Музокараларда ўзбекистонлик тадқиқотчиларнинг имкониятларини кенгайтириш, уларнинг халқаро даражадаги фаолиятини қўллаб-қувватлаш бўйича манфаатли келишувларга эришилди. Жумладан, яқин йилларда Франция илмий тадқиқотлар миллий маркази, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ҳамкорликда Муҳаммад Порсо Бухорий кутубхонасида сақланган ва ҳозирда Тошкент, Бухоро, Санкт-Петербург, Париж қўлёзма фондларида сақланаётган қўлёзмалар каталоги яратилиб, машҳур “Catalogorum” туркумида чоп этилади. Шунингдек, ўзбек тадқиқотчиларининг илмий ишларига Франциялик шарқшунос олимлар, францияликларга эса мамлакатимизнинг таниқли исломшунос олимлари илмий раҳбарлик қилади.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Маданият » Муҳаммад Порсо Бухорийнинг йўқолган хазинаси Париждан топилди