09:26 / 26.09.2018
6 067

“Challenge”мания ёхуд #maqomchallenge "вируси"нинг тарқалиши

“Challenge”мания ёхуд #maqomchallenge "вируси"нинг тарқалиши

Мақолада журналист Нигора Умарова миллий санъатимиз орқали оммавий маданиятнинг бир тарафламагина олди олинганлиги хусусида мулоҳаза билдирган.

Одатда бирор касалликнинг олдини олиш учун "эмлаш" чораси қўлланади. Оммавий маданиятнинг халқ орасида кенг тарқалиб кетаётгани ҳақида бонг урамиз-ку, бироқ унинг олдини олиш борасида бирор чора кўрилмоқдами?

Бир фактга қаранг:

“Оммавий маданият” сифатида эътироф этилаётган PSYнинг GANGHNAM STYLE қўшиғи интернетдаги Youtube.com сайтига 2012 йилнинг 15 июлида жойлаштирилгач, 3,2 млрд. одам кўрган. Шу орқали қўшиқчи ўзи истиқомат қилаётган Кореядаги Гангхамнинг номини тарғиб қилган.

Шу йилнинг 3 августида Youtube.com каналига KIKI DO YOU LOVE ME (Кики мени севасанми?) қўшиғи жойлаштирилгач, 68 млн.дан ортиқ одам уни кўрган. Ўзбек эстрадасининг “мега юлдузи” ҳам йўлнинг қоқ ўртасида қўшиқни куйлаб чиқди. Унинг ортидан эргашувчи ёшлар ҳам пайдо бўлди. Шу пайт Халқаро мақом анжумани доирасида “Миллий мусиқа брендимиз” – МАҚОМни дунёга намойиш қилиш ғояси пайдо бўлди.


Илк Ўзбек миллий ва халқона челлендж – #maqomchallenge қай тарзда бошланди?

Ҳамма “бало”ни бошлаган sayyod.com сайтининг муаллифи Сардор Комилов бўлади. “Дунё миқёсида "Кикимания” бошланган пайти, ''Instagram" тармоғидан турли приколлар, йиғилган, урилган, сакраган, ҳатто ҳайвонлар ҳам жалб қилинганидан, нега ҳалиям ўзбек челлендж вируси пайдо қилинмаган”, дея 21 июль куни #УзЧеллендж дея ғоя ёзиб қўйди-ю, бироқ у нима ва қандай бўлишини аниқ ўйлаб кўрмаганди.

Сардор "Instagram"даги саҳифасида #maqomchallenge деб эълон берди. Мақом санъати мураккаб жанр бўлгани учун ундан икки қатор сўзни ажратиб олиш учун яна Гулсанам Мамазоитова ва Озода Нурсаидовага мурожаат қилди. Иккала санъаткор ҳам “ижод сандиғи”дан байт жавоҳирини излашаётганда "Соқеъномаи Савти калон"даги Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг,

“Келтурса юз балони ўшал бевафо манга,
Келсун, агар юзумни эвурсам, бало манга.

Неткаймен, ул рафиқ билаким, қилур басе
Меҳру вафо рақибға жавру жафо манга” байтларини тавсия қилишди.

Ҳали танлов эълон қилинмаган ва мукофотлар аниқланмаган бўлишига қарамай, #maqomchallenge халқ орасида шундай оммалашиб кетдики, оддий ҳайдовчидан тортиб ошпазгача, мактабга чиқмаган болакайдан тортиб, эл-юрт таниган санъаткорларгача, барча касб-кор эгалари, 7 ёшдан 70 ёшгача бу акцияда қатнаша бошлади. Бу ҳақда Ўзбекистон маданият вазирининг ўринбосари Озодбек Назарбековга мурожаат этишганида, у ҳам бу ғояни қўллаб ўз совғаси – АЙФОН тақдим этишини билдирди.

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар Равшан Комилов, Иззат Ибрагимов, Юлдуз Турдиевалар ҳам бу танловда хиргойи билан қатнашишди.

#Мaqomchallenge шу қадар оммалашдики, санъат оламидан Юлдуз Турдиева хорижликларни ҳам жалб қилишда ҳисса қўшиб тарғиб қилган бўлса, шоу-бизнес юлдузи Жаҳонгир Позилжонов ҳам бир неча ижодкорларни жалб қилган видеосини саҳифасига қўйиб тарғиботнинг кучайишига ўз ҳиссасини қўшди.

