13:11 / 06.09.2016
15 361

Интернетдан ошиқ излаган аёл

Интернетдан ошиқ излаган аёл

«Сиз ҳаммадан чиройлисиз, мен бунақа гўзал аёлни биринчи марта кўриб турибман. Буни мен сизга хушомад қилиш учун гапирмаяпман, ўзи қизларга хушомад қилишни билмайман. Ҳақиқат бу. Сиз соҳибжамолсиз… ”

Лобарнинг юраги энтикиб кетди, тез-тез ура бошлади. «Қандай ёқимли сўзлар. Мен ростдан ҳам хунук эмасман. Расмимга яхшироқ разм солай-чи… Кулиб тушибман, ёноқларимда қизиллик ўйнайди. Қора қошлар остидан қора кўзлар мастона боқади. Юзимда ҳали ажин йўқ, тўғрироғи, билинар-билинмас ажинларим расмда кўринмасди. Уни фақатгина ўзим билардим, холос. Бу ажинларни қанақа ёмон кўришимни тасаввур ҳам қилолмайсиз. Улар – менинг душманларим».

Лобар ёнидаги каравотда пишиллаб ухлаб ётган ўғлига бир қараб қўйди-да, яна интернет дунёсига шўнғиб кетди. Чунки бу ер жуда яхши. Истаган одаминг билан гаплаша оласан, хоҳлаган сўзингни ёзасан. Ҳеч ким “сен оилалисан” ёки “бу сўзларни ёзиш сенга ножоиз”, демайди. Истасанг дўстлашасан, истамасанг – шартта блокировка қилиб ташлайсан. Виртуал дунё деганлари ҳақиқий дунёга нисбатан анча ранг-баранг, қизиқарлироқ экан. «Майли, уйга кетадиган вақтим бўлиб қолди, хайр, азизим!». «Азизим»ни сал ҳайиқиброқ ёзди у, тўғрироғи юрагининг бир чеккасида нимадир қимирлаб қўйгандек бўлди. «Ахир, оилалиман, бошимда эрим бор, қаердаги нотаниш бир йигитни «азизим» дейиш ғалати». Лобар экрандан кўз узмай, жавобни интизорлик билан кутарди. Ниҳоят, унинг лабига табассум югурди. «Жоним, менинг борлиғим, жону жаҳоним. Сиз билан хайрлашишни истамайман. Сиз билан мангуга бирга бўлишни, доим суҳбатингиздан баҳра олишни истайман. Мен мудом сизнинг расмингизга тикилиб ўтираман. Чунки сиз менинг юрагимга тобора чуқурроқ жойлашяпсиз. Чунки сиз менга жудаям ёқасиз»…

Лобар ўзида йўқ, кулиб, барча гапларни ўчириб ташлаб, телефонини ғаладонга ташлаб қўйди. У худди қуш каби осмонда парвоз этарди. Дунё бунча чиройли бўлмаса! Одамлар ҳам жуда ёқимли…Мен дунёдаги энг бахтиёр инсонман…

* * *

Ғолиб бошқа институтда ўқирди. У ҳар замонда бир ҳамюрти – Лобарнинг курсдоши Акмалнинг олдига келиб турарди. Ўша куни Лобар энг чиройли кўйлагида, узун сочларини ёйиб, пешонасига қора кўзойнак қўндириб аудиторияга кириб келганда, кўпчилик ҳайрат билан тикилганини у ҳечам ёдидан чиқармайди. Айниқса Ғолиб. У беихтиёр Лобардан кўзини узолмасди. Қиз эса ўзини сезмаганга олиб, дугоналари билан кўришди-да, жойига ўтирди. Лекин бу нотаниш йигит юрагида тўфон уйғотиб юборганини у илкис сезарди.

