11:20 / 21.04.2017
16 212

Хотинимга фақат пулим керак (ҳаётий ҳикоя)

Хотинимга фақат пулим керак (ҳаётий ҳикоя)
1-кадр.
Дастлаб ҳаммаси яхши эди. Бизнесим ривожланаётган вақтида аёлим мени ҳар томонлама қўллаб қувватларди. Оиламизда пул билан боғлиқ муаммо деярли бўлмаган. Рафиқам уйда ўтирсада, бозорнинг энг олди кийимларини кияр, тилла буюмларни ҳам истаганича олиб берардим. Унга қийналмасин деб уй хизатчиси ҳам ёллагандим. Назаримда биз умримизнинг охиригача бахтли яшашимиз керак эди. Лекин кутилмаганда ишларим орқага кетди.

Бизнес худди ўйинга ўхшайди. Бир кун ютказасиз, бир кун ютасиз. Оиламиз учун синовли кунлар бошланганди. Энди ҳар бир сўмни ўйлаб ишлатишга тўғри келди. Уй хизматчисини ишдан бўшатдим, харажатларни қисқартирдим. Овқатни иссиқ еёлмайсиз деб менга ҳаммадан олдин овқат сузиб қўядиган хотиним дарров ўзгарди. У кечки овқат қилдингми десам кўчада овқатланиб келинг дейдиган, гапирсам жеркиб ташлайдиган бўлиб қолди. Илгари бошқа аёллар иккита картошка битта сабзидан нима овқат қилишим мумкин деб ўй сурганида меники қайси ресторанда нима ейишни муҳокама қилаётган бўларди.

Энг алам қилгани у менинг ишларим яна юришиб кетишига ишонмади. Мени омадсизликда, ношудликда айбларди. Демак, у шунча йиллардан бери пулим учунгина яхши хотин ролини ўйнаган эканда. Афсус, кўзим кеч очилди. Энди ишларим орқага кетганидан кейингина у ортиқ мен билан яшолмаслигини айтди. Ўз жуфтини қийин ҳолатда ташлаб кетишга уялмаган бу аёлнинг асл юзини нега илгарироқ билмадим деган савол менга тинчлик бермаяпти. Вақти келиб ишларим яна юришганида аминманки у яна қайтиб келади. Лекин синган кўнгилни ямаб бўлармикан?

ИШ ОИЛАДАН АЗИЗМИ?

2-кадр.
Хўжайиним фақат ишини ўйлайди. Уйга келиб ҳам ўз хонасида ишлайди. Баъзан у бутун ҳаётини ишга бағишлаган деб ўйлайман. Унинг учун байрам ҳам, дам олиш куни ҳам йўқ. Доим иш, иш, иш. Болалар шовқини ёқмайди, оилавий тадбирларга вақти йўқ. Мен сизлар учун, фарзандларимнинг келажаги учун ҳаракат қиляпман, кўпроқ ишласам кўпроқ пул топаман - унинг ҳар доимги изоҳи шу.

Тўғри, у оилани таъминлайди, бу ҳам осон ишмас. Лекин болалар отасини баъзан икки уч кунлаб кўрмай қолади. Ҳа, сен борсанку, иккаламизнинг ўрнимизга қарайвер - у фарзандларига вақт ажратолмаётганига оддий ҳолат деб қарайди. Унинг кўп ишлашига ўрганган ўғлим бир куни отаси ишдан эртароқ келса дада бугун бизникида қоласизми деб сўраганида кулиб юбордим.

Кулишга кулдиму аслида йиғлагим келди. Назаримда эрим ишини биздан ҳам кўпроқ яхши кўради. Мен эса унинг оилага ҳам вақт ажратишини, оила даврасида кўпроқ вақт бирга бўлишини истайман.

ЭР ЭР ЎРНИДА, АЁЛ АЁЛ ЎРНИДА БЎЛСИН ЭКАН

3- кадр.
Турмушга чиққунимча уйга бозорлик қилмаганман. Жуда замонавий қиз эдим. Мен келин бўлган хонадонда эса оила ташвиши асосан аёллар зиммасида экан. Бошимга тушгач, катта-катта оғир халталарда рўзғор учун бозор ҳам қилдим. Айниқса, фарзандли бўлгач оилада моддий етишмовчилик бўлаверди. Боламни боғчага бергач ишга ҳам тушдим. Аммо барибир иқтисодий қийинчиликлар ўз ҳукмини ўтказар, мен яна пул топиш ҳақида ўйлардим.

Турмуш ўртоғимга сиз ҳам ҳаракат қилинг десам, мен фақат ойлик оламан, бошқа иш қилишни билмасам нима қилай деб елка қисиб тураверади. Таниш билишлар орқали яхши ойлик тўланадиган тунги навбатчиликдаги ишга ҳам кирдим. Кундузи ишлайман, болаларни боғчадан уйга олиб боргач, кечки овқат қилиб кейин навбатчиликка кетаман. Ҳам кундузи, ҳам кечаси ишлаганим учун ҳолдан тойсамда, рўзғорим камини тўлдираётганимдан хурсанд эдим. Иккита жойда ишлайман, уй ишлари, рўзғор юмушларининг ҳаммаси менинг бўйнимда.

Бора-бора доим шошилиш, иккита ишнинг масъулияти-ю, югур югурдан чарчадим. Эрим эса мен топган пулларни уялмай ишлатаверади. Ҳали дўстлари билан чойхонага борган, ҳали маҳаллада танишлари билан улфатчилик қилган. Мен эса бир сўмни икки сўм қилиш учун ишлайвераман. Мен оила ташвишини ўз бўйнимга олиб хато қилганимни тушунаяпман, лекин энди кеч. Турмуш ўртоғимнинг мени қийналиб топган пулларимни бемалол совуришини кўриб ундан нафратланиб кетаман. Лекин начора эримни шу ахволга келиб қолишига ўзим айбдорман.

Уч тақдир, уч оиладаги муҳит билан танишдингиз. Ҳар бир қаҳрамон ўзича ҳақ. Оила, иш, пул. Бу уччаласи ҳам муҳим. Асосийси эса уларни бир бирига қарши эмас, ёндош қўйсак тўғри бўлармиди?

Манба: www.dia.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Хотинимга фақат пулим керак (ҳаётий ҳикоя)