13:48 / 16.09.2016
29 526

Буржга қараб бир-бирингизга қанчалик мос эканингизни аниқланг!

Буржга қараб бир-бирингизга қанчалик мос эканингизни аниқланг!

Астрологларнинг таъкидлашича, биз туғилаётган вақтда осмонда юлдузларнинг қандай жойлашгани маълум маънода феъл-атворимизга ўз таъсири ўтказар экан, дейилади "Даракчи" нашрида. Шунингдек, туйғуларимизни ифодалашимизда ҳам буржимиз беихтиёр ўзини намоён қиларкан. Агар бу гап рост бўлса, жуфтимизнинг муҳаббати даражаси ва унга нималар ёқишини билиш бизга зарар қилмаслиги, шубҳасиз! Мунажжимларнинг ушбу башорати бу борада сизу бизга қўл келади деган умиддамиз.

ҲАМАЛ (21.03-20.04)
Аёл — уммоннинг тўлқинлари каби шиддатли ҳиссиётлар соҳибаси. Тез енгилишни истамайди. Унинг муҳаббатига эришиш осон эмас. Ташқаридан қараганда, ҳамаллар ҳиссиз бўлиб кўринишлари мумкин. Биринчи таассурот, одатда, ёлғон бўлади. Бу аёл қалбининг туб-тубидан жуфтининг севгисидан сархуш бўлишни истайди. Бироқ кечинмаларини тилга кўчиришни ўзига эп билмайди.

Эркак — ҳақиқий овчи! Ўз нишонидаги аёлнинг кўнглини забт этиш жараёни улар учун энг қизиқарли саргузаштдир. Нишонга олган аёли «ҳамал»бекнинг севгисини қабул қилиши билан унинг назарида саргузашт ўз ниҳоясига етади. Яна унга жисмоний яқинликдан кўра, кўнгил бирлиги муҳимроқ. Қулоғи билан севувчи аёллар учун тенгсиз жуфт бўлишади. Асад, Ақраб, Қавс буржидаги аёллар билан тез тил топишади. Жадий, Далв ва Сунбула билан муносабатларида тушунмовчилик кузатилиши мумкин.

САВР (21.04-20.05)
Аёл — ўз жуфтига юқори талаблар қўйиш унинг табиатига хос. Савр аёлнинг муҳаббатига сазовор бўлган эркакни ҳақиқий бахт кутиб тургани рост. Аммо бахтиёрлик нашидаси узоқ давом этиши учун эр рафиқасининг барча хархашасига сабр билан чидаши лозим. Бу аёл севган инсонига борлиғини тортиқ этиб, ундан унутилмас ҳисларни кутади. Аёлнинг умидлари пучга чиқмаслиги учун эркак яхшигина ҳаракат қилишига тўғри келади.

Эркак — ўзига нисбатан ишончи кучли, ҳис-туйғуларга тез берилади. Аёларга юқори талаб қўяди, шу боис жуфтини ҳурмат қилади. Роҳат ҳамда бахтни фақат жуфти билан баҳам кўришни истайди. Сунбула ва Ақраблар билан муносабати яхши кечади. Асад ва далв буржидагилар билан муносабатларда бироз муракабликлар кузатилиши мумкин.

ЖАВЗО (21.05-21.06)
Аёл — бир умр оқ отдаги шаҳзодани орзу қилишдан чарчамайди. Муҳаббат ва роҳатга кўмилиб яшаса-да, бари унга камдек туюлаверади. Қачон қараманг, эркаклар унинг атрофида гирдикапалак бўлишади. Бу бурждаги аёлнинг қалбини забт этиш мушкулроқ. Бир қарашда, ўта совуққондек кўринса-да, муҳаббати қаршисида ўз эҳтиросларини ошкор этади.

Эркак — қарши жинс вакилларини романтик табиати билан ўзига жалб қила олади. Жавзо эркаклар ўз буржларидаги аёлларни бутунлай акси, эҳтиросли кўрингани билан баъзан ундан совуққон инсон топилмайди. Турли «ўйин»лар унга қизиқ эмас, тезроқ «масала»нинг асосий қисмига ўтишни истайди. Жуфтига эътиборли, севган ёрининг ҳар бир кунини байрамга айлантира олади. Далв аёл билан муносабатлари яхши бўлиши шубҳасиз. Сунбула, ҳут, Қавс», Мезон ҳамда Ақраб билан юлдузи юлдузига ҳар доим ҳам тўғри келавермайди.

