Оригинал атирни қалбакисидан қандай фарқлаш мумкин? » Ўзбекистон янгиликлари – Zamin.uz

Оригинал атирни қалбакисидан қандай фарқлаш мумкин?

Ҳаёт тарзи 1-01-2017, 21:15 1 380
Оригинал атирни қалбакисидан қандай фарқлаш мумкин?

Машҳур брендларнинг атирлари арзон турмаслиги барчамизга маълум. Бу пуллар атир қутиси ва идишини қалбакилаштиришни ўрганиб олган фирибгарларга насиб қилишини истамаймиз, албатта. Атир харид қилишда унинг сохтасига учрамаслик учун нималарга эътибор қаратиш лозим?

Сертификатини текширинг

Қўлингизда оригинал ёки қалбаки атир ушлаб турганлигингизни аниқлашнинг энг синалган усули — сотувчидан унинг сертификати, аниқроқ айтганда, ишлаб чиқарувчиси, дистрибьютори ва ишлаб чиқарилган давлат кўрсатилган мувофиқлик декларациясини сўрашдир.

Синалган дўкондан харид қилинг

Агар бундан аввал бирор дўкондан оригинал атир харид қилган бўлсангиз, кейинги сафар ҳам янги атир учун унга йўл олишни тавсия этамиз. Агар биринчи марта харид қилаётган бўлсангиз, дўст ва танишларингизнинг тавсияларига қулоқ тутинг.

Атир ўрами (упаковка)ни кўздан кечиринг

Агар дўкондан сертификат сўрашга журъат қилолмаётган ёки сизга атирни совға қилишган бўлса, унда бошқа белгиларга қараб унинг сифатини аниқлашингизга тўғри келади. Ишни картон қутининг ташқи кўринишини кўздан кечиришдан бошлаймиз. У қимматбаҳо ва ўзига жалб қилувчи кўринишга эга бўлиши керак.

Картон қалин, ёрқин рангларда бўлиши, ундаги ёзувлар аниқ ва осон ўқилиши керак. Агар ўрам полиэтиленга ўралган бўлса, у юпқа ва қутига жипс ёпишиб туриши, унинг четлари қўпол ёпиштирилган эмас, кавшарланган бўлиши лозим.

Атир идишига аҳамият беринг

Идиш шишаси сифатли, ичида пуфакчалари ва бошқа камчиликлари бўлмаслиги лозим. Агар шиша рангли бўлса, у ташқи томондан бўялган бўлмаслиги, яъни бўёғи кетиб қолмаслиги керак. Қопқоғи етарлича оғир ва флаконни зич ёпиб туриши лозим.

Флаконни силкитиб кўринг. Сифатли атирда пайдо бўлган пуфакчалар 10—15 сониядан кейин, сифатсизида эса ўша заҳоти йўқолади.

Атир нархи ҳам муҳим жиҳат саналади. Агар расмий сайтида Dior атири 150 евро бўлиб, сотувчи эса уни 150 минг сўмга таклиф қилаётган бўлса, демак бу ерда бир гап бор.

Манба: Дарё.уз


Zamin.uz нинг Vkontakti’даги расмий саҳифасига обуна бўлиб, янгиликлардан хабардор бўлинг.