Мақталган қиз... яхши бўладими? » Ўзбекистон янгиликлари – Zamin.uz

Мақталган қиз... яхши бўладими?

  • Ҳаёт тарзи
  • 16-12-2016, 22:19
  • 937
  • Мақталган қиз... яхши бўладими?

    Халқимиз бир нарсани билмаса гапирмайди. Онаси мақтаган эмас, янгаси мақтаган қизни ол, деган мақолни ҳам бежиз айтмаган. Чунки ҳеч бир она боласини ёмон демайди. Янгалар эса қайинсингилларини мақтамасликнинг иложи қолмагандагина мақташади. Рисолада шундай. Аммо ҳаётда ҳамма нарса бўлиши мумкин. Жумладан, қизини мақтамайдиган оналару ёмон қайинсингилни мақтайдиган янгалар ҳам. Қуйида шуларнинг дардини тинглаймиз ва муҳокама қиламиз.


    «Хотиним қизимизни бозорга солишни яхши кўради»

    – Қизим эндигина 18 га тўлди. Аммо хотиним ётса ҳам, турса ҳам уни турмушга бериш пайида. Ким кўринса, қизимизни мақтаб, «келин қилганнинг жони роҳатда қолади» деяверади. Нуқул қимматбаҳо кийиму тақинчоқлар билан арчани безатгандек қизимизни ясантириб, тўй-ҳашамларга олиб боради. Аммо бирон ҳунар ўргатиш, ўқитиш, уй-рўзғор ишларига солиш ёки одоб-аҳлоқдан дарс беришни билмайди. Мен кўп марта унга бу борада танбеҳ бераман, аммо у «Мана кўрасиз, қизимни зўр жойга узатаман» дегани деган. Ахир гап фақат мақтаб-мақтаб узатиб олишда эмас-ку. Қиз бола борган жойида тиниб-тинчиши учун ҳозирдан замин ҳозирлаш керак эмасми?

    Фарҳод ака, Тошкент шаҳри.

    Мулоҳаза: Отанинг ҳадикларида жон бор. Замонамизнинг кўп оналари чалинган касаллик бу. Уларнинг дарди қизларини нима қилиб бўлса ҳам бой-бадавлат жойга узатиш. Қолгани ўз-ўзидан яхши бўлиб кетади, деб хато ўйлашади. Қизнинг касб-ҳунар ўрганиши, илм-фан эгаллаши, рўзғорни эплаб кетиши муҳим эмасдек. Билишмайдики, бадавлат хонадон учун келин таъбига ўтиришмаса, бошқасини олиш муаммо эмас. Пардоз-андоздан бошқасини билмайдиган келинни тарбиялаб ўтиргандан кўра бошқасига алмаштириш маъқул-да. Мақтаб-мақтаб узатган билан, эртага у қиз келин бўлиб борган уйида ўша мақтовларни оқлай олмаса, ўзидан кутилган ишларни қилиб беролмаса, нима бўлади? Ахир, ортиқча мақтов билан оналар қизларининг зиммасига ортиқча масъулият юкини ортаётганларини наҳот билмасалар? Баъзи оналар шундоқ ҳам яхши қизларини ҳаддан ортиқ мақтаб совчиларни чўчитиб юборишлари ҳам мумкин. ҳар ким ҳам она ўз қизини меъёрда мақташини тушунади, албатта. Аммо фақат «менинг қизим ундоқ, менинг қизим бундоқ, фақат шаҳзодаларга муносиб» дейилаверса, совчиларнинг энсаси қотади ё қалбида ростан ҳам шундаймикан, деган шубҳа пайдо бўлишига олиб келади. Оналар, қизларингиз келин бўлиб тушган жойида тиниб-тинчиб кетсин, қийналмасин десангиз уларни ҳадеб мақтаманг, балки бошқалар мақтайдиган қилиб қиз тарбияланг.


    «Онам мени мақтамайди»

    – Онам мени ҳеч қачон мақтамайди. Бирон яхши иш қилсам, бир оғиз «баракалла, қизим» деган гапини кутаман. Бошқалар мени мақтаса, хурсанд бўлиш ўрнига, «Нима бўпти? Мақтайверманг, талтайиб кетади» дейди. Дугоналаримнинг онаси ҳеч нимани билмайдиган, эпсиз қизларини чиройли кийинтириб, мақтаб-мақтаб яхши жойларга узатиб юборишди. Менинг онам эса ҳеч қачон яхши кийинишимни истамайди. Уй-жойимиз бир аҳволда. Таърифимни эшитиб келган совчилар уйимизни кўриб, айниб кетишяпти. Совчилар билан муомала қилиш, уларга, майли, оширмай-тоширмай, боримни таърифлаб беришни ҳам билмайдилар. Ёшим ўттизга яқинлашиб боряпти. Бахтим очилмаётганида онамни айбдор деб биламан...

