22:28 / 14.01.2019
7 065

Отанинг узатилаётган қизига мактуби...

Отанинг узатилаётган қизига мактуби...
Келин-куёв ўтирган машинада совуқ жимжитлик ҳукмрон. Тўй тугаб, ўз уйларига кетаётган келин-куёв бир-бирига гапирмай, тунд алфозда ўтирардилар. Машинага ўтиргунларича иккиси ҳам тўйда мажбуран кулимсираб ўтиришганди. Энди бу мажбуриятнинг ҳам қуввати тугаганди. Ваҳоланки, бу кунни қанчалик интиқ кутгандилар. Икки йил бўлганди танишганларига. Бир-бирларини жуда қаттиқ севардилар. Тўй куни инсоннинг энг бахтли куни, деб ўйлаганди Моҳилиқо. Шунинг учун ҳам бу кунни бурнидан чиқарган қайнонасини бир қошиқ сувга чўктиргиси келаётганди. Қайнонаси ҳеч кимга қулоқ солмай, ўзи истаган арзон тўйхонага буюртма берибди. Тўйхона меҳмонларга торлик қилиб, кўпчилик тик оёқда қолди.

Моҳилиқо билан онаси “Эл-юрт олдида хижолатга қолдик” дея ғазабдан ўзини қўярга жой топмади. Абдуллоҳ учун тўйда Моҳилиқонинг қовоқ-тумшуқ қилиб ўтирганини айтмаганда ортиқча муаммо йўқ эди. Ота-онаси жой етмай қолган меҳмонларга стол-стул ҳозирлаб, камчиликни тўлдириш учун ҳаракат қилишди.

Тўйдан сўнг Моҳилиқо ота-онаси билан хайрлашди. Онаси куёв томондан хафа эди.
– “Севаман, шундан бошқасини демайман” деб туриб олдинг-да. Йўқса шундай пастларга қиз берармидим? – деди қизини бағрига босиб.

Отаси ҳеч кимга кўрсатмай, оҳистагина бир хатжилд тутқазди қизининг қўлига:
Бу хатни уйингга борганингда ўқийсан, – дея шивирлади.

Гул юзли рафиқам, кел, шу ондан эътиборан ҳамма дилхираликларни ташқарида қолдирайлик-да, уйимизга бир-бирини чин дилдан севган ошиқ-маъшуқлар бўлиб кирайлик. Ҳеч нарса биздан, бахтиёрлигимиздан муҳим эмас!

Сизга гапириш осон, – деди. – Ҳаётимдаги энг бахтли кунимни бурнимдан чиқардинглар. Албатта онангизнинг қилганини эшитишни истамайсиз. Бундан кейин онангизни асло кўришни истамайман.

Ўша тўй сен билан бир пайтда менинг ҳам тўйим эди, – деди Абдуллоҳ. – Сен хафа бўлганинг учун менга ҳам тўйим татимади. Нима қилай, бўлар иш бўлди. Буларнинг бари ортда қолсин дея сенга гул узатяпман...

Эшикни очинг, мен жуда чарчаганман. Мадорим йўқ! – деди Моҳилиқо.
Хўп, мен ҳам толиққанман. Бу кеча тўйни муҳокама қилишга ҳолим йўқ. Эртага гаплашамиз. –Абдуллоҳ эшикни очди.

Уйларига етгунларича ҳеч гаплашмадилар. Эшикка келганларида Абдуллоҳ калитни олиб қулфга солди, аммо эшикни очмай Моҳилиқога қаради:
Моҳилиқо “Хўп” дея олмади. Тўй давомида ичида ҳижалаган, гапиролмаганлари бор эди. Уларни Абдуллоҳга гапирмай хотиржам бўлолмасди.

Уйга кириб, бир оғиз гапирмай индамай ётоққа кирдилар. Бир-бирларига қарашни ҳам истамасдилар. Моҳилиқо никоҳ кечаси кийиш учун мўлжаллагани ипак тун кўйлагини эмас, айиқча тасвирли пижамасини кийиб, ётоқнинг бир бурчагига ўтирди. Абдуллоҳ ҳам хонанинг бир бурчагидан бурканиб ётди. Қаттиқ чарчаганига қарамай, икковининг ҳам кўзига уйқу келмас, ётоқда бир-бирига орқа ўгириб ётардилар.

