Эринг сочингни силаса-ю, бошқа бировни ўйласа… (ҳаётий воқеа)

  • Ҳаёт тарзи
  • 28-11-2016, 21:35
  • 1 935
  • Эринг сочингни силаса-ю, бошқа бировни ўйласа… (ҳаётий воқеа)

    Эринг сочингни силаса-ю, бошқа бировни ўйласа, сени қучган қўллари билан бошқани ҳам қучаётганини сезиб турсанг бундан оғири йўқ. Аммо мен эримни телбаларча ўзимни унутиб севардим. Унинг хиёнат кўчасига мўралаганини сезсамда, буни билмасликка олардим. Йўқ, йўқ бу сиз ўйлагандек тўғри йўл эмас. Балки сиз хиёнаткорсиз, менинг туйғуларимни оёқости қилаяпсиз деб жанжал қилганимда юз чандон енгил эди. Иккимиз ҳам биладиган бу ҳақиқатни бошқалардан сир тутиб сизни ҳам ўзимни ҳам авайладим. Дугоналарим ўргатганидек, ўзимни ўзгартириб, пардозни кўпайтириш, ҳар турли либосларга бурканиш қўлимдан келмасди. Менга сизнинг кўнглингиз керак эди. Дастлаб ишларим кўпайди деб баҳона қилдингиз, кейин телефонда пичирлаб гаплашадиган бўлдингиз. Мен нимага кеч келаяпсиз деб сўрамадим. Сиз айтадиган ёлғонни олдиндан тахмин қилиш қийин эмасди. Сизнинг уйқу аралаш ўша аёлнинг номини айтиб юборишингиз эса мени эсдан оғдириб юборай дерди. Фақатгина фарзандларим мени яшашга мажбурлигимни эслатиб турарди. Улар билан овунардим, сиз билан аҳил ўтган дамларимиз хотираси қалбимда милтиллабгина умид бериб турарди.Йўғингизда кўйлагингизни қучоқлаб йиғлаб хумордан чиқардим. Сиздан нафратлансам эҳтимол яшашим осонлашармиди, йўғе нималар деяпман мен аллақачон яшамай қўйганман. Фақат тирик юрибман. Болаларимнинг камолини кўриш, сизнинг меҳрингиз тушган ўша аёлнинг қучоғидан тортиб эмас, ихтиёрингиз билан қайтишингизни кутиб кун ўтказаяпман. Атрофдагилар худди маликалардек яшайсиз, сизга маза деб ҳавас қилишади. Ҳа, яшашим ҳеч бир маликаникидан кам эмас. Фақат ўз шаҳзодасини канизакларга бериб қўйган, айёрлик ва макрни билмайдиган бўшгина маликаман.Ҳақиқатдан менда ҳамма нарса бор: данғиллама уй, машина, ўзим истаганча пул берасиз. Лекин буларнинг ҳеч бири кемтик кўнглимни тўлдира олмайди. Ишда ҳам уйда ҳам ўзимни бахтли кўрсатишга уринганим сари ўзимни нотабиий ҳис қиламан.Ёлғиз қолсам, хаёлларга берилиб ўтираверсам. Фақат хаёлдагина ўзим истаганча бахтли яшашим, сохта табассум қилмаслигим, эримнинг менга кун сари ортиб кетаётган хушомадларига жаҳлим чиқаётганини очиқ айтишим мумкин эди.

    Сизнинг кўнглингизга қараб, учинчи одамнинг чиқиб кетишини шунчаки кутиб хато қилган эканман. Сиз учун, ўзимнинг бахтим учун курашишим керак экан.

    — Тоққа қор чиройли ёғадида, дам олиш куни дўстларим билан тоққа борамиз.

    Сизнинг кайфиятингиз чоғ эди. Мен сизнинг у ерга ким билан бирга боришингизни яхши билардим.

    — Дада, мен ҳам сиз билан бирга борай.

    Ўғлим сизга ялинди.

    — Кейингни сафар оилавий борамиз болам, бу гал дўстларим кўп, машинага сиғмайсан.

    Тез-тез ураётган юрагимнинг типирчилашидан ўзимни зўрға боссамда, сизга яхши бориб келинг дедим. Бир кўнглим ортингиздан изма-из бор, уларни фош қилиб ташла, қачонгача ўзингни хор қилиб яшайсан дейди. Яна бир овоз эса қўй, ўзингни ерга уриб овора бўлма дейди. Ҳар икки овоз миямда айланавериб бошим оғриб кетди. Одатда, ўша билан бирга бўлган кунларингиз уйга камдан кам қўнғироқ қилардингиз. Бугун ҳам бизни тамомила эсдан чиқардингиз. Кечга яқинлашгани сари, юрагим ғаш бўлаверди. Ўзим қўнғироқ қилишга ботинолмадим. Мабодо қўнғироқ қилганимда ёнингизда аёл кишининг овози эшитилса ўзимни ўзим баттар қийнаган бўламан деб ўйладим. Сизга уч тўрт марта қўнғироқ қилган ўғлим телефонингиз ўчиқ деди. Кечки соат еттиларда эса қўл телефоним жиринглади. Сизнинг рақамингизни кўриб хурсанд бўлиб кетдим.

    — Синглим, бу телефон эгаси кимингиз бўлади? Қўнғироқ қилган киши эрим эмасди.

    — Эрим, қану у, нимага ўзи гаплашмаяпти?

    — Илтимос, фалон ердаги касалхонага тез етиб келинг.

    Касалхонага боргунча ҳам худодан сизнинг умрингизни тилаб бордим. Ахир аёл учун хиёнат қилса ҳам, урса ҳам сўкса ҳам эрининг бори яхши. Касалхонада эса мени мудҳиш хабар кутаётганди.

    — Бу мурдалар эр-хотин бўлса керак, иккаласи автоҳалокат туфайли ҳалок бўлишибди. Бечоралар, тоққа дам олгани боришган экан, бу киши сизга тегишли эмаску, барибир бир қарангчи?

    Нафасим қисилиб, бўйнимнинг орқаси оғир тош осгандек қотиб қолди. Шифокор кўрсатган устига оқ мато ёпилган одамни очиб кўрдим. Очсам, ўша сиз билан менинг ўртамда турган чиройликкина жувон, юзининг бир тарафи таниб бўлмас даражада жароҳатланганди. Мен эса уни танидим. Ахир телефонингизда унинг суратини бир эмас, бир неча марта кўргандим.

    — У аёл киши, мана бунисини кўринг.

    Қўлларим қалтираб кетди. Ўзимни қўлга олиб чойшабни очдим, қизиқ ўша вақтда қандай қилиб ўзимни ташлаб юбормаганимга ҳалиям ҳайрон бўламан. Сизнинг жонсиз танангиз устида ҳам шаънингизни ўйлабмана.

    — Илтимос, эримнинг машинасида мана шу аёл бўлганини ҳеч қаерга ёзманглар, ҳеч ким бу ҳақида билмасин деб шифокорларга ёлвордим.

    Мендан бошқа ҳеч ким сиз машинангизда аёл киши билан автоҳалокатга учраганингизни билмайди. Фақат менинг ғариб кўнглим, ҳали ҳануз сизни кутиб яшаяпти. Ҳеч қачон қайтмаслигингизга кўнолмаган юрак ўша хиёнаткорни унут деганим сари ҳар уришида сизнинг исмингизни айтиб тепаяпти. Совуқ ер сизни бағрига олганига бир йил бўлди. Лекин мен ҳамон сизни кутаяпман.

    Манба: Diydoraziz.uz