Энагаларга ишонса бўладими? » Ўзбекистон янгиликлари – Zamin.uz

Энагаларга ишонса бўладими?

Ҳаёт тарзи 19-12-2016, 19:16 504
Энагаларга ишонса бўладими?

Кўзингизнинг оқу қораси — азиз фарзандингизни баъзан опа-синглингизга ҳам ишонгингиз келмайди. «Қўлидан тушириб юборса-я, қорни оч қолса-я» деган ҳадикда бўласиз. Аммо мажбурият туфайли ёки вазият тақозоси билан болаларини ўзлари парвариш қилишга имконсиз ёш оналар энага ёллашга мажбур бўлишади. Хўш, бу борада нималарга эътибор бериш керак? Мавзу шу ҳақда.

Онами ёки Энага?!

Она ўз ҳис-туйғусига ишонган ҳолда боладаги ўзгаришларни сезади. Энага эса ўз тажрибаси, олган билимлари ва кўникмаларига суянади. Ёши катта бувижонларга ҳар куни кичик ёшдаги, балки ойлик чақалоқларни ташлаб кетолмайсиз. Улар баъзан йиғисини эшитмай қолишлари, баъзан эса ўйнаб юрибди-ку деб, назоратни салгина сусайтиришлари ҳам мумкин. Аммо масъулиятли бувиларимиз ҳам йўқ эмас. Лекин барибир, агар сизда танлаш имкони бўлса, волидангиз ёки қайнонангизга кексалик гаштини суришга изн беринг-да, энага хизматини ўйлаб кўринг.

Суриштирувни бошлаймиз...

Энага ёллаш ва унга ҳақ тўлаш бир муаммо бўлса, фарзандингизни ишониб топширадиган инсонни топишнинг ўзи мушкул. Ахир биринчи учраган кишига ким ҳам ўз боласини ишонарди. Бугунги кунда махсус агентликлар энагаларни тавсия қилади. Улар ходимларининг, яъни ўзлари тавсия қилган энагаларнинг иш сифатига кафолат беришади. Лекин сиз бу агентлик эмас, балки дугонангиз тавсия қилган бирор энагага мурожаат қилмоқчи бўлсангиз, ундан аввалги ишлаган жойидан тавсифнома олиб келишини сўранг. Иш фаолияти 1 йилдан кам бўлган энагаларга яхшиси мурожаат қилмаганингиз маъқул. Шунингдек, 20 ёшга тўлмаган ва 55 ёшдан ошганлар ҳам бу лавозимга тўғри келмайди. Чунки бирининг ҳали тажрибаси йўқ, иккинчиси эса бола парваришидан чарчаб қолиши мумкин.

Талабларингизни аниқлаштиринг

Энага билан аввалдан келишув, яъни битим имзолаб, талабларингизни маълум қилинг. Масалан, болангиз соат нечада ухлаши керак, қачон овқатланади, бир кунда қанча вақт очиқ ҳавода сайр қилиши лозим. Агар маъқул келса, энага болани истироҳат боғларига, театр ва кўнгил очар масканларга ҳам олиб бориши мумкин. Шунингдек, энага танлаётганда фарзандингиз қўшимча билим олишини истайсизми ёки саломатлигига урғу бергингиз келаяптими, шунга ҳам эътибор қилинг. Чунки энагалар педагог ёки тиббиёт ходимлари ҳам бўлиши мумкин.

Камчиликлари бўлса-чи?

Агар энага сифатида узоқроқ қариндошингиз ёки қўшнингизни танласангиз, муносабатларингизни сақлаб қолиш учун айрим хатоларига кўз юмишингизга тўғри келади. Албатта, катта хатолар бундан мустасно. Шунинг учун бу борада жуда эътиборли бўлинг.


Zamin.uz нинг Vkontakti’даги расмий саҳифасига обуна бўлиб, янгиликлардан хабардор бўлинг.