21:29 / 14.03.2017
9 017

Бизга доллар нима учун керак?

Бизга доллар нима учун керак?

Сўнгги кунларда ижтимоий тармоқда, кўча-кўйда кўпчиликни хавотирга солаётган нарса АҚШ долларининг курси бўлиб қолди. Расмий курс ҳафтасига 50 сўм ўсаётган бўлса, қора бозордаги вазиятни умуман тушуниб бўлмаяпти. Бугунга келиб ўша машҳур сайтга ишонадиган бўлсак, 1 АҚШ долларининг сотиш курси 7750 сўмга чиқди. Бу курс нимага асосланган, нима учун курс ошди, бироз тушунишга ҳаракат қилиб кўрамиз.

Бизга доллар нима учун керак?

Бугунги кунда мамлакатимиз аҳолиси 33 миллионга етай деб қолди. 33 миллионлик аҳолининг эҳтиёжини миллий маҳсулот билан тўлиқ қоплаш имконсиз. Демак, хоҳлаймизми ёки йўқми, четдан товар ёки хизматларни импорт қилишга мажбурмиз. Қўлимиздаги телефон, устимиздаги кийимимиз, ҳатто ичиб турган кўк чойимизу кофемиз, соғлиғимиз учун керакли дори-дармон, ҳамма-ҳаммаси ички бозорга импорт қилинади. Биз товарларни импорти учун долларга ёки халқаро бошқа бирор бир валютага муҳтожмиз.

Долларни қаердан оламиз?

Доллар ёки бошқа валютани маълум бир товар ёки хизматни халқаро бозорга сотиб, яъни экспорт орқали оламиз. Биз турли хил хизматларни, товарларни экспорт қилиб, мамлакат бозорига импорт учун муҳим бўлган долларни олиб келамиз, яьни товар эвазига сотиб оламиз. Ҳаммаси жуда осон, қанча кўп экспорт қилиб, четдан доллар олиб кирсак, импорт қилинаётган товарга нисбатан доллар ҳажми кўпайса, долларнинг курси тушиб, миллий валютанинг қадри ошади. Аксинча, қанча кам экспорт қилсак, ички бозорда доллар камайса-ю, мамлакатда импорт ҳажми экспортга нисбатан кўп бўлса, миллий валюта қадрсизланиб долларнинг курси кўтарилади. Юқоридаги саволга жавоб берсам, бозордаги реал валютани аввало ишчи кучини бошқа мамлакатларга (асосан Россия, Қозоғистон, Жанубий Корея) экспортидан, шунингдек, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, тўқимачилик маҳсулотлари экспорти ва туризм яъни хизмат кўрсатиш орқали оламиз.

Ҳозирги кунда долларнинг курси нимага ошиб кетяпти?

Давлат курсининг ошиб бориши бу ҳукуматнинг валюта олди-сотдисини либераллаштириш учун ҳаракатлари натижаси бўлиши мумкин. 25 йил давомида бизда валюта курсини ушлаб туришга ҳаракат қилинди, валютанинг курси реал бозор шароитларидан, яъни талаб ва таклифдан эмас, аксинча ёпиқ тизимлар асосида шаклланди ва қора бозорнинг ривожланиб кетишига ҳам ушбу ёпиқлик сабаб бўлди. Янги ҳукумат ўз дастурида босқичма-босқич валюта айирбошлашни либераллаштиришни белгилаб олди, унда валютанинг курси бозор меҳанизмларидан келиб чиқиб белгиланиши ҳақида айтиб ўтилган. Бу ўз навбатида давлат курси талаб ва таклифдан келиб чиқиши ва яқин келажакда реал курсга яқин олиб келиниши учун ошиб бориши табиий. Албатта, глобализм даврида мамлакат иқтисодиётини ривожлантириш учун валюта айирбошлашни эркинлаштириш жуда муҳим.

Қора бозор ҳақида бўлса, қуйидагича фикр юритишимиз мумкин. Асосий сабаб бу талабга нисбатан таклифнинг камайиб кетиши, яъни бозорга етарлича валюта сотувга чиқмаяпти. Умра зиёратига кетаётган, мавсум олдидан Россия, Қозоғистонга йўл олаётган ҳамюртларимизга, шунингдек товарлар импорти учун валютага эҳтиёж бор, лекин бозорда етарли валюта чиқмаяпти ва бу долларнинг курсининг ошишига сабаб бўляпти.

Иккинчи томондан, пенсияларнинг тўлиқ, ойлик-маошларнинг қисман сўмда берилиши, Марказий банк томонидан ўн минг сўмлик купюранинг муомалага киритилиши бозорда долларга нисбатан нақд сўмнинг кўпайишига сабаб бўлмоқда ва бу сўмнинг инфляциясига олиб келмоқда.

Яна бошқа бир сабаб қилиб, қора бозорнинг орқасида турган қора кучларни расмий курс эркинлашишини хоҳламаслиги ва шунинг учун қасддан курсни ошираётганлигини тахмин қилиш мумкин. Бу шунчаки тахмин ва бу ҳақида ҳеч қанақа маълумот айта олмайман, албатта.

Хўш, доллар курсининг ошганини нимаси ёмон?

