Орзулар ушалади, ишонинг! » Ўзбекистон янгиликлари – Zamin.uz

Орзулар ушалади, ишонинг!

Ҳаёт тарзи 16-12-2016, 22:23 789
Орзулар ушалади, ишонинг!

Гулхуморнинг келин бўлганига уч кундан ошиб, тўртинчи кун бошланди. Қизлар тўртта ялтир-юлтур кўйлакка учиб, турмушга чиқиб кетаверади, дегани рост экан. Бўлмаса, орзулари осмон, Зебуннисодек шоира бўлишни истаган 18 ёшли қиз бугун обдаста кўтариб, ҳаяжонланиб у ёқдан бу ёққа чопиб, кўйлакларининг зарини тўкиб, гоҳ қўлини куйдириб, гоҳ текис йўлда қоқилиб юрармиди?

Ҳали унинг ҳиссиётлари янги, ҳали бу ҳаёт яхшими ёки ёмон, аниқлаб олишга вақти бўлгани йўқ. Нималар қилаётганини, кимга нима деётганини тушунмаяпти ҳам. Ҳамма унинг чиройли келинчаклигини айтади, дастурхонидан ширинлик олиб қайтади. Гулхумор эса барчага бирдек кулиб қарашга, кўнглини олишга ҳаракат қилади.

Кечки овқат пайтида ўн беш жонга мос дастурхон тузалди, уларнинг ҳар бирига учтадан идиш кетса ҳам, уларни ювиш маросими 45 дақиқага чўзилади. Ора-сира меҳмонларни кузатиш эса ундан ҳам кўп вақтни олади. Охири тарвуз сўйилган лаганни ювиб бўлгач, енгил тин олади. Қайнота-қайнонаси томон жавдирайди. Қайнота хориж телеканалидаги портлаш оқибатида яксон бўлаётган шаҳар ҳақидаги журналистларнинг эҳтиросли гапларига маҳлиё. Қайнона эса катта келинининг боласини тиззасига ўтказиб олганича расм чиздириш билан банд. Улар атайин эмас, шунчаки янги келинчакни унутиб қўйгандек, «Келинпошша, уйингизга кирақолинг», демайди. Келинчак кўзлари билан соатни ахтаради. Кийимини алмаштириш баҳонасида хонасига кириб чиқсамикан? Йўқ, негадир бунга журъат этолмайди. Онасининг «Ҳадеб хонангга кириб олаверма!» деган насиҳатига амал қилишни бурчи деб билади. Ошхонадаги соат миллари 22:00ни кўрсатади. Кўча эшиги жиринглайди. Уйнинг анъанасига мувофиқ, қайнота бориб эшикни очади. Икки ўғил кириб келишади. Қизалоқ дадасига қучоғини очиб югуради, муллакаси боласини бағрига олади. Овсини ҳам унинг қошига пешвоз чиқади. Гулхумор олдинга юришга ийманади, янги куёв эса бошини хам қилганича ёғоч сўрига бориб ўтиради. Келинчак уларга яна бошидан чой, овқат тайёрлайди, яна тарвуз сўяди. Яна бўшаган идишларни йиғиштириб олади. Овсини Гулхуморга ёрдамлашади, ора-сира «булар (ўзининг турмуш ўртоғини назарда тутади), кўк чой эмас, аччиқ памил чой ичадилар, булар нон емайдилар» каби маслаҳатлар, тушунтиришлар бериб туради. Келинчак «ҳа-а, ҳа-а» деганча ёдда сақлашга ҳаракат қилади. Ўзининг турмуш ўртоғи нималарни ёқтиради, унга қандай муомала қилиш керак — шуларни сўрагиси келади-ю, уялади. Эркаклар ва қайнонасининг суҳбати 23:30гача чўзилади. Унгача келинлар бир чеккада телевизорга термулганча ўтираверишади. Уйдан овсинининг боласи товуш чиқаргани учун катта келин югуриб кириб кетади. Гулхумор ёлғиз қолади. Куёвнинг нигоҳини ахтаради, турмуш ўртоғи унинг бор-йўқлигига аҳамият ҳам бермайди. Сўнг ҳамма ўз хонасига тарқаладиган пайт келади. «Минг бор шукр», дейди ичида уч кунлик келинчак. Аввалига турмуш ўртоғи уйга кириб кетади. У бир сидра ювинган бўлиб, сўнг ботинмайгина хобгоҳга киради. Турмуш ўртоғи кийимларини ҳам алмаштирмасдан орқа ўгирганча ётган бўлади. Гулхумор ҳозирги қизлардан эмас, у қадриятларни маҳкам ушлаган. Турмуш ўртоғи билан ҳатто юзма-юз қолганда ҳам исмини айтиб чақирмайди. «Ассалому алайкум», дейди титраб, ғўлдираб... У томондан жавоб бўлмайди. «Чарчамадингизми?» дейди ютиниб. Яна жавоб бўлмайди. Келинчак «Наҳотки беш дақиқа ичида ухлаб қолди?» деб ўйлайди ичида. Тилла тақинчоқларини ечади, кийимларини алмаштиради. Каравотга омонат чўзилади. Ҳозиргина уйқуси келаётганди, энди эса худди иккинчи нафаси очилгандек, ўзини толиқмагандек ҳис қилади, лекин руҳиятидаги тушкунлик вужудидаги енгилликни босиб кетади. «Тўйга рози бўлмаслик керак эди, Тошкентга кетиш керак эди, ўқишга топшириш керак эди!!!» Гулхумор алламаҳалгача ўзи билан ўзи олишиб ётади. «Ҳали ҳам кеч эмас!!!» деган қарорга келган вақтда уйқу унинг ичидаги ғалаённи енггади...

