ТИВ ҳудудларда консуллик бўлимларини очади » Ўзбекистон янгиликлари – Zamin.uz

ТИВ ҳудудларда консуллик бўлимларини очади

Иқтисодиёт 22-12-2016, 23:16 521
ТИВ ҳудудларда консуллик бўлимларини очади

Президент Шавкат Мирзиёев 21 декабрь куни «Самарқанд, Бухоро, Урганч ва Нукус шаҳарларида Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг консуллик бўлимларини очиш ва Термиз шаҳридаги консуллик бўлими фаолиятини янада такомиллаштириш тўғрисида"ги қарорни имзолади. Бу ҳақда «Газета.уз» хабар қилди.

Қарор хорижга чиқувчи Ўзбекистон фуқаролари ҳамда мамлакатга келувчи чет элликларга зарур консуллик-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш, шунингдек, Ўзбекистоннинг иқтисодий, инвестицион ва сайёҳлик салоҳиятини ривожлантириш учун қулай шароитларни яратиш мақсадида қабул қилинди. У республика ҳудудларида ижтимоий-иқтисодий, инвестицион ва гуманитар устувор лойиҳаларни амалга оширишга ҳам хизмат қилиши лозим.

Қарорда консуллик бўлимларининг асосий вазифалари белгилаб берилган:
  • консуллик-ҳуқуқий ёрдам масаласи бўйича кўрсатилаётган замонавий хизматлар турларини кенгайтириш, жойларда чет эл фуқаролари томонидан тақдим этилган ҳужжатларни кўриб чиқиш ва расмийлаштиришда, жумладан, Ўзбекистон ҳудудларига иш ва сайёҳлик мақсадларида ташриф буюрувчи хорижий давлатлар фуқароларига визалар беришда тезкорликни ошириш;
  • Ўзбекистонда аккредитациядан ўтган, мамлакат ҳудудларидаги устувор ижтимоий-иқтисодий, инвестицион ва гуманитар лойиҳаларни амалга оширишда иштирок этаётган чет эл компаниялари ва халқаро ташкилотлар вакилларига консуллик-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш, жумладан, визалар муддатини узайтириш, ҳужжатларни легаллаштириш ва апостиллаштириш, шунингдек, Ташқи ишлар вазирлиги ваколатига кирувчи бошқа вазифаларга оид масалалар бўйича хизматларни кўрсатиш;
  • манфаатдор вазирлик ва маҳкамалар билан биргаликда хорижий мамлакатларга чиқувчи Ўзбекистон фуқароларини одам савдосига қарши кураш бўйича комплекс чоралар доирасида тушунтириш ишларини олиб бориш;
  • хорижий мамлакатларда паспортини йўқотган мамлакат фуқароларининг Ўзбекистонга тезкор қайтиши масаласини ҳал этишда ҳисобларни юритиш ва кўмаклашиш;
  • Ўзбекистон сайёҳлик салоҳиятини ривожлантириш бўйича чет эллик сайёҳларни мамлакат ҳудудларига жалб қилиш учун йўналтирилган чораларни амалга оширишда сайёҳлик компанияларига кўмаклашиш.

Хорижий давлатлар фуқароларига тезкор консуллик-ҳуқуқий ёрдамини кўрсатиш мақсадида консуллик бўлимлари Самарқанд, Бухоро, Урганч, Нукус ва Термиз халқаро аэропортлари биносига жойлаштирилади.


Zamin.uz нинг Facebook’даги расмий саҳифасига обуна бўлиб, янгиликлардан хабардор бўлинг.