Одам – ўқилмаган китоб » Ўзбекистон янгиликлари – Zamin.uz

Одам – ўқилмаган китоб

  • Ҳаёт тарзи
  • 26-11-2016, 21:25
  • 982
  • Одам – ўқилмаган китоб

    Баъзилар бошқаларни ўзига ўхшаб фикрламагани учун ёқтиришмайди.

    * * *

    Нотиқлар ўзлари ишонмайдиган гапларга бошқаларни ишонтирмоқчи бўлишади.

    * * *

    Ҳар бир одам – ўқилмаган китоб, дейилганидек, биз қўпинча бу китобнинг мазмунига эмас, муқовасига қараб, баҳо берамиз.

    * * *

    Бир вақтлар “Дўпписи тушиб кетса, пулга олдиради”, деган гаплар бўларди. Бугун хизмат кўрсатиш соҳаси анча ривожланиб кетди. Агар топиш-тутишингиз яхши бўлса, дўппингизни тушириб, яна олиб берадиганлар топилади.

    * * *

    У узатилгандан олганини, яна бир қанча санаб ҳамёнига жойлагач, қўлини совунлаб ювди. Энди ҳалоллик ҳақида маъруза ўқигани чиқади.

    * * *

    Кўпчилик омадга умид боғлайди. Лекин ўзимиз ғафлат уйқусида бўлсак, омад эшигимизни қоқа-қоқа қайтиб кетганини ҳам сезмай қолишимиз мумкин.

    * * *

    Баъзи расмларни кўрсангиз, худди тирикдек таассурот қолдиради. Баъзи тирик инсонлар эса суратга ўхшаб кетади.

    * * *

    Кундалик истеъмолда ширин асал ҳам, аччиқ қалампир ҳам керак. Фақат уларнинг ҳар бирининг ўрни ва меъёрида ишлатишни билиш керак!

    * * *

    “Телефон хизмат кўрсатиш доирасидан ташқарида” деган жавобни эшитганда, ўйланиб қоласан: телефон-ку майли-я, баъзи бир одамлар ҳам ўз хизмат кўрсатиш доирасидан ташқарида қолиб кетмаяптими?

    * * *

    Айрим инсонларнинг қилмишини кўрганда, каламуш уялар, илон пўст ташлар экан.

    * * *

    Бошқаларни пастга уриш билан ўзинг кўтарилмайсан.

    Манба: mulohaza.uz