Фарзандим лўлининг боласи (ҳаётий ҳикоя) » Ўзбекистон янгиликлари – Zamin.uz
23-11-2016 | 07:47 ZAMIN.UZ / Ҳаёт тарзи / 23 Ноябр 2016
1 147

Фарзандим лўлининг боласи (ҳаётий ҳикоя)

Фарзандим лўлининг боласи (ҳаётий ҳикоя)

— Бу сафар ҳаммаси бошқача бўлади. Сен ҳадеб сиқилаверма. Эсон-омон болангни қўлингга олсанг, Яратган умрини узоқ қилса, қолгани ҳеч гап эмас.

Аёл аммасининг бу гапларидан кейин бироз ўзига келди. Туғруқхонага келганидан бери шу ҳақида ўйлайди. Унинг бу ўйларига ҳам асос бор, мана, турмушининг ўнинчи йили кетмоқда ҳамки, дунёга келган гўдаклари туғилганидан бир неча кун ўтар-ўтмас, кўз юмади. Бунинг сабабини ҳеч ким билмайди. Фолбин ва бошқалар ҳам худди шифокорлар каби аниқ бир гапни айта олишмади. Фақат онасигина унга сабр қилиши кераклигини, бу ҳам ҳаётнинг синови эканлигини такрорлайверади. Аммо Муяссарга энди онасининг гаплари ҳам кор қилмасди. Бешинчи боласини 9 ой кўтариб, уни бир марта бағрига босибоқ йўқотиш азобидан юраги зада бўлиб кетди, ахир…

Бу сафар ҳам ҳали дийдорига тўймаган гўдагидан айрилишдан қўрқиб, йиғлаб ўтирганда аммасининг далдаси кор қилмасди. Аммаси шу туғруқхонада анчадан бери ишлайди. Ўзининг болалари катта бўлиб, ўқишларни ҳам тамомлашяпти. Шунинг учун ҳам, бошқаларнинг дардини англаши қийин. Буни фақат фарзандсизлик доғида куяётган аёлгина тушуна олади.

Аммо тақдир бахт туҳфа этаман деса, ҳеч гап эмас экан. Муяссар фарзандли ҳам бўлди, боласини қўлига олганида эса, ундан эрта-индин айрилиб қоладигандек қаттиқ бағрига босар, юз-кўзларидан тинимсиз ўпарди…

— Болангиз сизга ҳеч ҳам ўхшамас экан-а, — деди унинг ёнида турган ҳамшира қиз.

— Ҳа, у худди дадасига ўхшайди. Қош-кўзлари, айниқса, юзларининг қорачадан келганлиги худди дадасининг ўзгинаси.

— Умри билан берган бўлсин, — деди ҳамшира.

Бу гап Муяссарнинг ичини эзиб ётган қайғунинг яна қўзғалишига сабаб бўлди. Бироқ, мана, орадан бир ой вақт ўтди ҳамки, ичидаги бу қўрқув ҳали уни тарк этгани йўқ. Аслида, шу пайтгача бирорта боласи икки ҳафтадан ортиқ яшамаган эди. Бу боласининг ҳамон бағрида эканлигидан у ўзида йўқ хурсанд эди. Аммо аммасининг ўша куни айтган гапи ҳаммасини бирданига чил-чил қилиб юборди.

— Бу ёлғон, деб айтинг, илтимос, амма, нега бундай қилдингиз?

— Нима қилишим керак эди? Оилангнинг бузилишига йўл қўйиб беришим керакмиди? Ўша куни қайнонангнинг гапини эшитиб қолганимдан кейин, бу сен учун яхши бўлади, деб ўйладим. У агар шу боланг ҳам ўладиган бўлса, сени ўғлидан ажраштирмоқчи эди. Нима, сен турмушинг бузилиб кетишини хоҳлаганмидинг? Кейин сенга биров уйланармиди? Бир умр ёлғиз ва фарзандсиз ўтишингга тўғри келарди. Шунинг учун ҳам, ўша куни сен билан бир кунда кўзи ёриган лўли аёлнинг боласи билан алмаштириб қўйдим. Ҳали мендан миннатдор бўласан.

— Амма, ахир, у аёл бола ўзиники эмаслигини билиб қолса нима бўлади? Бу ҳам майли, эрим бундан хабар топсачи… барибир, шунда ҳам оилам бузилиб кетади-ку, у мени умуман кечирмайди.

