Вашингтонда "Шошмақом" янгради

  • Маданият
  • 15-06-2018, 08:02
  • 562
  • Вашингтонда "Шошмақом" янгради
    АҚШнинг Нью-Йорк шаҳридаги Марказий Осиё Жамиятининг “Шошмақом” ансамбли мана неча йиллардирки, америкаликларга Марказий Осиё халқларининг миллий халқ куй-қўшиқларини намойиш этиб келади.

    Яқинда мазкур ансамбл Вашингтоннинг Смитсон музейи Фриэр ва Саклер галлереяларида ўзбек мусиқа санъатининг ўчмас мумтоз дурдонаси Шошмақомдан яна бир бор намуналар ижро этиб берди. Гуруҳ аъзолари - Шумиэл Куэнов доира, Давид Давидов танбур, Рафаэл Бадалбоев аккардион чалиб, ўз санъатини намойиш этган бўлса, Рустам Самарқандий ўзининг жозибали овози, Фируза Ягудаева эса моҳирона рақси билан америкаликларнинг ҳавасини келтирди.

    Тадбирда “Жонон бўламан деб”, “Ажаб-ажаб”, “Самарқанд ушшоғи”, “Баҳорам”, “Соқиномаи Савти Калон”, “То Боди Сабо”, “Ханда-Ханда” каби яна бир қатор миллий халқ куй ва қўшиқлари янгради.

    - Шошмақом таркибидаги Бузрук, Рост, Наво, Дугоҳ, Сегоҳ ва Ироқ мақомларининг ҳар бири йирик шаклдаги туркумли асарлар бўлиб, 20 тадан 45 тагача катта ва кичик ҳажмдаги мақом йўлини ўз ичига олади. Ўтмишда мақомларнинг ижро этилишида танбур ва доира етакчи созлардан ҳисобланган”, - дея йиғилганларга қисқача маълумотлар ҳам бериб ўтди асли Ўзбекистондан бўлган ижодкор Шумиэл Куэнов.

    Ҳа, халқимиз маданий меросининг ажралмас қисми бўлган миллий мақом санъати ўзининг қадимий тарихи, теран фалсафий илдизлари, бетакрор бадиий услуби ва бой ижодий анъаналари билан жаҳон санъати ва маданияти тараққиётига катта ҳисса қўшган. Бинобарин, Катта ашула, Наврўз ва Бойсун маданий мероси қатори Шошмақом ҳам ЮНЕСКОнинг Репрезентатив рўйхатидан жой олган.

    2017 йилда эса Ўзбекистон Президенти ўзбек миллий мақомчилик санъатини ривожлантириш тўғрисидаги қарорни имзолади. Ҳужжатга мувофиқ, Ўзбек миллий мақом санъати маркази ташкил этилиб, ўзбек миллий мақом санъатини янада ривожлантиришга доир чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. 2018 йилдан бошлаб Шаҳрисабз шаҳрида ҳар икки йилда бир марта Халқаро мақом санъати анжумани ўтказилиб, Оқсарой майдонининг тарихий қисмида мақом санъатига бағишланган музей ва миллий созлар лабораторияси ташкил этилиши ҳам белгиланган.

    Шу йўлда мақом санъатини ўрганиб, ривожлантириб, мамлакат ва дунё миқёсидаги турли тадбирларда намойиш этиб, тарғиб қилишга ўз ҳиссасини қўшаётган профессионал ансамбллар, ҳаваскор бадиий жамоалар фаолиятига омад тилаб қоламиз.

    Манба: Халқ сўзи

    » » Вашингтонда "Шошмақом" янгради
    Яндекс.Метрика