Сардор Раҳимхон шоу-бизнесни тарк этди, аммо... (видео)

  • Маданият
  • 4-06-2018, 16:55
  • 5 570
  • Сардор Раҳимхон шоу-бизнесни тарк этди, аммо... (видео)
    Ҳаёт кутилмаган ҳодисаларга, инсон эса кутилмаган қарорларга бой. 2002-2005 йиллар Ўзбекистондаги турли радиоканалларда бошловчилик қилган, сўнгра қўшиқчилик фаолияти билан шуғулланишни бошлаб, 2006 йил “Ниҳол” мукофоти билан тақдирланган, 2009 йилда эса Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист унвонига эга бўлган Санжар Раҳимов (Сардор Раҳимхон) шоу-бизнесни тарк этди. Унинг Kun.uz’га маълум қилишича, шоу-бизнес соҳасини тарк этгани ҳақидаги хабарлар рост.

    - Шоу бизнесни тарк этганим рост. Янги тўйларга буюртма олмаяпман, бир ойдан буён тўйларга ҳам чиқмаяпман, - деди у.

    Бундан бир неча кун аввал “Ўзбекконцерт” давлат муассасаси томонидан бир неча нафар санъаткорлар қатори Сардор Раҳимхоннинг ҳам лицензияси тугатилгани хабар берилган эди.

    Сардор Раҳимхон муборак Рамазон ойида тарбиявий аҳамиятга эга бўлган, маънавий-маърифий йўналишдаги “Ажр” деб номланган видеоролик тайёрлади. Ушбу видеоролик мазмуни сахийлик ва унинг ортидан келадиган бахт ҳақида. Қуйида унинг тўлиқ матни ва видеоси билан танишишингиз мумкин.

    “Ойларнинг султони Рамазон ҳам кириб келди. Бу ойда ажойиб воқеалар содир бўлиб туради. Бугун ҳам сизларга мана шундай воқеалардан бирини сўзлаб бермоқчиман.

    Мен оддий бир киракаш эдим. Ҳар доимгидек ўз мижозимни айтилган манзилга етказдим. Кўзим кекса бир онахонга тушиб қолди. Югуриб бориб у кишининг аҳволини сўрадим. Берган жавобларидан бутун вужудимни титроқ босди.

    “Менинг ёлғиз бир фарзандим бор эди. Унинг вафотидан сўнг уч нафар набирам қўлимда қолиб кетди. Ёрдам берадиган ҳеч кимимиз йўқ. Набираларим икки кундан буён гўштли овқат еймиз деб, йиғлашгани йиғлашган. Шунинг учун мана бу қоғозларни сотиб, уларнинг пулига егулик олмоқчиман”, деб қўлидаги картон қоғозларга қараб зорланди онахон.

    Машинамнинг баллонлари эски эди, шу сабаб уларни алмаштириш учун озгина пул йиққан эдим. Мана шу пулларни Аллоҳ йўлида онажонга беришга аҳд қилдим. У киши хурсанд бўлиб, ортимдан узоқ дуо қилдилар. Бу воқеадан сўнг қалбим қандайдир таскин топди.

    Уйга қайтишим билан жуфти ҳалолим қарши олиб, ҳол-аҳволимни сўради ва менга “баллонларингизни алмаштирдингизми?”, дея савол берди. Мен нима деб жавоб беришимни билмасдан, “дўконга буюртма қилдим, яқин кунларда олиб келишар экан”, дедим. Ҳар доимгидек икки ракат нафл намозидан сўнг, Аллоҳдан тўғри йўл кўрсатишини сўрадим.

    Кунлардан бир кун ишдан қайтганимда, жуфти ҳалолим мени қарши олиб, “буюртма берган баллонларингиз келибди, бориб уларни алмаштиришингиз мумкин экан”, деб қўлимга манзил ёзилган варақча тутқазди. Бу ҳолатдан ҳайратда қолдим, чунки ҳеч кимга баллон буюртма бермаган эдим.

    Эрталаб манзил бўйича кўрсатилган жойга бордим. Қўлимдаги варақчани шу ердаги ишчилардан бирига бердим. У варақчани олгач, менга ҳайрон бўлиб тикилди ва “акажон, кетиб қолманг, ҳозир хўжайинни чақириб келаман”, деб югуриб кетди. Бироздан сўнг хўжайини мени олдимга келиб, “шу инсон сизмисиз?”, дея мени қаттиқ қучоқлаб олди. Мен эса ҳеч нарсани тушунмас эдим.

    У мендан сўради: “Аллоҳ розилиги учун айтинг, қандай амал бажардингиз? Пайғамбаримиз (с.а.в) уч кундан буён тушимга кириб, сизнинг ҳожатингизни чиқаришни буюрмоқдалар”. Шунда мен унга бўлиб ўтган воқеани сўзлаб бердим. У эса кўзидаги ёшларни тўхтата олмас эди. Мени қаттиқ қучоқлаб айтдики: “Дўстим, мен сизга нафақат баллонларингизни янгилаб бераман, балки бутун боримни беришга розиман”.

    Кимки, Аллоҳ розилиги учун бир инсоннинг ҳожатини чиқарса, Аллоҳ таоло ундан рози бўлиб, у инсоннинг ҳожатини чиқаради. Барчамизга Аллоҳнинг раҳмати, пайғамбаримизнинг шафоати насиб айласин”.

    Kun.uz таҳририяти Санжар Раҳимовга янги фаолиятида омадлар тилаб қолади.

    » » Сардор Раҳимхон шоу-бизнесни тарк этди, аммо... (видео)
    Яндекс.Метрика