12:52 / 23.09.2016
7 231

Норвегия нима учун дунёдаги энг катта захира фонди пулларини сарфламаяпти?

Норвегия нима учун дунёдаги энг катта захира фонди пулларини сарфламаяпти?

20 йил аввал Норвегия нефть қазиб чиқаришдан тушган даромадларини махсус захира фондига йиға бошлади. Бу пул 2016 йилнинг сентябрига келиб, 882 миллиард долларга етди ва мамлакат ЯИМни икки баробар ошиб кетди. Энди сиёсатчилар олдида бошқа савол турибди: "Кутилмаганда кўпайиб кетган катта миқдордаги пулларни аҳолини "ҳаддидан оширмай" ва ахлоқ меъёрларидан четга чиқмай қандай сарфлаш мумкин?" The Economist журнали бу борада мақола чоп этди, деб хабар бермоқда "Кун" нашри.

Норвегия нефть фонди 1990 йилда келаси авлодга барқарор захира сифатида яратилган. Ўшанда мамлакат ҳукумати Норвегия даромадларининг чорак қисмини ташкил этувчи нефть қазиб чиқаришдан тушган даромадни хорижий компаниялар, ривожланаётган бизнес ва облигацияларга инвестиция қила бошлади. Бугунги кунга келиб, бутун дунё бўйлаб 9 мингдан ортиқ компанияларда унинг улуши бор, бу Европа биржасида рўйхатдан ўтказилган барча акцияларнинг 2 фоизидан ва жаҳон иқтисодиётининг 1 фоизидан кўпроғи демакдир. Фонднинг энг кўп улушини Nestle, Alphabet, Microsoft ва Apple акциялари, шунингдек АҚШ, Германия ва Япониянинг давлат облигациялари ташкил қилади.

2016 йилнинг сентябрига келиб, инвестициялардан тушган даромад 7,3 триллион Норвегия кронини (882 миллиард доллар) ташкил қилди ва мамлакат ялпи ички маҳсулотидан икки баробар ошиб кетди. Бу эса Норвегия захира фондини дунёдаги энг катта фондга айлантирди.

Юқори даромадларга қарамай, барқарор фонд пуллари 2016 йилнинг бошига қадар сарфланмади. Нефтнинг нархи кескин тушиб кетганидан кейин мамлакатда рецессиянинг олдини олиш учун фонднинг маълум бир қисми ишлатилди.

Норвегия захира фондининг ўзига хослиги шундаки, мамлакат ҳукумати уни тежамкорлик ва ошкоралик тамойилларига асосланиб бошқармоқда. Истаган фуқаро инвестиция оқимини онлайн режимида кузатиш имконига эга. Пул воситаларининг улкан захирасига қарамай, бюджет қоидалари ҳукуматга белгиланган йиллик даромаднинг 4 фоизидан кўпроғини сарфлашга имкон бермайди. Асосий капитал эса дахлсизлигича қолмоқда.

Илгари фонд фаолиятини назорат қилиш билан шуғулланган Норвегия Молия вазирлиги ходими Мартин Сканкенинг айтишича, харажатларни назорат қилишга бўлган ишонч аҳоли ўртасидаги ижтимоий тенгликка асосланган. Пул воситаларининг тежалиши мамлакатнинг қишлоқ жойларида икки авлод илгари ҳукмрон бўлган қашшоқликни яхши эслашлари билан боғлиқ.

Манбада маълум қилинишича, норвегияликларнинг менталитети сўнгги пайтларда ўзгармоқда ва мамлакат фуқаролари бойликларини кўз-кўз қилишдан қўрқишмаяпти. Ёши 50дан кичик бўлган кишилар мамлакатнинг қачонлардир ночор вазиятда қолганини билишмайди ҳам.

Шу боис баъзи фуқаролар захира фондида йиғилган пулларни сарфлаш кераклигига доир фикр билдира бошлашди. Ўзгаришлар ташаббускорлари - аксилмигрант "Тараққиёт партияси". Уларнинг фонд воситаларини сарфлашга чақириши сўнгги йилларда Норвегияга жуда кўп суриялик қочқинларнинг келиши билан асосланмоқда, аҳолининг кўпайиши эса иқтисодиётга таъсир қилмасдан қолмайди.

Бироқ мазкур партия вакиллари парламентда камчиликни ташкил қилгани учун уларнинг фикрлари мамлакатдаги молиявий механизмларга таъсир ўтказа олмайди.

Сиёсатчилар ва маҳаллий жамоат арбоблари демократик мамлакат учун молиявий масалаларнинг ахлоқий томони даромад масаласидан юқори туриши керак, деб ҳисоблашади.

Фонд ахлоқ тамойилларидан келиб чиқиб, ўз пулларини "шубҳали" маҳсулотларга инвестиция қилмайди: масалан, тамаки фабрикалари ва қурол-яроғ заводлари, экологияга зиён етказадиган ёки болалар меҳнатидан фойдаланувчи бизнес.

Dasturlash foundation


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Иқтисодиёт » Норвегия нима учун дунёдаги энг катта захира фонди пулларини сарфламаяпти?