Андижонлик аёл бир йўла тўрт фарзандли бўлди

Андижон вилоятида истиқомат қилувчи аёл тўрт нафар эгизакни дунёга келтирди, деб ССВ Матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, Андижон шаҳридаги «Ғайрат» маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Одинахон Муҳаммаджонова 2 июнь куни кўп ҳомилалик ташхиси билан Республика ихтисослаштирилган она ва бола саломатлиги илмий-амалий тиббиёт маркази Андижон вилояти филиалига қабул қилинган.
Орадан бир неча кун ўтиб, муддатидан олдин туғруқ ташхиси билан кесарча кесиш амалиёти ўтказилган.
Туғруқ жараёни филиалнинг тажрибали акушер-гинекологлари, неонатологлари ва реаниматологлари иштирокида муваффақиятли амалга оширилган.
Натижада уч нафар ўғил ва бир нафар қиз чақалоқ дунёга келган.

Биринчи чақалоқнинг вазни 2415 грамм, бўйи 44 сантиметрни ташкил қилган. Иккинчи ўғил чақалоқ 1730 грамм вазн ва 37 сантиметр бўй билан туғилган.
Учинчи чақалоқнинг вазни 2405 грамм, бўйи 44 сантиметр бўлган. Тўртинчи чақалоқ — қизалоқнинг вазни 1885 грамм, бўйи эса 39 сантиметр этиб қайд этилган.
Ҳозирги вақтда она ва чақалоқлар шифокорлар назорати остида бўлиб, уларнинг аҳволи яхши экани маълум қилинди.





























Изоҳлар 0
…