16:08 / 15.08.2018
10 228

Шуҳрат Дарёнинг армон бўлган севгиси ҳақида

Шуҳрат Дарёнинг армон бўлган севгиси ҳақида
КУЙЛАЁТГАН ДАРЁ


Кўҳна битикларда айтиладики, инсон танаси яратилганида жон унга жо бўлишни истамаган экан. Шунда ажиб куй янграб, жон жисмга қандай кирганини билмай қолган экан. Ҳисларни мавжлантирадиган куй нохос чалинса, жонда ўша тўлғоқлар лаззатини туямиз. Оламнинг аввали – сўз куйга бирикиб, ҳузурбахш қўшиқ яраладию, одам боласининг жон томирига туташади. Умрида бир марта бўлсин қўшиқ айтмаган топилмаса керак. Ишласак, юрсак, қувонсак, ғамга ботсак димоғимизда ўзимиз суйган, руҳимизга манзури айланаверади. Лекин қўшиқни ҳаёти мазмуни деб билган, куйлаганида тингловчини энтиктирадиган, ўйнатадиган, ўйлатадиган санъат аҳли борки, уларни қайта-қайта тинглашга кўнгил эҳтиёж сезаверади. Шуҳрат Дарё шундай санъаткорлардан.

“Эслатар”, “Сўзласа”, “Йиғламанг”, “Кўйлаклари билан чўмилган қизлар”, “Оққушлар”, “Капалак”, “Майлими?”, “Лолақизғалдоқ”, “Гулижон”, “Қор” каби дилтортар тароналари эса неча йил ўтса ҳам охори тўкилмайдигандек, тафтини йўқотмайдигандек, гўё. Санъат шуниси билан санъат, асли.

– Ижодкор учун тасаввур кенглиги жуда муҳим. Тасаввур қанчадан-қанча буюк асарларга, ўлмас дурдоналарга бошпана бўлганини тарих исботлаган. Болалик палласи эса чексиз хаёлотнинг ҳам ибтидоси, ҳам интиҳоси. Болалигингизнинг энг эдсда қолган лаҳзалари?

– Қашқадарёнинг Китоб туманида туғилганман. Болалик деганда дарё буйида бўлам (амакимнинг ўғли) Зиёдулла билан ўтган кунларим кўз олдимдан ўтаверади. Балиқ тутардик, чўзма отардик, Зиёдулланинг қўй ва қорамолларини боқардик. Худо берган куни дарёда чўмилардик. Онам хавотирланиб, дарёга борма дердилар. Мактабда “аълочи” бўлганман. Дарёга бориш учун ўқишдан келардим-да, шартта-шартта уй ишларини бажариб, кўчага отилардим. “Гуноҳим” уй юмушлари баҳона кечириларди.

– Дарёнинг ўйноқи ва майин тароналари қўшиқларингизга кўчиб ўтгандек…

– “Дарё” тахаллусини ҳам бекорга танламаганман. Ниятим – қўшиқлар дарёсини яратиш. Бунинг учун ирмоқлар, яъни издош шогирдлар ҳам керак, албатта. Ғаминг ошса, дарёга бор, деган гап бекорга эмас. Дарё одамни овутади, кўксидаги жамики олов тафтини пасайтиради, ўйлантиради, юрагига қулоқ солишга, эртасига бамайлихотир назар солишга ўргатади. Унинг қудрати олдида биз заррамиз, холос.

– Шуҳрат Дарёни яқиндан таниганлар уни хушмуомала, ҳаммани тенг кўрадиган, доим хушкайфиятда юрувчи дейишади. Бу характерми ёки ижодий кайфиятни сақлаб туриш учун ёзилмаган қоидами?

– Одам ўзини ўз фикрига кўра тартибга солади. Таъсирчанман. Баъзан ўта раҳмдиллигим тутиб кетади. Лекин бироз таваккалчилигим ҳам бор. Ижодкор меҳнати нақадар масъулиятли эканини биламан, лекин ўзимни атайин шундай тутишга, тилда бошқа, дилда бошқача юришга нафрат билан қарайман. Инсон ўз ҳолича, борини яширмай, қисиниб-қимтиниб, кимларгадир ялтоқланиб эмас, бошини баланд кўтариб, мағрур яшасагина ютади.