Соат тонгги тўрт. Тўрт кеча-ю тўрт кундуз ўтди. Гулхуморнинг келин бўлганига тўрт кундан ошиб, бешинчи кун бошланди. Қўшнининг кўчасини ҳам супураётган маҳалда, оқ ипни қора ипдан ажратишнинг имкони бўлмаган тонг қоронғусида ўзига ўзи савол беради: «Фарҳод Монийдан наққошликни, Бонийдан сангтарошликни ўрганганмиди ёки Қоранданми?» «Фарҳод ва Ширин»ни Навоий нечанчи йил ёзган эди?» Наҳотки, бир йиллик меҳнати, ёд олганлари, ўқиганлари шунчалик тез эсидан чиқиб кетди? Агар имтиҳон кунига рухсат ололса, натижалари ёмон чиқса, ҳамма устидан кулмайдими? Яхшилаб ўқимаганига, энди ҳеч қачон ўқий олмаслигига ачиниб, ўзини ўзи койийди.

Кун яна такрорланди. Икки маҳал овқат, келганларни кутиб олиб, кетганларни кузатиб қўйиш билан кеч тушди. Дарвоқе, битта янгилик: куёвнинг катта аммаси эртага уйида янги келин учун чақириқ қилар экан. Ўша ёққа меҳмонга бориладиган бўлди, Гулхуморга бирор патнис тўлдирадиган пишириқ тайёрлаш вазифаси топширилди. Рости, ҳар доим ўнг қўлини ўйнатиб тайёрлайдиган творогли пишириғи пишиб, устига қанд упаси сепгунга қадар ҳаяжонланиб, «Яхши чиқсин, шишиб пишсин», деб неча марталар дуо қилди бир ўзига, бир Худога аён. Турмуш ўртоғи ва мулла акаси кириб келди. Табиатан қувноқ ака «О-ҳо, ошхонадан ниманинг ширин ҳиди чиқаяпти, қани олиб келинг-чи, келинпошша!» деди. Гулхумор тараддудланиб қолди. Қайнонаси «Олиб келаверинг, эртага бошқатдан пиширарсиз», деди жилмайиб. Гулхуморнинг мустақил тайёрлаган биринчи пишириғи синовдан ўтди, ҳамма мақтаб еди, турмуш ўртоғидан садо чиқмади, унга берилган бўлакни оғзига ҳам олмади. Гулхумор куёвини кузатди. У оиланинг бошқа аъзолари билан гаплашади, ҳатто кулади, ҳазиллашади, жиянини эркалайди. Лекин ўз келинчагига нисбатан умуман беэътибор. «Шаҳарда 6 йил ўқиган, ишлаган, яшаган йигит мени ўзига муносиб кўрмайди-да. Балки кимнидир қаттиқ севган. Мен унга кулгили қиз бўлиб кўринсам керак. Шунинг учун мулла акам билан бирга дўконга кетиб, унга қарашганини баҳона қилиб, кеч қайтади. Юзимга тузукроқ қарамай, уйланган, менга терс ўгирилиб ётадиган, ҳатто янгаларни ҳам алдаган куёвнинг асл мақсади нима? Нима қилай? Ҳеч кимга айтмай тўғри қилаяпманми?» Гулхумор шулар ҳақида то яна хобгоҳга киришга рухсат бўлгунча ўйлайверди, ўйлайверди... Тушликда дам ололмагани, эрта туриб, кеч ётаётгани ҳаммаси бир бўлиб, чарчоққа айланди-ю бутун вужудини исканжага олди. Бироқ яна кечаги ҳолат такрорланди. Хонасига кирибоқ ўзида янги туғилган кучни сезди. Яна ухлаб қолган, эҳтимол ўзини ухлаганга солган куёвининг рўпарасига бориб узоқ термулиб ўтирди. Пиқ-пиқ йиғлай бошлади. «Уйғонар, эътибор қаратар» деган мақсади ҳам бор эди бу хўрлик йиғисининг. Лекин йигит «уйғонмади».

