23:23 / 19.03.2019
7 530

Исроил – ўзи хон, кўланкаси майдон(ми?)

Исроил – ўзи хон, кўланкаси майдон(ми?)
Кеча БМТнинг Инсон ҳуқуқлари кенгашида яна бир бор Исроилнинг ҳуқуқбузарликлари ва зўравонликлари кўриб чиқилди. Очиғини айтганда, бунақаси кўп бўлган: Исроилга БМТнинг танқидлари ҳам, резолюциялари ҳам таъсир қилгани йўқ. У ҳар доимгидек ўз билганидан қолмаслиги эҳтимоли катта. Зеро, Исроил БМТнинг ёки халқаро ҳамжамиятнинг чақириқларига қулоқ соладиган давлат бўлганида, босиб олган Фаластин ерларини аллақачон бўшатиб қўяр эди.

Фаластинликларнинг “Буюк қайтиш марши” билан боғлиқ ҳодисаларни текширган Халқаро мустақил комиссия душанба куни Инсон ҳуқуқлари кенгашига ўз ҳисоботини тақдим қилди. Унда ўтган йилги намойишлар чоғида Исроил фаластинликларга нисбатан ноқонуний куч қўллагани айтилган.

Комиссия ҳисоботи 2018 йилнинг 30 мартидан декабригача бўлган даврни қамраб олган. Бу даврда 189 киши ҳалок бўлган ва улардан 183 нафари ўқотар қурол қўллаш оқибатида ўлган. Ҳалок бўлганлар орасида 35 нафар бола, уч тиббиёт ходими ва икки журналист бор. Тиббиёт ходимлари ва журналистлар устида ажратиб турувчи белгиси бўлишига қарамай ўлдирилган. Бундан ташқари, 6016 фаластинлик яраланган. Тартибсизликлар чоғида исроиллик тўрт аскар жароҳат олган ва бир нафари ўлган.

“Биз Исроилни хавфсизлик кучларининг бундай вазиятлардаги ҳаракатлари тўғрисидаги протоколни қайта кўриб чиқишга ва уни халқаро стандартларга мослашга қатъий суратда чақирамиз”, – дейилади ҳисоботда.

Икки ҳафтадан сўнг “Қайтиш марши” намойишлари бошланганига бир йил тўлади.

“Шу муносабат билан янги оммавий акциялар бошланиши кутилмоқда. Ўтган йилнинг 30 марти, 14 майи ва 12 октябрида бўлгани каби ҳаддан ташқари куч қўллаш такрорланмаслиги керак”, – деди комиссия раиси, аргентиналик Сантьяго Кантон.

Ундан ташқари экспертлар гуруҳига бангладешлик Сора Ҳусайн ва кениялик Бетти Мурунги ҳам кирган. Мазкур комиссияни ўтган йилнинг майида БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши аъзолари тузган. Комиссия раиси Сантьяго Кантон кечаги маърузасида намойишчиларга қарата ўқ отиш ҳақидаги буйруқ халқаро ҳуқуққа зид бўлганини таъкидлади.

Комиссия аъзоларининг фикрича, Исроил хавфсизлик кучлари амал қиладиган протокол ҳуқуқбузарликлар сабабларидан биридир. Ушбу қоидаларга мувофиқ исроиллик ҳарбийлар оломон ичидаги “асосий сабабчилар”ни топиши ва улар покришка ёқадиган бўлса ёки (Ғазони Исроилдан ажратиб турадиган) тўсиқни бузишга уринса, оёқни нишонга олган ҳолда жанговар ўқ узиши мумкин.

“Биз буни инсон ҳуқуқлари бўйича юксак халқаро стандартларга мос эмас деб ҳисоблаймиз, – деди Кантон. – Бу қоидаларга риоя этилиши оқибатида 4903 киши оёқларидан яраланган, ўқ узилган пайтда улар юз метр нарида бўлган”.

Бетти Мурунгининг айтишича, тартибсизликларда қатнашмаган ва Исроил хавфсизлик кучлари ёки фуқаролари учун ҳеч қандай хавф туғдирмаган кишиларга ўқ узилгани ҳақида гапириш учун асос бор. У комиссия номидан ўтган йили Ғазо чегарасидаги намойишлар чоғида 11 фаластинликнинг ўлдирилиши юзасидан жиноий иш қўзғатилганини олқишлади.

“Биз Исроил ҳавфсизлик кучлари томонидан ўқотар қурол ишлатилган барча ҳолатларни текширишга чақирамиз”, – деди у.

“Исроиллик снайперлар ўта тезкор ўқлардан ва такомиллаштирилган снайпер милтиқларидан фойдалангани аниқанди, – деди Сора Ҳусайн. – Улар нишонни катталаштирилган ҳажмда кўрган, ҳаракатларининг оқибатини билган, шунга қарамай тепкига босган: бир марта эса 6000 мингдан кўпроқ марта. Улар қуролсиз намойишчиларни, болаларни ва ногиронларни, тиббиёт ходимлари ва журналистларни отиб ташлади”.

У намойишчилар тош отганини, тўсиқдан ўтишга уринганини, ёнувчан варрак ва пуфаклар учирганини эътироф этди. Бироқ комиссия аъзолари буларнинг бари ўқотар қуролдан фойдаланиш учун асос эмас ва хавфсизлик кучларининг жавоби “нопропорционал” бўлган деган фикрда.

Манба: Azon.uz

Dasturlash foundation


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Исроил – ўзи хон, кўланкаси майдон(ми?)