Лобар учинчи курсга ўтганида ортидан югуриб чарчамаган, мудом соядек эргашиб юрадиган, чиройли совғалар олиб келиб, олмаса қизларга тарқатиб, дилга хуш ёқувчи ёқимли ишқ сатрларини қоғозга тушириб, уни Лобарга тутқазадиган Ғолибга буткул кўнгил қўйганди. Буларнинг бари қизнинг орзуларидагидек эди. У Ғолибга тобора қаттиқроқ боғланиб бораётганини сезар, бу туйғу олдида ожиз эди.

Йиллар ўтиб, улар турмуш қуришди. Қуёш ва Ой, ниҳоят, бир-бирларининг висолига етишишди. Уларнинг муҳаббат қиссалари давом эта бошлади.

* * *

– Бунча имилладинг, тезроқ ҳаракат қилсанг ўласанми?

– Нега бақиряпсиз? Имиллаб нима қилибман, ўзи шундоғам куни билан болага қара, уй йиғиштир, овқат пишир, кир ювишдан чарчаб кетсам, бунинг устига сизнинг қош-қовоғингизга қарайман…

– Вой, нима ишни қойиллатиб қўйибсан? Олдинги назокатинг ҳам йўқолгандек, бочкага ўхшаб семириб кетяпсан. Бунақада уй эшигини алмаштиришга тўғри келмаса бўлдийди.

Лобар бир муддат жим бўлиб қолди. Хўрлиги келди. У мана шу эрни деб тиним билмаса, унга ёқадиган овқатлар пиширса, бешик тебратиб ўтириб ҳам у ҳақда ўйласа-ю, севгани унинг юзига мана шундан оғир гапларни шартта айтиб ўтирса. “Демак, мен унга ёқмай қолибман-да. Ростдан ҳам, болали бўлгач, бироз тўлишдим, ўзимга қарамай қўйганимдан, тўғрироғи вақтим озлигидан сочларим ҳам баъзида доимгидай таралмай қолади. Лекин бу гапларни юзимга айтиши шартмиди? Ё у бошқа мени севмай қўйдимикан? Бошқасини топиб олгандир? Ахир, кун бўйи ишда, у ерда эса чиройли қизлар тиқилиб ётибди. Мен бўлсам бу зим-зиё уйда болам билан, рўзғор ишлари билан ўтириб, ҳеч нимадан хабарим йўқ…”

Рўзғор деганлари шунақа ғор бўларкан, турмуш эса зерикарли ва бир хил. Буни Лобар энди-энди тушунарди. Куни билан уйда ёлғиз ўтиради, ишларини тугатганидан кейин зерикиб, хаёлига ҳар хил шубҳа-гумонлар оралайди. Эри энди аввалгидек унга чиройли сўзлар айтмай қўйган, чарчаганлигини баҳона қилиб, бундоқ ёзилиб гаплашиб ҳам ўтирмайди. У ўзи билан ўзи овора, Лобар эса ўзи билан ўзи. Бундоқ ўйлаб қараса, эри билан бирон ерга бормаганига анча вақт бўлибди, авваллари у уни қанчалик чиройли эканлигини тинимсиз эслатиб турарди, шунданми, Лобар кундан-кунга очилиб, янаям гўзаллашарди. Энди эса… энди унинг юраги қорлар остида қолганди, у гулламай қўйганди.

* * *
– Биласанми, Замира, менга ҳалиги одномиди, фейсбукми, биронтасини телефонимга улаб бер. Илтимос. Уйда ўтириб зерикиб кетдим. Биронта курсдошим ё синфдошимни топиб гаплашаман.

– Майли, фақат эҳтиёт бўл. Тағин сенам кўпчилик каби бошинг билан у ерга шўнғиб, реал ҳаётдан узилиб қолма.

– Э, реал ҳаётдан узилиб қаерга ҳам борардим!? Ўша эрим – ўша эрим, у ўзгариб қолармиди? Сал вақтим хушроқ ўтармиди, дейман-да.

