
Марказий Осиё давлатлари ўзаро савдо ҳажмини $20 миллиардга етказишни ва «Made in Central Asia» бренди остида ишлаб чиқаришни йўлга қўйишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги маълум қилди.
Ушбу масала Тошкентда бўлиб ўтган Марказий Осиё давлатлари ва Озарбайжон савдо вазирлари кенгашининг биринчи йиғилишида муҳокама қилинди. Тадбирнинг мақсади турли иқтисодий соҳаларда савдо ва минтақавий ҳамкорликни кучайтиришдир.
Учрашувда Ўзбекистон ва Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги савдо ҳажмининг ўсиши қайд этилди. 2017 йилда бу кўрсаткич $3,2 миллиардни ташкил этган бўлса, 2024 йилга келиб $6,9 миллиардга етди.
Хусусан, Қозоғистон билан товар айланмаси $4 миллиардга яқинлашган, Қирғизистон билан $700 миллионга, Тожикистон билан $570 миллиондан ошган, Туркманистон билан эса сўнгги беш йилда икки баробардан кўпроққа – $1,15 миллиард долларга кўтарилган. Озарбайжон билан савдо ҳажми эса йил бошидан буён 13 фоизга ўсди.
Йиғилиш якунида иштирокчилар иқтисодий ҳамкорликни кучайтириш ва кооперацияни ривожлантириш бўйича келишувларни ўз ичига олган коммюнике имзоладилар.
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.