Моҳилиқо дадаси берган хатжилдни эслади. Ётоқдан туриб, сумкасини олиб айвонга чиқди. Хатжилд ичидан бир мактуб чиқди. Дадаси унга мактуб ёзган экан, қизиқиш билан ўқишга тутинди:

“Севимли қизим Моҳилиқойим! Бугун уйдан учирма бўлиб, ўз инингни қуриш учун қадам қўйдинг. Инша Аллоҳ, албатта бахтли бўласан. Бахтиёрлигингга васила бўлсин дея, отанг сифатида сенга насиҳатларим бор. Буларни сенга айтишни истагандим, аммо “Сўз учади, ёзув қолади” деганлар. Бир умр ҳамроҳинг бўлсин дея ёзишга қарор қилдим.

Балки “Дадажон, сиз бахтли оила қурдингизмики, менга насиҳат қиласиз?” дерсан. Ҳа қизим, бахтиёр оила қуролмадим, шунинг учун ҳам сенга насиҳат қиляпман, зотан. Онанг билан севишиб турмуш қургандик. Лекин муҳаббатимиз узоқ давом этмади. Мен ҳам, онанг ҳам хато қилдик. Бу ишқнинг нега йўқолганини, нега муҳаббатсиз турмушга ўзимизни маҳкум қилганимизни мен бошқача изоҳлайман, онанг ўз қарашларига кўра очиқлайди. “Қизлар оналаридан ўрнак олади” дейдилар. Мени онангдан совутган хатоларни сенга ёзаманки, сен ҳам буларни такрорлама. Чунки сен аёл сифатида эркакларнинг нимадан ранжишини билмайсан. Сўзларимни қулоғингга қуйиб ол, жон қизим.

Болажоним, эркакни уч нарса ранжитади.

Биринчиси: рафиқаси уни ҳурмат қилмаслиги, эркак ўрнига қўйилмаслиги эрни қаттиқ хафа қилади ва аёлига бўлган муҳаббатини битиради. Аксар аёллар эрини оила бошлиғи сифатида эмас, тарбияга муҳтож бола сифатида кўради. Танқид қилади. Аёл эркакни эркак бўлишига изн бермаса, эр-хотин орасида муҳаббат бўлиши мумкин эмас. Жон қизим, эрингни ҳурмат қилгинки, у сенга муҳаббатли бўлсин!

Иккинчси: Аёл эрининг яқинларини ҳурмат қилмаса, яхши кўрмаса эркак аёлидан хафа бўлади. Қизалоғим, эрингнинг оиласига эҳтиромда бўл ва уларга меҳр-муҳаббат кўрсатишга ғайрат қил. Ортларидан хунук сўзлар билан гапирма. Албатта инсон сифатида уларнинг ҳам хатолари кўп, ҳаммамиз хатокор бандамиз, зотан. Сен уларнинг хатоларига тақалма, наздингда нуқсонларини катталаштирма. Ҳеч қайси эркак “Сизни жуда қаттиқ севаман, лекин онангизни ёқтирмайман!” деган аёлнинг муҳаббати ҳақиқийлигига ишонмайди. Аксарият аёллар бу гапни айтмаса-да, жуфтининг онасини севмаслигини амаллари билан англатадилар. Эркакка “Онанг ғийбатчи, онанг қурумсоқ, онанг мени ёмон кўради, онанг озода эмас!” деган маломат, унинг учун: “Сен ғийбатчи, ёмон аёлнинг ёмон ўғлисан!” дегандек эшитилади. Эркаклар бундай маломатларни “Сен ёмон хотиннинг яхши ўғлисан!” деган эътироф ўрнида қабул қилмайдилар.

Эркаклар посбондирлар. Ватанни, оилани қўриқлаш бизнинг вазифамиз саналади. Фақат хотинимиз ва болаларимизни эмас, онамиз ва қиз туғишганларимизни ҳам қўриқлашни истаймиз.

Эрингнинг онаси ҳақида айтганинг ҳар бир ёмон сўз эрингнинг юрагига отган тошингдир. Бу тош юрагини қонатади, ичини эзади. Тошлар изи кўпайгани сари жароҳатга айланиб бораверади. Ярадор юрак билан сени қандай севишини истайсан?

Эркакнинг қалби – аёли, аёлнинг қалби – эридир. Эринг юрагида сенинг севгингни олиб юргани учун унинг қалби – сеники. Бу қалбни синдирма, оғринтирма, жароҳатлама, эҳтиёт қилгинки, муҳаббатингиз зарар кўрмасин.