Гулхумор шкафига яшириб қўйган кундалигини олди. Ўша ҳар доим дилида сақлагани, ёд олган гапларини такрорлаб ёза бошлади: «Cевги ҳам ҳурмат, ҳам қатъий ишонч, ҳам тан ҳарорати, ҳам дил оташи, ҳам юрак тепкиси, ҳам кўзлар ёлқини, вужудни парчаловчи кучли бир интилиш, садоқат-ла тиллашиш, ўзингни кимгадир эга ва яна ўша кимгадир тобеъ каби ҳис қилиш, асов отдек бўйсунмас МЕНни назокат-ла тутқазиш, унинг хаёли ва унинг ҳаёти билан яшамоқ ва ўзни ҳар қачонгидан бахтли ҳис қилмоқ...

Мен шундай муҳаббатни умид қилгандим, билмайман, ўқиш ҳақидаги орзум соб бўлаёзди, энди бахт ҳам тутқич бермаслиги ростга ўхшаб қолди»

Тошойнанинг олдида шуларни ёзиб туриб ухлаб қолди...

Соат тўрт бўлганида соат бонг урди, келинчак сесканиб уйғониб кетди. Бошини кўтаришга зарра ҳам мадори йўқ, лекин амаллаб турди. Каравотнинг нариги томонига истамайгина қаради. Турмуш ўртоғи йўқ! Апил-тапил кийинди, ҳовлига чиқди, ювинди. Супурги, ҳокандозини олиб кўчага чиқди. Ажабо, турмуш ўртоғи катта супургини олиб, қўшнининг дарвозахонасини ҳам тозалаб юрибди. Кўзларига ишонмади, бошқа бировмикан деб иккиланди ҳатто. «Ҳой» деб овоз бериб кўрди қоронғуда. «Мен ўзимман» деди турмуш ўртоғи ҳам ғудраниб.

— Ассалому алайкум, — деди қўрқибгина Гулхумор.

— Яхши дам олдингизми? — овози дадиллашди куёв боланинг.

— Раҳмат, ўзингиз-чи? — шивирлагандек туюлди келинчак.

— Сиз шеър ёзасизми?

— Оз-моз…

— Бу йил филологияга топширмоқчимидингиз? — куёв келинчак томон икки қадам ташлади.

— Ҳа... — Гулхумор кундаликда шу кунгача нималар ёзганини эслашга уринди, куёв барини ўқиб чиққанига ҳеч шубҳа йўқ эди-да…

— Ҳужжат қабул қилиш яна икки кундан кейин тўхтайди. Бугун тушдан сўнг Тошкентга кетамиз. Ҳужжатларингиз тайёрмиди?

— Йўқ, тўй бир ойнинг ичида бўлиб кетди, улгуролмадим...

Тушдан кейин куёв машинанинг бошқариб, келинчак орқа ўриндиқда Тошкент томон йўл олишди.

Гулхумор келин бўлганига 40 кун бўлганида талаба ҳам бўлди. Таътили тугаши билан Тошкентга жўнаб қолишни кўзлаган, бир турмуш кўриб, сўнг ажрашган ҳамкасбига кўнгил қўйган куёвтўранинг режалари ўзгариб кетди. Иш жойини ўзгартирди, шаҳарда ҳам дўконча очди, ахир у энди талаба ва ижодкор рафиқасини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашни бурчи деб биларди. Гулхуморни ўзи билан олиб кетди ва ҳеч қачон ажралмади. Бугун Гулхумор ёш ижодкор қизларга бериладиган давлат мукофоти соҳибаси, икки боланинг онаси, қатор китобларнинг муаллифи, турмуш ўртоғининг севимли ёри...

Азиза ҚУРБОНОВА

Манба: Darakchi.uz


Zamin.uz нинг Vkontakti’даги расмий саҳифасига обуна бўлиб, янгиликлардан хабардор бўлинг.