САРАТОН (22.06-22.07)
Аёл — ўзини худди қироличалардек тутади, ҳиссиётларнинг қули бўлиш унга ёт. Бироқ жуфтини эс-ҳушидан айириш учун ҳамма нарсага тайёр. Хаёлот дунёси чегара билмайди. Севган инсонининг кўнглини кўтариш учун чин юракдан интилади.

Эркак — ўзига ишончи баланд. Унинг назарида, ҳар қайси аёлни ўзиники қилиши учун бир қараши кифоядек. Ҳаммани бошқаришга қаратилган кучли истагини инобатга олмаганда, Саратон эркак ҳақиқий маънодаги ошиқдир. Кутилмаган совғаларни хуш кўради. Ҳут, Ақраб, Далв аёллар билан яхши жуфтликни ташкил қилади. Ҳамал, Сунбула, Жадий, Мезон ва Савр буржи вакилалари билан муносабатларда кескинликлар кузатилиши мумкин.

АСАД (23.07-23.08)
Аёл — ҳар қандай эркакни ўзига ошиқ қилишга қодир. Оловли бурж вакиласи кўпроқ қулоғи ва кўзи билан севади. Эҳтиросларга берилмайди. Севган инсонининг унга эришиш йўлидаги уринишларини маза қилиб томоша қилади.

Эркак — Аёллар муҳаббатини қозониш бўйича устаси фаранг. Фақат омадсизлик унинг кучли табиатини синдиришга қодир, шунинг учун мағлубиятдан қўрқиб яшайди. Хиёнат, унинг назарида, ёр танлашда адашганликни тан олишдир. Демак, бевафолик унга хос эмас, ахир Асад ҳеч қачон адашмайди-ку! Ҳамал ва Далв билан яхши муносабатда бўлади. Мезон, Саратон ва Ақраб буржидагилар эса ҳавас қиларли жуфтлик бўлолмайди.

СУНБУЛА (24.08-23.09)
Аёл — доим севган инсонининг ёнида бўлишни истайди. Тасаввур олами жуда бой, жуфтини турли янгиликлар билан хурсанд қилишни хуш кўради. Уни ҳеч қачон руҳан тушкун аҳволда кўрмайсиз. Ҳаётга оптимистлик билан қараши ҳамманинг ҳавасини келтириши тайин. Севган ёрини ҳар қандай чўққиларни забт этишга илҳомлантира олади.

Эркак — орзуларидаги ягонасини топмагунга қадар эҳтирослардан бутунлай йироқда бўлади. Ўз жуфтини учратгач, у учун тоғни талқон этишга ҳам шай туради. Сунбула вакилларидан этиборлироқ эркак йўқ. Эрта-ю кеч жуфти ёнида бўлишини хоҳлайди. Савр, Жадий билан тез тил топишади. Жавзо, Мезон, Ҳут ва Қавс хонимлар билан муносабатга киришиши мушкулроқ.

МЕЗОН (24.09-23.10)
Аёл — унинг назарида аёл ишқ борасида биринчиликни қўлга олмаслиги лозим. Шу туфайли унинг жуфти рафиқасига нима ёқиш ёки ёқмаслигини тополмай ҳалак бўлади. Мезонлар учун севган инсони билан қалбан боғланишнинг ўзи етарли, жисмлар бирлашуви ва эҳтиросга ҳаёт учун муҳим ҳодиса деб баҳо бермайди.

Эркак — ўзининг «энг-энг» эканлигига ишончи комил. Танлаган ёри ана шу ишончни янада мустаҳкамлашга хизмат қилмаса, ундан тез воз кечиши мумкин. Мезон эркакнинг жуфти бахтли бўлиш учун эрини доим мақтаб туришга мажбур! Ҳамал, Далв ва Жавзо аёллар билан юлдузи мос. Саратон, Сунбула, Савр ва Жадий буржи вакилалари билан чиқиша олмайди.

АҚРАБ (24.10-22.11)
Аёл — ҳиссиётларга берилувчан. Асаларилар гул атрофида парвона бўлгани каби, эркаклар ҳам унинг олдидан беэътибор ўтиб кетиша олмайди. Юрагида муҳаббат туйғуси бўлмаса, ҳаммага заҳарли нишини суқишга тайёр туради. Жуфтига содиқ бўлиб, эҳтиросга берилиши учун унга кексалик тўсқинлик қила олмайди.

