МиКА меъмори: Европа Иттифоқи ДеФи ўрнига токенизацияга эътибор қаратиши лозим

Европа Комиссияси маслаҳатчиси Петер Керстенснинг таъкидлашича, Европа Иттифоқи марказлашмаган молия (ДеФи) соҳасини МиКА регламентининг иккинчи версияси орқали тартибга солишдан кўра, реал активлар ва токенизацияни қамраб олувчи кенгроқ рақамли активлар тизимига эътибор қаратиши керак. Ҳозирда Европа Комиссияси МиКА бўйича жамоатчилик маслаҳатлашувларини ўтказмоқда ва бу жараён 31-августга қадар давом этади. Бу ҳақда Cointelegraph.com хабар беради.
МиКА меъморларидан бири бўлган Керстенснинг фикрича, қонунларни одамлар ва ташкилотларга нисбатан қўллаш мумкин, бироқ компьютер тармоқларини бевосита тартибга солиш мураккаб вазифадир. У ДеФи соҳасини "вакиллари бўлмаган ҳаракат" деб таърифлаб, уни тартибга солиш учун янги ҳуқуқий доктрина талаб қилинишини қайд этди. Шу билан бирга, у амалдаги МиКА қоидалари ҳали эскирган деб ҳисобламаслигини билдирди.
МиКА регламентининг ўтиш даври 1-июльда якунига етади. Шундан сўнг, крипто-активлар хизматини кўрсатувчи провайдерлар махсус лицензияга эга бўлишлари ёки Европа Иттифоқи мижозларига хизмат кўрсатишни тўхтатишлари шарт бўлади. Гарчи ДеФи протоколлари ҳозирча МиКА доирасидан ташқарида бўлса-да, улар янги хавф-хатарлар рўйхатига киритилган.
Аввалроқ Европа Марказий Банки ишчи ҳужжати Aave, MakerDAO ва Uniswap каби протоколларни таҳлил қилиб, улардаги бошқарув токенларининг 80 фоизидан ортиғи бор-йўғи 100 та ҳамёнда жамланганини аниқлаган эди. Бу эса ушбу ташкилотларнинг ҳақиқатда марказлашмаганлиги ва уларнинг МиКА тартибга солиш доирасидан ташқарида қолиши қанчалик тўғрилиги борасида саволларни келтириб чиқармоқда.

























Изоҳлар 0
…