Бу сўмда барча импорт ва импорт билан боғлиқ товарларнинг нархининг ошишига, шу билан аҳолининг харид қобилиятининг тушиб кетишига сабаб бўлади. Шу учун ҳам бозорларда, савдо марказларида борча импорт товарларининг нархи курсга қараб ошиб боради. Бу нарса ҳатто миллий маҳсулотларимизнинг ҳам ошишига сабаб бўлади. Чунки, менинг билишимча, кўплаб миллий маҳсулотларни ишлаб чиқариш учун керакли хом ашёнинг бир қисми, ёки эҳтиёж қисмлари импорт қилинади ва уларнинг курс эвазига сўмдаги эквиваленти ошиши, товар нархининг ҳам ошишига олиб келади.
Хўш, вазият қачон ўзгаради, қачон долларнинг ошиши тўхтайди ёки доллар тушади?

Ҳозир қиш тугаб, баҳор бошланган вақт. Биздан ташқи бозорга экспорт деярли тўхтаб қолган. Қишлоқ хўжалик маҳсулотлари ишлаб чиқариш жуда камайган, шунингдек биз экспорт қиладиган ишчи кучи қишки мавсумда уйига қайтиб келган ва четдан доллар тушими деярли тўхтаб қолган. Тўқимачилик маҳсулотлари, иссиқхонада етказилган сабзавотлар экспортидан тушаётган сумма умумий эҳтиёж учун етарли эмас, албатта.

Баҳор ойларида бир неча миллионлик ишчи кучимиз Россия, Қозоғистонга йўл олишади. У ерда ҳам бизникилар асосан ишлайдиган соҳа қурилиш ҳаво исиши билан жонланади. Апрель ойининг ўрталарида ушбу фуқароларимиз ишлаб топган дастлабки пулларини, ватанга, оилаларига жўнатишади. Ушбу пул оиланинг эҳтиёжи учун қора бозорда сўмга алиштирилиб, савдога киради.

Шунингдек март ойининг охирида янги баҳорги туристик мавсум бошланади, мамлакатимизга ташриф буюрадиган бир неча юз минг турист ўзи билан хоҳ доллар, хоҳ евро, муҳими валюта олиб киради, ушбу валюта ҳам эҳтиёжнинг бир қисмини қондиради.

Учинчи томондан, апрель ойининг охирларида мева-сабзавот мавсуми бошланади, дастлаб қулупнай, гилос, унинг ортидан помидор, бодринг, ўрик ва бошқа маҳсулотларнинг қўшни мамлакатларга экспорт қилиниши ҳам бир неча юз миллионлаб доллар даромад олиб келади.

Фақатгина шунда долларнинг курси бироз тушиши ёки ҳеч бўлмаганда ошишдан тўхташи мумкин.

Долларнинг ўрнига юан келармиш, шу гап ростми? (Кўчадаги миш-мишлардан).

Муаммо доллар, рубл ёки юанда эмас. Муаммо биздаги эскпорт ва импорт нисбатида. Биз ташқарига қанча кўп экспорт қилсак, шунча кўп валюта сотиб оламиз, ўша валютага импорт қиламиз. Долларнинг ўрнига юан бўладими, рупий бўладими, қозоқ тангаси бўладими, ниманидир сотиб ўша валютани сотиб олишимиз керак бўлади ва ўз навбатида ўша валютага ички бозорнинг эҳтиёжи учун импорт қилиш имконимиз бўлади.

Демак, нима қилиш керак?

Имкон борича камроқ импорт қилиб, ички бозорнинг талабларини миллий маҳсулот эвазига таъминлаш керак. Бу учун албатта маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни, тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш, уларга барча имкониятларни яратиб бериш керак. Агар эслаб билсангиз, Шавкат Мирзиёевнинг Президент сифатига илк қарорларидан бири тадбиркорларнинг турли хил режасиз текширувлардан озод қилиш бўлганди.

Шу билан бирга, вазиятни ўнглаш, валютага бўлган талабни қондириш учун имкон борича экспорт ҳажмини кўпайтириш керак.

Ўйлайманки, ҳукумат ва Президент Шавкат Мирзиёев буни жуда яхши тушуниб туришибди ва сентябрь ойидан бошлаб экспортни қўллаб-қувватлаш учун бир нечта муҳим қарор ва фармонлар қабул қилинди. Президент ўзининг ҳар бир вилоятдаги ташрифи вақтида энг катта эътиборни вилоятларнинг экспорт қобилиятига қаратяпти. Кейинги, муҳим нарса, кеча Бухорода ҳам, бир неча ҳафта олдин Хоразмда ҳам Президент Шавкат Мирзиёев туризмни ривожлантиришга алоҳида эътибор бериб, аниқ вазифаларни юклаб берди. Мамлакатга келадиган туристлар сонининг ошиши юқорида айтиб ўтганимдек валюта тушумининг кўпайишига, бу орқали бозордаги вазиятнинг яхшиланишига, халқнинг фаровонлигининг ошишига олиб келади.

Нима бўлганда ҳам умид қиламиз, вазият яхшиланишига, ҳукумат ва халқнинг ҳаракати ўз меваларини бериб бошлашига ишониб қоламиз.

Манба: www.hilol.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Иқтисодиёт » Бизга доллар нима учун керак?