Рамазон ойида ўзингизни соғлом ҳис қилишингиз учун 10та фойдали маслаҳат » Ўзбекистон янгиликлари – Zamin.uz

Рамазон ойида ўзингизни соғлом ҳис қилишингиз учун 10та фойдали маслаҳат

Ҳаёт тарзи 3-06-2016, 16:31 3 033
Рамазон ойида ўзингизни соғлом ҳис қилишингиз учун 10та фойдали маслаҳат

Рамазон ойига саноқли кунлар қолмоқда. Бу ойда рўза тутиш соғлиқ учун фойдалидир, агар бу тўғри йўлга қўйилса, албатта; агар акси бўлса, у организмга зарар етказиши ҳам эҳтимолдан холи эмас, дейилади "Кун" нашрида.

Узоқ вақт таомланмаган инсон ифтор пайти келганда, ҳаддан ортиқ кўп овқат еб, соғлиғига путур етказиб қўйиши ҳеч гап эмас. Шу боис ушбу ойда овқатланиш тартибини тўғри йўлга қўйишга ҳамда соғлом турмуш тарзига риоя этишга ҳаракат қилинг.

Қуйида эътиборингизга Рамазон ойида ўзингизни яхши ҳис этишингиз учун баъзи тавсияларни ҳавола қиламиз:

1. Таомланишни қуритилган хурмо меваси билан бошланг, чунки у шакарнинг муҳим манбаи ҳисобланади. Кўп соатлар оч юрганингиздан сўнг у ичакдаги ҳаракатларни тартибга солади. Қуритилган хурмо меваси магний ва калийга бой бўлади.

2. Бу йил Рамазон ёзнинг жазирама кунларига тўғри келмоқда. Шу боис сиз ифтордан кейин етарли миқдорда сув ичишни назорат остига олишингиз керак. Тун давомида ўртача 8 стакан сув ичиш мақсадга мувофиқдир.

3. Шўр егуликлардан сақланинг - шўр данаклар, шўр бодринг, консерваланган ёки қайта ишланган озиқ-овқат маҳсулотлари шулар жумласидандир. Шўр егуликлар рўза пайтида кишиларнинг тез-тез чанқашига сабаб бўлади.

4. Овқатни секин истеъмол қилинг. Қуритилган хурмо билан бошлаб, кетидан сув ичинг, кейин суюқ овқат, ундан сўнг салат билан қуюқ овқат. Кетма-кетликка риоя қилинг, чунки нотўғри овқатланиш қоринда ёқимсиз оғриқларни келтириб чиқариши мумкин. Рамазон ойида кўпчилик кишилар нотўғри овқатланиш натижасида муаммоларга дуч келишади.

5. Ифторликда дон маҳсулотлари, оқсил, мева ва сабзавотлар ўрин олиши керак.

6. Ёғсиз гўшт, товуқ гўшти, балиқ, маълум бир миқдорда зайтун ёғи таом асоси бўлса, овқат ҳазм қилишда муаммолар юзага келмайди. Ёғли таомлардан эҳтиёт бўлинг. Колбаса ва гўшт маҳсулотлари, дуккаклилар, тухум ва сут маҳсулотлари оқсилга бойлиги ёдингиздан чиқмасин. Улар кишиларни тўқ тутади.

7. Ширинлик маҳсулотларини ифтордан 2-3 соат ўтиб истеъмол қилиш тавсия қилинади. Шунда ҳам улар меъёрида бўлиши керак, чунки ҳаддан зиёд ширинликлар истеъмоли инсонни тез чанқатади.

8. Қаҳвани чекланг. Агар сиз қаҳвахўр бўлсангиз, яхшиси бу одатингизни муборак ой кирмай туриб ташланг, шунда бош оғриқ ва уйқусизликдан азият чекмайсиз.

9. Уч маротаба таомланишни одат қилинг: ифтор, кечки енгил овқатланиш ва саҳарлик. Шундагина организмингизга зиён етказмайсиз, ифтордан кейин тинмай ейиш яхши оқибатларга олиб келмайди.

10. Жисмоний машқ билан шуғулланинг - бу Рамазон ойида фойдадан холи бўлмайди. Ифтордан 1-2 соат ўтганда спорт билан шуғулланиш соғлом вазн ҳамда соғлом турмуш тарзининг гаровини белгилаб беради.
loading...


Zamin.uz нинг Vkontakti’даги расмий саҳифасига обуна бўлиб, янгиликлардан хабардор бўлинг.