Эркак — унга тенг келадиганини топиш мураккаб масала. “Ўхшамай қолса-чи?” ёки “Ёқмаса-чи?” каби иккиланишлар Ақрабларга ёт. Ёқимли сўзлар, эркалатишлар билан ҳар қайси аёлни ийдириб юбориши шубҳасиз. Ҳут ва Саратон унга жуда мос. Асад, Жадий ва Савр билан эса бироз қийналиши мумкин.

ҚАВС (23.11-21.12)
Аёл — фақат бир инсонни севади, у ҳам бўлса ўзини! Эркаклар ҳам уни ана шу ўзига бўлган ишончи учун ёқтиришади. Эҳтирос ҳамда ҳис-туйғуларни жиловлаш фикри унга бутунлай ёт! Қавс аёлнинг муҳаббатига айланиш учун жуфти ҳақиқий маънода осмондаги ойни олиб беришига тўғри келади. Чунки бу аёлнинг эътиборини қуруқ гаплар билан жалб қилиб бўлмайди.

Эркак — гўзаллик ошиғи. Аёлнинг юрагини забт этиш унга мушкулдек туюлса, дарров ўзгасини топишга интилади. Бу эркакни оилапарвар эр қилиш учун рафиқаси севги маликасига айланиши керак. Асад, Ҳамал ва Қавс аёллар билан муносабатга осон киришади. Сунбула, Ҳут ва Жавзо аёллар учун унчалик мос жуфтлик эмас.

ЖАДИЙ (22.12-20.01)
Аёл — севмаган инсонига ҳатто қўлини ушлатишга ҳам йўл қўймайди. Дуч келган инсон билан танишишни хаёлига ҳам келтирмайди. Танлаган ёрини минг чиғириқдан ўтказишдан чарчамайди. Имтиҳонларидан ўтган жуфтига бир умрлик роҳат ва бахт ато эта олади. Бироқ рашкчи ва жиззакилиги кўпгина эркакларни қўрқитади.

Эркак — ҳаётдан лаззатланиб яшашни истайди. Танлаган ёри бир умрлик бўлади. Роҳат онларига нисбатан инсонга берилган энг олий бахт дея баҳо беради. Жуфтига ишончи чексиз. Руҳан, қалбан ҳамда жисмонан фақатгина бир аёл билан бирга бўлишни истайди. Сунбула, Савр ва Жадий аёллар билан яхши жуфтлик бўла олади. Ҳамал, Мезон ва Саратон аёллар билан муносабатларда чигалликлар кузатилади.

ДАЛВ (21.01-20.02)
Аёл — Тасаввур олами бой, аммо эҳтиросларини камдан-кам намоён қилади. Жиддий эркак учун ундан яхшироқ ёр топилмайди. Жуфти учун ҳамма нарсага тайёр, қовушишга нисбатан одатий иш деб қараса-да, буни асло эрига билдирмайди.

Эркак — оловли темперамент соҳиби. Гўзаллик қуршовида бўлишни хоҳлайди. Аёлнинг эҳтирослилигини жозибаси ва чиройига қараб белгилайди. Асад, Мезон ва Жавзо аёллар орзусидаги муҳаббатлари. Ҳамал, Ақраб ва Саратонлар билан эса оилавий муносабатлар борасида чиқиша олмайди.

ҲУТ (21.02-20.03)
Аёл — орзулар оламида сайр қилишни хуш кўради. Романтик, кучли темперамент эгаси ҳамда овчи табиатидаги эркакларни ёқтиради. Кучли эркак қаршисида ўзининг бутун жозибасини ошкор қилади. Янгиликларни татбиқ қилишдан чўчимайди.

Эркак — тинимсиз ҳаракатда. Аёл бу эркак билан кечган лаззат онларини узоқ вақт унутолмайди. Яхши суҳбатдош, бироқ ҳақиқий ҳисларини камдан-кам аёлларга ишонади. Саратон ва Ҳут билан яхши жуфтлик ҳосил қилади. Сунбула, Далв ва Ақраб билан муаммолар юзага келиши мумкин.

Тавсифларни ўқиб, «Биз бир-биримизга мос эмасканмиз» деган фикр келмадими хаёлингизга? Ҳукм ўқишга шошманг! Мақола ҳукм эмас, хулоса қилишингиз учун ёзилган. Тақдир пешонангизга битган жуфтингиз билан муҳаббатли онларни бахтдан сархуш ўтказишингизни тилаб қоламиз…

Dasturlash foundation


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Буржга қараб бир-бирингизга қанчалик мос эканингизни аниқланг!