    Сарвиноз, Сирдарё вилояти

    Мулоҳаза: Бу ерда гап она ва қиз ўртасидаги чуқур психологик муаммоларга бориб тақалади. Айрим оналар тарбияда қаттиққўлликни маъқул кўрадилар. Аммо ҳар қандай қаттиққўллик тагида болага нисбатан меҳр туриши, у ноҳақликка, адолатсизликка айланиб кетмаслиги керак. Юқоридаги вазиятда бироз шундай бўлганга ўхшаяпти. Фарзандга ўзи муносиб бўлган баҳо берилмаган. Тасаввур қилинг, сиз ҳалол меҳнат қилдингиз. Аммо ҳақингизни беришмади. Яхши иш қилганда мақтов эшитиш боланинг ҳақи. Шу ҳақ берилмаса, у боланинг қалбида қат-қат аламларнинг йиғилиб боришига олиб келади. Натижада, онасига нисбатан қарама-қарши қутбга ўтиб олиш, ҳамма нарсада онани айблаш ҳолати юзага келади. Қизнинг бахти уй-жой ёки онасининг оғзидан чиқадиган мақтовлар ё ялтир-юлтир кийимларга боғлиқ эмас. Лекин буни англаши учун она ва қиз ўртасида айбловлар, аламлар йўқолиши ва тоза, самимий туйғулар пайдо бўлиши керак. Бунинг учун, аввало, она қизига нисбатан муносабатини ўзгартириши лозим. Беғубор, шод ва ўзига ишонган қизнинг бахти, албатта, очилади.

    Энди қизга икки оғиз насиҳат. Қизим, бекорга онангиздан хафа бўляпсиз. Сизнинг бахтингиз онангизнинг эмас, ўзингизнинг қўлингизда. Онаси мақтамаган қизларнинг ҳам бахти очилади, албатта. Фақат улар бировни айбламайдилар, шунчаки ўзлари билан уйғунликда яшайдилар. Аламзадаликни қўйинг, бу қиз болага безак бўлолмайди. ҳаётга ёруғ ниятлар билан боқинг. Таърифимни эшитиб совчилар келяпти деяпсиз. Демак, сизда яхши фазилатлар бор. Уй-жойингизга қараб, келин қиладиганлар нима кераги бор сизга? Яхши ният қилинг, ўзингизни қадрлайдиган одам топилади, албатта.


    «Янгаси мақтаса ҳам нобоп қиз экан»


    — Бир узоқроқ қариндошим қайнсинглисини росса мақтади. Тили ширин, қўли ширин, ўзи чаққон, кўнгли тоза, деб оғзидан бол томди. Ёмон бўлса, янгаси мақтармиди, деб кенжатойимга келин қилувдим. Роса чув тушганим маълум бўлди. Ўзи совчиликка борганимда онасига қизингизнинг таърифини роса келтиришди, деганимда дув қизариб олувди-я. Яна бир оғиз мақтамади ҳам. Кейин билсам, Худодан қўрқадиган одам экан. Келиним маҳаллада донғи кетган жанжалкаш бўлгани етмагандек, на рўзғор ишларини билар, на бирон касб-кори бор. Янгаси ундан қутилиш учун мақтаб-мақтаб, менга «ўтказган» экан. Тушганига икки ой тўлмай уйимдан тинчим йўқолди. Ўғлим уйдан безиб қолди. Ўртада фарзанд пайдо бўлмасдан ажрашиб кетишди...

    Манзура ая, Наманган


    Мулоҳаза: Очиғи, бу вазиятга шарҳнинг ўзи ортиқча. Онахон айтганларидек, чув тушганлар. Фақат бир нарсага ҳайронман, кенжатойни уйлантиргунча анчайин тажриба эгаллаган бўлсалар керак. Наҳотки бир одамнинг мақтови билан нотаниш қизни келин қилиб олаверсалар? У ҳам эмас, бу ҳам эмас, тақдир. Баъзида Яратган бизга шундай сабоқ беради. Бировнинг мақтови билан умр савдоси қилинмайди. Сўралади, суриштирилади, кузатилади. Энди онахон буни яхши биладилар.

    «Мақтов – ширин оғу, ширин ўлдирар» деганда шоир Рауф Парфи ҳақ эди. Мақтов асосан бор нарсани ошириш, кўпиртириш, яъни ҳақиқатга ёлғон аралаштиришдир. Ростни ёлғондан ажратиб олиш учун эса совчилардан ҳаётий тажриба, синчковлик ва зеҳн талаб қилинади.

    Кайвони онахон Марғуба КОМИЛОВА маслаҳатлари асосида Шаҳноза ТЎРАХЎЖАЕВА тайёрлади.