Эрингга онасининг хатоларини кўрсатишга уриниб, беҳудага уни ранжитма. Аёллар ўйлайдиларки, биз эркаклар оналаримизнинг хатоларини кўрмаймиз. Ҳолбуки, онамизнинг бутун хатоларини кўрамиз, биламиз, фақат жуфтимизга буни эътироф этиш бизга машаққатлидир. Онамиз болалигимизда бизни қанчалик авайлаган бўлса, биз ҳам уни кексайганида авайлаб муомала қиламиз. Шунинг учун ҳам аёл қайнонасининг хатоларини гапирганида, эркак онасининг айбини била туриб ҳам ҳимоя қилишга уринади.

Қайнонанг сенинг ортингдан гапирса ҳам, сен у ҳақида ёмон гап гапирма, қизим. Бир-бирини ёмонлаётган икки аёлнинг ўртасида қолган эркак ҳар қандай ҳолатда ҳам онаси томонда бўлади ва онасига кўпроқ ишонади. Зотан, у билан қон боғлиқлиги ва узоқ ўтмиши бор эркакнинг. Ҳақиқий эркак ўзини дунёга келтириб, катта қилган, устида шу қадар кўп ҳақи турган онасига орқасини ўгириб, хотинининг ёнида жой олишни истамайди эркак. Ақлли аёл ҳеч қачон эрини ўзи ва қайнонаси ўртасида аросатга қўймайди.

Эрингга онасининг хатоларини кўрсатишни истасанг, қайнонангни олқишла, эрингга онаси ҳақида яхши гаплар гапиргин. Қайнонанг “Хотининг ёмон, эпсиз” деса, сен “Онангиз ажойиб аёл, уларни жуда ҳам яхши кўраман!” дегин. Эринг қандай ўйлайди? “Аёлим яхши рафиқа, демак, онам мени уни қизғонгани учун орқасидан ёмонлайди”. Шунда онаси нима деса десин, эринг унга ишонмайди, аксинча, гўзал тутуминг сабабли сени қадрлайди. Хуллас, гўзал қизим, эрингни оиласига ёмонлик қилма. Муҳаббатингга ўз қўлларинг билан зарар берма. Қайнонанг нима қилса қилсин, сен гўзал муносабат қилсанг саодатингизга соя тушмайди. Келинлар ўз қўли билан ёрдам бермаса, қайноналар ўғлининг турмушига зарар етказмайдилар.

Эринг билан бўладиган тортишувларга оиласини аралаштирма. Яқинларимиз биз эркакларнинг заиф нуқтамиздир. Уларга кучимиз етмайди, истасакда уларни ўзгартиролмаймиз. Шунинг учун эрингни ҳеч қачон заиф нуқтасидан урмаки, сендан нафратланмасин.

Учинчиси: Отанинг қизига буни айтиши қанчалик тўғри, билмадим, лекин эркакнинг хотини томонидан ётоқда рад этилиши орадаги муҳаббатга зиён етказади. Бу ҳам эркакни жуда қаттиқ жароҳатлайди, ранжитади ва хотинидан совутади.

Севимли қизим, Моҳилиқойим! Айтмоқчи бўлганим шулар эди. Сўзларимга бепарво бўлма, уларда кўп йилларнинг тажрибаси бор, зотан. Буларни онангга тушунтиролмадим, биз бахтли бўлолмадик. Аммо сен бахтиёр бўлишинг керак, қизим!

Сени жонидан ортиқ яхши кўрган даданг!”

Моҳилиқо мактубни узоқ мулоҳаза қилди. Иккинчи бора ҳам диққат билан хатни ўқиб чиқди. Сўнг никоҳ оқшоми учун аввалдан тайёрлаган тунги кийимини кийди. Сочларини таради, хушбўйликлар сепиб ётоқда тескари қараб ётган эрини қучди. Куёвининг қулоғига “Дилхираликларни ҳеч қачон эсламаслик аҳди билан орқага ташлаб, бундан кейин севгилимни дунёга келтирган аёлга гўзал муносабат қилишга сўз бераман!” дея шивирлади. Моҳилиқо ўзига ўгирилиб термулган эрининг кўзларидаги севгини кўриб, дунёда бу муҳаббатдан ортиқ қадрлашга арзигулик нарса йўқлигини англади.
Сема МАРАШЛИ
Умида АДИЗОВА таржимаси

Манба: Azon.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Отанинг узатилаётган қизига мактуби...