07:04 / 22.04.2017
7 622

Ширин ичимликлар истеъмоли мия фаолиятига салбий таъсир кўрсатиши аниқланди

Ширин ичимликлар истеъмоли мия фаолиятига салбий таъсир кўрсатиши аниқланди
Газли ичимликлар ва мева шарбатларининг доимий истеъмоли хотиранинг сусайиши ҳамда мия ҳажмининг кичрайишига сабаб бўлиши мумкин. Alzheimer's & Dementia журналида чоп этилган мақолада олимлар шу ҳақида маълум қилишди.

"Биз ширин ичимликларнинг кўп истеъмол қилиниши ҳамда мия атрофияси ўртасида боғлиқлик борлиги, хусусан мия ҳажмининг кичрайиши ва хотиранинг сусайишини аниқладик. Боз устига, мия томирлари фаолиятида тўсиқлар пайдо бўлиш ҳамда фалаж хавфи, шунингдек кексаликда ақлнинг заифлашуви эҳтимоли уч карра ошади", - дейди Бостон (АҚШ) университети олими Мэттью Пейз.

Сўнгги йилларда олимлар ва шифокор-парҳезшунослар ширин ичимликларнинг соғлиққа таъсирини жиддий муҳокама қилишмоқда. Яқинда Бостондаги Тафтс университети тадқиқотчилари газли ичимликлар истеъмоли диабет ва шу каби салбий асоратлардан бир йилда тахминан 184 минг кишининг ҳаётдан кўз юмишига сабаб бўлишини маълум қилишган эди. Уларнинг аксарият қисми АҚШ, Мексика ва Лотин Америкасига тўғри келади.

Пейз ва унинг ҳамкасблари ширин ичимликлар нафақат метаболизмга, балки ақл салоҳиятига ҳам салбий таъсир кўрсатишини маълум қилишган. Улар FHS лойиҳаси доирасида ўтган асрнинг ўрталаридан Фрэмингхэм шаҳридаги 4 минг америкаликнинг мия фаолияти, юрак ва қон томирлари саломатлигини ўрганиб, шундай хулосага келишди.

Олимлар 10 йил давомида тадқиқот иштирокчиларининг IQ даражаси ва бошқа интеллектуал кўрсаткичлари қандай ўзгарганини магнит-резонанс томографи ёрдамида ўрганиб боришган ҳамда ушбу маълумотларни FHS иштирокчилари парҳези ҳақида билганлари билан солиштириб, улар орасидаги боғлиқликни аниқлашга ҳаракат қилишган.

Маълум бўлишича, кунига 1-2 порциядан ортиқ газли ичимлик, мевали шарбатлар истеъмоли мия фаолиятида бир қатор камчиликларни келтириб чиқарар экан - кексаликда ақлнинг заифлашуви, фалаж хавфи ҳамда хотира билан боғлиқ муаммолар шулар жумласидандир.

Бундай кишиларда мия ҳажми ўртача 1 фоизга кичик бўлган, гиппокамп, хотира маркази ҳажми эса 2 фоизга қисқарган.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Ширин ичимликлар истеъмоли мия фаолиятига салбий таъсир кўрсатиши аниқланди