– Сиз учун ижоддан ҳам устун нарсалар борми? Нима сизни ижоддан тўхташга мажбур қила олади?

– Бу ҳақида жиддий ўйлашим учун мутолаа менга кўмакчи. Эмил Золянинг “Ижод” асарини ўқигач, мен учун оила ижоддан-да муҳимлигини, Эрих Мария Ремаркнинг “Уч оғайни”сидан сўнг ҳаётим дўстларимсиз мазмунсизлигини тушундим.

– Назаримда, ишқгина санъаткорни оташин куйлашга, чин қўшиқларни яратишга ундайди. “Дилда дардинг бўлмаса, сардафтаримни кавлама”, деб бекорга айтмаган шоҳ Машраб ҳам. Севганмисиз?

– Севганман! Талабалик даврида оташин муҳаббат каминадан сўрамай кўнгилга кириб келаверган. Ўшанда шеър ҳам ёзардим. Ишқ алангасида совчи ҳам жўнатдим. Отаси кескин рад этди. Қайсарлигимни билиб, бошқа институтга ўқишини кўчиртирди. Онам Қашқадарёдан Тошкентга келиб: “Ўғлим, ҳаммаси тахт, қиз рози, фақат келиш қолди, дегандинг-ку!” деб қуруқ қўл билан қайтиб кетдилар. Тақдир экан, бунинг учун бировни айблаш нотўғри. Лекин севги синовларидан олдин ҳам қўшиқ айтардим, айтганда ҳам жўшиб айтардим.

– Эшитишимча, мутахассислигингиз тиббиёт ходими экан. Лекин “бемор”ларингиз тингловчилар. Санъатга меҳр шифокорликдан устун келдими?

– 2004 йил профессионал қўшиқчилар танловида олий ўринни эгаллаганимда шифохонада ишлардим. Ишга борсам, касбдошларим ҳазил аралаш: “Бу ер сени жойинг эмас, сен санъат учун туғилгансан”, – деб хонага киргизишмаган. Турмуш ўртоғим ҳам шифокор эди. Унга: “Иккаламиз ҳам шифокор бўлиб, нима қилдик? Мен санъат билан шуғуллана қолай”, – дедим. Қолаверса, қўшиқ менинг борлиғимга айланди. Cанъатнинг, оҳангнинг оҳанграбосига сеҳрланиб қўшиқлар ортидан эргашиб яшаяпман. Санъатнинг сеҳри руҳимни мафтун этди.

– Санъаткор ҳам, шифокор ҳам устозлар сабоғи билан профессионалликка эришади. Санъат йўлида сизга ким йўл-йўриқ кўрсатган?

– Устозим Мансуржон Мамиров илк бор студияга етаклаган. Қўшиқни икки ой пишитиб кейин ёзардик. Аҳмаджон Дадаев мусикаси билан “Умидим колди” қўшиғини ёзганмиз. Устозим студияда дуо қилиб турганлар. Устоз ҳақида ўйлаганда кўз олдимда шу ҳолат гавдаланаверади. Қўшиқчилик санъатимизда улкан мактаб яратган ижро эгалари бисёр. Уларнинг барчаси – менинг устозим. Мисол учун, “Ўртар”(Муроджон Аҳмедов), “Мустаҳзод” (М.Узоқов), “Раъно” (Б.Зокиров), “Сўлим” (О.Алимахсумов) каби миллий оҳангларга бой гўзал асарларни кўплаб келтириш мумкин. Улардаги ижро мени мафтун этган. Бу қўшиқларнинг ўзини ҳам устоз дейишга лойиқ деб биламан. Шу билан бирга бугунга келиб мени ҳам устоз дегувчилар бор. Бундан хурсандман. Шогирдларим турли танловларда ғолиб бўлишганда бошим осмонга етади.

