11:09 / 23.12.2016
7 221

Янги йилгача улгуришингиз лозим бўлган 20 юмуш

Янги йилгача улгуришингиз лозим бўлган 20 юмуш

Мана 2016 йилни тугашига ҳам саноқли кунлар қолди. 31 декабрь санаси яқинлашгани сари қилиниши лозим бўлган ишлар кўпайса кўпаядики, асло камаймайди. Қуйидаги 20 юмушни бажариб, бир йил орзиқиб кутган байрамингиз кўнгилдагидек ўтишини таъминланг. Омад ёр бўлсин!

Қазрлардан қутулинг

Янги йил арафасида карз, берилган ваъда, умуман, ишингизни ортга суриши мумкин бўлган юклардан халос бўлинг. Шунингдек, коммунал тўловларни ҳам тўлашни унутманг!

Саломатлигингиз ҳақида қайғуринг

Анчадан буён симиллаб турган тишларингизни даволатинг. Ахир Янги йил кечаси истайсизми-йўқми иссиғу совуқ таомларни аралаштиришга тўғри келади. Атрофдагилар ўйин-кулгу қилиб ўтирганда “вой тишим”лаб қолмай десангиз, бу ишни асло кечиктирманг! Кўз нури билан боғлиқ муаммолар кузатилса, мушакбозликни яхшироқ томоша қилиш учун кўзойнак ёки контакт линзалар сотиб олинг.

Совға харид қилишни кечиктирманг!

Аввал бошдан кимга, қандай совғалар беришингизни режалаштириб олинг. Ва фурсатни бой бермай харидга отланинг. Ўзингизга маълум, байрам арафасида кўнгилдагидек совға топиш муаммо туғдириши мумкин. Вақтлироқ ҳаракат қилсангиз нарх-наво ҳам ҳамёнингизга оғирлик қилмайди.

Парҳезни бошланг.

Аёллар Янги йилни янги кўйлакларда қарши олишни хуш кўришади. Эгнингиздаги кўйлак қоматингизга қолипдай ўтириши учун ортиқча сантиметрдан халос бўлиш керакми? Бугундан бошлаб хамирли ва ёғли таомлардан воз кечинг. Ширин, шўр ва аччиқ маҳсулотлардан ҳам эҳтиёт бўлинг.

Дам олишни режалаштиринг

Янги йилнинг илк кунларини хуш кайфиятда қаршилаш учун кўнгилли хордиқни режалаштириб олинг.

Косметолог қабулига ёзилинг

Хонадонингизга келган меҳмонларни нафақат ширин таомлар, мазали пишириқлар, балки бетакрор кўринишингиз билан маҳлиё қилишни истасангиз, хозирдан харакатни бошланг. Косметолог хузурига боришга, албатта, вақт ажратинг. Кунлар салқин бўлганлиги боис кимёвий пилинг, мезотерапия ёки юзни тозалаш муолажалари айни муддао.

Ҳайрли ишларга ошно бўлинг

Оила аъзоларингиз ва атрофингиздагиларга Янги йил кайфиятини туйишига кўмаклашинг. Дўстларингиз билан маслаҳатлашиб меҳрибонлик уйидаги кичкинтойларга ширинликлар, совғалар улашинг. Ишонинг бундан нафақат болажонлар, балки ўзингиз ҳам бир олам завқ ва қувват оласиз. Анчадан буён бетоб бўлган танишларингизни йўқланг. Кексаларнинг кўнглини кўтаринг.

Дори-дармонларни ғамлаб қўйинг

Инсон кўз ўнгида тўкин дастурхон, турли нозу неъматлар турганида меъёридан ортиқ таом тановул қилиб юборади. Беҳосдан куйиб қолиши, ёки бош оғриғи безовта қилиши мумкин. Шу сабабдан дори-дармон қутингизни яна бир бор текшириб, камчиликларини тўлдириб қўйинг. Ахир дорихона ходимлари ҳам дам олишга хақли.

Табассумингиз кўзни қамаштирсин

Бунинг учун эса тишларингизни лазер ёрдамида оқартиринг. Муолажа 15 дақиқадан 35 дақиқагача вақтингизни олиши мумкин. Ундан сўнг, албатта, дугоналарингиз билан бир пиёла чой устида кўришиб, янгиликлардан хабардор бўлинг.