Мана шу гапларга ҳам уч-тўрт ой бўлиб қолди. Лобар “Одноклассники”д ан кўпчиликни топди, шу жумладан Азизниям. Бошига бало бўлди у, энди усиз бирон дақиқасини тасаввур ҳам қилолмайди. Эрини ишга жўнатибоқ, дарров у ёқ-бу ёқни тезда йиғиштиради-да, телефонига ёпишади. Азиз ҳам уни кутиб тургандек, гаплашиб кетади. Бу ёқимтой йигитча ҳали анча ёш бўлиб, ҳали уйланмаган ҳам, ё ўзини шунақа таништирганмикан ? Нима бўлгандаям, Лобарга у билан гаплашиш ёқади. У эри айтмаган ширин сўзларни ёзади, хушомад қилади. Ўша йигитнинг ширин сўзлари унга гўё қанот бағишлайди, у одатий ҳаётидан узилиб, осмонларга парвоз этади, ҳамма-ҳаммасини бир фурсатга бўлса-да унутади. Энди рўзғор ишлари унга аввалгидек бир хил туйилмай қўйган. У ўзига қараб, сочларини кестирди, ясаниб, турли кўриниш ва турли ҳолатларда расмга тушаверади ва уларни албатта интернетдаги дўстига юборади. Навбатдаги чиройли сўзлар, таърифу таҳсинлар…

* * *
– Лобар, Лобар деяпман, хаёлинг қаерда? Бугун жуда очилиб кетибсизми, хоним?

– Ҳа, энди сиз сув қуймасангиз ҳам ўзимизча очиламиз-да.

– Вой-эй, ўзимнинг асалим, анчадан буён сени бунақа чиройли кўрмагандим, ё сени алмаштириб қўйишдими? Сўнгги кунларда таний олмай қоляпман.

– Яхшироқ эътибор берганингизда танирдингиз. Сиз ўзингиздан бошқа бировни кўрмайсиз-ку.

– Тўғри, сўнгги кунларда роса ишларим қалашиб кетди. Айтгандим-ку, янги раҳбар жуда қайсар одам, айтганини қилдирмай қўймайди. Бизни роса чарчатяпти. Шунга, Лобар, лекин мен бир дақиқа ҳам сенсиз яшай олмайман, доим хаёлимнинг бир чеккасида борсан. Сенинг хаёлинг билан яшайман, жоним.

Ғолиб хотинини қучиб, уни қаттиқ бағрига босди. Лобар илк дафъа юраги қинидан чиқиб кетгудек энтикиб кетди. У энди-энди яна аввалги севикли ёрининг бўйини таниди, яна илгариги бахт таъмини ҳис қилди…

* * *
Эрини ишга жўнатди, ҳар доимгидай уйларини саранжомлади, боласини бироз ўйнатиб ўтирди. Шу чоқ… телефон ёдига тушиб қолди, соатга қаради, анча-мунча бўлиб қолибди. У интернетни ёқди, сайтдаги ўз саҳифасини очди… Азиз бир дунё гаплар ёзганди. У нега бирон нима ёзмаётганидан хавотирга тушганини билдириб, хабар кутаётганини айтганди. Лобар бир муддат Азизнинг суратига боқиб турди, у ҳозир нима қилишни билмасди, икки ўт орасида қийналарди. Энди бир-икки сўз ёзганди ҳам, гўдаги чинқираб йиғлай бошлади. У ҳаммасини ўчирди-да, телефонини улоқтириб юбориб, ўрнидан даст туриб бориб, боласини қучиб олди. «Ширинтойгинам, ойингни йўқотиб қўйдингми? Мен ҳам ўзимни йўқотиб қўйишимга сал қолди… Юр, энди биргаликда овқат пиширамиз. Кейин дадаси келадилар, сенга мана бунақа катта машонча, менга эса улкан гулдаста олиб келадилар»…

МАҲЗУНА

Манба: diydoraziz.uz

Dasturlash foundation


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Интернетдан ошиқ излаган аёл