— Ақлингни ишлатиб, эрингга ўзинг айтмасанг, қаёқдан биларди? Иккинчидан, лўли аёл ҳам бу сирнинг тагига етиши даргумон. Билмайман, сенга дуо кетганми, болаларинг туғилиб, ҳали бир ойлик бўлмасданоқ ўлаверади. Ким билсин, ҳозир ўша боланг ҳаётми? Балки, аллақачон…

— Амма, ундай деманг, ахир, нима бўлганда ҳам, у менинг болам эди. Ана шу вужудимда ўсган, юрагимнинг уришини эшитиб дунёга келган болам эди.

Муяссар кўз ёшларини тўхтата олмас, овозидаги титроқ қаттиққўл амманинг ҳам юрагини юмшатиб юбораёзди. Хонага кириб келган қайнона эса, амма-ю жияннинг суҳбатини шу ерда тугатиб қўя қолди. Аммо иши борлигини ва дарҳол кетиши кераклигини баҳона қилиб чиқиб кетишга чоғланди…

Кунлар шу зайлда ўтар, Муяссар эри бир кун ҳамма сирдан воқиф бўлишидан қўрқиб, юрак ҳовучлаб яшарди. Мана, ўзи ўстираётган ўғли ҳам катта бўлиб қолди. Муяссар бу бировнинг боласи демади, меҳри бўлинмади, худди ўз боласидек парвариш қилди, оналик қилди. Ҳаммаси кўнгилдагидек бораётганди…

— Ассалому алайкум, янго, садақа қилинг, — деди бир лўли аёл эшикни очган Муяссарга эътибор ҳам қилмасдан.

— Ҳозир, — деди Муяссар ва ичкарига кириб кетди. У бу лўли аёлни кўриб, ҳаммасини эслади. Аммаси унга айтган аёл мана шу эди. Унинг уйида ҳозир ана шу аёлнинг боласи яшайди, уни ўзиники қилиб олган. Муяссар эшикни очганида, агар лўли аёл садақа сўрамаганида, у ҳаммасидан хабар топган-у, боласини олиб кетгани келди, деб ўйлаган бўларди.

“Тавба, шунча йил ўтса ҳам, ҳеч ўзгармаган. Айниқса, бошидаги рўмоли ўша илк бор туғруқхонада кўрганимдай”, деб хаёлидан ўтказди Муяссар. У уйидан нон ва яна озроқ пул олиб чиқиб, лўли аёлга тутқазди.

— Тўхтанг, мен сизни танидим. Туғруқхонада… — деди лўли аёл.

Унинг бу гапидан Муяссарнинг юраги қинидан чиқиб кетай деди. Наҳотки, у ҳаммасини билади, наҳотки, ўзи асраб-авайлаб ўстирган боласини энди олиб кетса?..

Лўли аёлнинг гапи Муяссарнинг ташвишли хаёлларини тумандек тарқатиб юборди.

— Сиз ҳам мендай ўғилли бўлгандингиз-а? Бачаларимиз тенгқур-да энди. Катта бўлиб қолдими ўғлингиз, исмини нима қўйдингиз?

— Собит, — аранг жавоб қайтарди Муяссар.

— Ҳа, яхши, булар учун раҳмат, кам бўлманг, — деди лўли аёл қўлидаги Муяссар берган нарсаларга қараб. Кейин ёдига яна нимадир тушгандек гапга тушиб кетди:

— Иби, ман сизга бачамни таништирмабман-к у. Замонбек, бери кел, бачам… — дея аёл нарироқда дарахтдаги мевалардан узишга уринаётган болани чақирди.

Югуриб етиб келган болага Муяссарнинг кўзи тушди-ю, ранги докадек оқариб кетди. Унинг кўзлари худди ўзиники эди, Муяссарнинг ёшлиги худди шу болага кўчиб қолганга ўхшарди.

— Мана шу мани бачам, ўшанда сизнинг ўғлингиз билан бир кунда туғилган. Анча катта бўлиб қолди, кўрдингизми? — деди аёл бир болага, бир Муяссарга қараркан.

Бола онасининг этагидан тортар, бу ерда туриб зерикиб кетгандек бетоқатланарди.

— Ҳа, майли, — деди лўли аёл.

Сўнг хайр-хўш қилиб кетишга чоғланди. Муяссар эса, дарвозага суянганча узоқ қолиб кетди. Ўз боласи ҳамон тирик эканлиги, яшаётганлиги бу унга мукофотми ёки бировнинг боласини ўзиники қилиб олгани учун жазоми, шуни билолмай, узоқ ўйланиб қолганди…

ФАРИДА ИСЛОМОВА

манба: diydoraziz.uz

Zamin.uz нинг Telegram’даги расмий каналига обуна бўлиб, янгиликлардан хабардор бўлинг.