Бозорлик учун энг қулай пайт

Гарчи шодиёнага бир ҳафтадан ортиқроқ вақт қолган бўлсада, майонез, консерваланган сабзавотлар, ун каби муддати ўтмайдиган маҳсулотларни ғамлаб қўяверинг.

Навбат арчага

2017 йил арча ясатишда кўк, сиёҳранг, яшил ва тилла ранг ўйинчоқлар урфга кириши таъкидланмоқда. Ўтиб кетаётган 2016 йилдан энг ёрқин хотира қолиши учун безатган арчангизнинг атрофида суратга тушинг.

Болажонларни театр томошасига олиб боринг

Мана қишки таътил кунлари ҳам бошланди, фарзандларингиз вақтини мароқли ўтказишлари учун имкониятлар етарли. Биринчи навбатда, уларга шеър, қўшиқ, топишмоқ, тез айтишлар ўргатинг. Сўнг ўқув йилини яхши бошлаб олганлари, чоракларни аъло баҳога тугатганликлари учун уларни рағбатлантириб, турли томошаларга олиб боринг.

Янги кўйлак сотиб олинг

2017 йилнинг илк кечаси учун модельер-дизайнерлар ёш қизлар учун тизза узунлигидаги, ўрта ёшдаги аёллар учун эса узун кўйлакларни тавсия этишмоқда. Шунингдек, бу оқшом учун қизил, яшил, бирюза, ёрқин рангдаги кўйлаклар айни муддао бўлади.

Сочингизни бўятинг

2017 йилни ўзгача кўринишда кутиб олишга қарор қилган бўлсангиз, биринчи навбатда сочларингизга эътибор қаратинг. Уни бўянг, кестиринг ва шакл беринг. Бу ишларнинг барини байрамдан бир ҳафта аввал бажарилгани мақсадга мувофиқ. Мабодо, ранги кўнгилдагидек чиқмай қолса, очартириш ва қайта бўяш учун вақт этарли бўлиши лозим-да.

Қорбобо ва Қорқизни таклиф қилинг

Байрам оқшоми “Қорбобожон қайдасан” деб излаб юришни истамасангиз аввалдан бунинг чораларини кўриб қўйинг. Агар ўзингиз ёки яқинларингиз бу вазифани бажаришга қарор қилсангиз махсус кийимларга буюртма бериш ёдингиздан чиқмасин.

IP телевидениега уланинг

Чунки севимли кўрсатувингизни кўра туриб бир муддат чалғишга тўғри келиб қолса-ю, қайтганингизда давомидан кўришни истасангиз энди бунинг ҳам имкони бор.

Уйларни тозаланг

Мана уй тозалашга ҳам навбат келди. Йилнинг биринчи куни қандай бошланса, шундай давом этади, деган нақлни ҳаммамиз эшитганмиз. Шунинг учун уйни “ёғ тушса ялагудек” қилиб тозалашга киришинг.

Хонадонингизни безатинг

Кеча уйингизни тозаладингиз. Шу сабабдан байрамга бугун уни безатишга киришсангиз ҳам бўлади. Деразаларга тиш пастаси ёрдамида қорбобо ва қор қиз суратини чизинг, парда ва жавонларга янги йил тасмаларини илиб чиқинг. Шунингдек, дастурхон, сочиқ ва идишларингизни бир бор кўздан кечиринг.

Энг тотли таомларни пиширинг

Байрам таомномасини аллақачон тузиб қўйгинингизни биламиз. Дастурхонимни антиқа ва мазали таомлар билан безатаман десангиз, севимли газетангиз сиз учун махсус тайёрлаган рецептларидан фойдаланинг. Пишириқларингиз орасида, албатта, “тилаклар печеньеси” ҳам бўлсин.

Бу кунни ўзингизга бағишланг

Эрта тонгдан салқиган қовоқларга кўк чойли муз бўлакларини қўйинг. Юз ниқобини дастурхон тузашдан аввал юзингизга суртиб олсангиз вақтдан ютасиз. Энди пардозга киришса ҳам бўлади. Бу ишда ҳам меъёр ва чегарани аниқлаб олинг. Сочни турмаклатиш учун гўзаллик салонига боришга вақтингиз бўлмаслигини биламиз. Ёнингизда фен, соч дазмоли ва соч учун лак бўлса кифоя, ўзингизга ёққан турмакни танлаб, қадамма-қадам амалга оширинг. Якунида маникюр ҳам ёдингиздан чиқмасин.


arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Янги йилгача улгуришингиз лозим бўлган 20 юмуш