– Хива хони Муҳаммад Раҳимхон Феруз бир фармон имзолаган экан. Фармони олийда келтирилишича, кимда ким катта ашулаларни ижро вақти бузиб айтса, дарра билан жазоланган ва қўшиқ куйлаш уларга ман этилган. Бугун ашулани бузиб айтиш тугул, жонли куйлашнинг ўзи камнамо бўлиб қолди…

– Албатта, бу ачинарли ҳол… Жонли ижрода концерт бериш “оламшумул воқеа, катта жасорат” деб баҳоланадиган замонда яшаяпмиз. Созандалар ҳақида ҳам хулоса шу. Битта профессионал созанда етишиб чиқиши учун камида ўттиз йил керак. Уларни қўллаб-қувватлаш негадир эътиборимиздан четда қолаётир. Компьютернинг беминнат кўмаги билан қуроқ қўшиқларни улаб-улаб, уч-тўрт даврада оғзини қимирлатиб, ўзидан “юлдуз” ясаб олаётганлар қанча! Бир замонлар устозларимизнинг синчков нигоҳи, беаёв танқиди сабаб ашулаларимизни қайта-қайта муҳокамадан ўтказиб, сўнг айтардик. Эҳтимол, назоратнинг йўқлиги, танқиднинг камаяётгани бемаза қўшиқларнинг кўпайишига тагзаминдир.

Йилига ”Халқлар дўстлиги” (олдинги “Истиқлол”) санъат саройида жонли ижро бўйича иккита фестивал ўтказилса ҳам ҳақиқий истеъдодларни аниқлаш мумкин. Бунга қўшиб созандалар учун ҳам танлов, фестиваллар ташкил этилса, муаммоларимиз сони салга камаярмиди… Охунжон Мадалиев, Муҳриддин Холиқов, Ғиёс Бойтоев каби устозларимиз бир фестивалда халққа танилганди. Ҳозир эса фақат чет элда танилиб келганларни тан оламиз. Ўзим ҳам шундай танловларда йўлимни топганман. 2004 йили муаллиф қўшиқлар фестивалида гран прини олгандим.

– Одамлардан қачон хафа бўласиз, нималар сизни ранжитади… Ҳаётда, санъатда?

– Одамлардан эмас, уларнинг хатти-ҳаракатларидан ранжийман. Бугун кўпимиз театр, жонли концертларга бормай қўйдик. Аксаримиз Россия телеканалларидаги шоуларни тинмай кўрганимиздан рус артистларини кўкка кўтарамизу, ёнимиздаги истеъдодга шубҳаланиб қараймиз. Кўпчиликка номаълум санъаткорлардан Алижон Эшонқуловнинг “Менинг бу дунёда керагим ўзинг” деган қўшиғини такрор-такрор тинглайвераман. Асл истеъдод! Аммо у на радиога, на телевидениега киритилади. Бундай қўшиқлар кўп, бироқ уларни суяйдиган қўллар саноқли.

– Бугун мухлисларингиз қатори кўпчилик санъаткорлар кўнглидан ҳам жой олиб улгургансиз. Амммо Шуҳрат Дарё кимни қўшиқларини тинглаши бизга қизиқ…

– Замондошларимиздан Юлдуз Турдиевани кўп эшитаман. Қўшиқ куйлаганда бутун вужуди билан кўйлайди. Борлиғи қўшиққа айланади.

– Аёл деганда кўз ўнгизда қандай инсон келади?

- Мен аёл деганда маъсума, хушфеъл, ораста ва озода кўзи ҳам сўзи ҳам меҳрга тўла, доимо ўзига ром этувчи латофатини авайлаб, дунёни гўзалликка тўлдириб ташлайман деган ғайратни ҳис эттирадиган Ҳазрати аёлни тушунаман. Пайғамбаримиз аёлларни эъзозлашга уларнинг ҳаққини тўла адо этишга даъват қилганлар. Хаттоки, Ҳазрат Али уйланаётганларида махр учун совутлари ва қалқонини сотиб ярим пулини махрга ярим пулини тўй харажатларига ишлатганлар. Аёл бебаҳо тилсим. Унинг қадри ҳамиша баланд!
Суҳроб Зиё ва Шоҳсанам Нишонова
суҳбатлашди.

Манба: "Ҳордиқ"

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Маданият » Шуҳрат Дарёнинг армон бўлган севгиси ҳақида