9 сентябрда эса Халқаро Мақом анжумани доирасида ўтказилган “ШОУ-КЕЙС”да Қашқадарё вилояти Маданият бошқармасининг Элмурод Боймуродов раҳбарлигидаги "Бахтли болалик" гуруҳи Мақом фестивалидаги иштироки ва #maqomchallenge'да "Энг яхши ижро" номинацияси учун тақдирланди. Гуруҳ 150 кишидан иборат.

Биринчи бўлиб "Энг яхши ижро" номинациясида ғолиб саналган "Бахтли болалик" гуруҳи раҳбари Элмурод Боймуродовга ноутбук совға қилинди.

"Энг яхши "cover" учун "Замин" акапелла гуруҳи раҳбари Шавкат Жумаевга ҳам ноутбук топширилди.

"Ёш ижодкор ва санъат оламидагилар" йўналишидан ғолиб бўлган режиссёр-клипмейкер Суннат Намозовга ҳам ноутбук берилди.

“Метрода ликопча билан куйлаган видеоси” энг кўп кўрилган андижонлик Ҳаётилла Мадаминов ҳам АЙФОН-8 билан тақдирланди.

“Замин” болалар студиясининг қўқонлик 14 ёшли аъзоси Азизжон Муҳаммадумаровга АЙФОН-Х топшириш жараёнида Маданият вазирининг биринчи ўринбосари Озодбек Назарбеков ғолиб билан #maqomchallenge доирасидаги Соқеъномаи Савти Калонни жўр овозликда куйлади. Азизжон олган совғасини устозига совға қилди.

#MAQOMCHALLENGE яна давом этадими?

Албатта! Тақдирлаш маросими якунида Озодбек Назарбеков янги #maqomchallenge доирасида яна челлендж эълон қилиб юборди ва бу сафар ҳам АЙФОН тикилди.

Ўтказиш тартиби: Иштирокчилар 9 сентябрдан 9 декабргача "Соқеъномаи баёт"дан бир ёки икки байт куйлаб "Instagram" саҳифасига #maqomchallenge ҳештегини ёзиб жойлашлари керак. Саҳифа ОЧИҚ бўлиши шарт. Ҳайъат аъзолари ҳештегни босиб барча шу ҳештег остида қўйилган видеоларни томоша қилиб баҳолашади.

#maqomchallenge "нима учун?" ва "қандай натижа?" деган саволларга очиғи, умуман ҳожат қолдирмади. Мақом бу мукаммал ва мураккаб санъат тури ва тўкис санъат бўлгани сабабли бу жанрда саёз сўзларга ўрин йўқ. Ҳар бир сўзию ҳар бир нафасигача – дарслик.

Тарбия ва мусиқий салоҳиятга таъсири катта. Бугунги даврда сўзнинг моҳиятини англаб етмай хориж қўшиқларига тобе бўлаётган ёшларни мақом тугул, миллий қўшиқларга эргаштириш қийин бўлган бир пайтда хорижнинг вирус челленджи андозасидан фойдаланган ҳолда, #maqomchallenge мақомимизни оммалаштиришди.

Мана шу асосий ечим бўлса керак. "Қилма!", "Қайтарма!" ва "Эшитма!" деган тақиқ билан ҳамиша ҳам натижага эриша олмаймиз, зўрлаб тарғиб қилиш ҳам кутилган натижани бермайди. Қизиқарли тарзда тақдим этиш билан керакли натижага эришиш мумкин. Илк ўзбекона челлендж сифатида тарихга кирган #maqomchallenge қандай натижаларга эришганини изоҳларда битилаётган сўзлардан ҳам билсангиз бўлади.

Одамлар ўзлари билмаган ҳолда юриш туришда мақомдан сатрлар қайтараётгани ва болаларига ҳам "юқиб" қолаётгани қувончли ҳол. Чунки хорижлик санъаткорлар ижодидаги бизга қоронғу маъною шубҳали сўзларни қайтаргандан кўра, миллий бойлигимиздан парча қайтариб юрсак, ишонинг, бу фақат фойда!

Тўкис санъат асари – мақомда инсоннинг руҳини тарбияловчи хусусият бор.
Нигора УМАРОВА

Манба: turon24.uz

Dasturlash foundation


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Маданият » “Challenge”мания ёхуд #maqomchallenge "вируси"нинг тарқалиши