14:57 / 28.04.2017
8 803

Пул ишлатишни биласизми?

Пул ишлатишни биласизми?
Кимдир маошдан маошгача қарз-қавол билан етиб олади. Кимнингдир топганида эса барака бор! Ҳамма гап қандай ҳаракат қилишда, дерсиз. Албатта! Аммо пешана тери тўкиб топилган маблағни қандай сарфлашда ҳам гап кўп. Хўш, сиз бу борада қанчалик уддабуронсиз. Кичик тестимиз орқали буни билиб олишингиз мумкин.

1. Ҳар доим дўконга отлана туриб...

А. Нима харид қилишим ва қанча сарфлашимни аниқ режалаштириб оламан.

Б. Нималарга заруратим борлиги тахминан аниқлаб, ҳамёнимнинг аҳволи шунга ярашами-йўқми ҳисоблайман.

В. Барибир истакларимга таслим бўлишимни билиб, ҳеч нарсани китоб-қилмасдан отланаман.

2. Дўконга киргач...

А. Режалаштирган нарса-буюмларим сотиладиган раста томон юраман.

Б. Нимадир қизиқарли нарсага дуч келармиканман деб дўкон айланаман.

В. Бир қучоқ кийим-кечакларни олиб, кийиб кўраман.

3. Либосларни кийиб кўргач, уларни нима учун харид қилишингиз мумкин?

А. Арзонга тушгани сабаб.

Б. Ярашгани учун.

В. Дидимга мос келгани учун.

4. Сизнинг ҳамёнингизнинг шиори...

А. Қора кунга атагани бўлиши шарт.

Б. Пул пулни чақиргани сабаб, бир-икки сўм турса, кифоя.

В. Пул — қўлнинг кири.

5. Пул сизни бошқарадими ё сиз пулни?

А. Албатта мен! Нимага қанча сарфлаш керак, доим биламан!

Б. Шу ҳам саволми?

В. Пул, бу — катта зарурат. Мен усиз кўчага бир қадам ҳам ташламайман.

6. Ҳавасингиз келган буюмга қўлингиз юпқалик қилаяпти, сиз...

А. Имкониятларимни доим тўғри баҳолаб, кейин нимагадир қўл узатаман.

Б. Жуда хафа бўламан, аммо наилож?

В. Албатта, кимдандир қарз сўраб тураман.

7. Савдо шохобчасида сотувчи билан узоқ баҳслашасизми?

А. Ҳа, ҳеч қачон айтилган нархга харидни амалга оширмайман.

Б. Ҳар доим ҳам эмас, ўзимга ёққан нарсани индамасдан сотиб оламан.

В. Йўқ, савдолашиш менга эмас.

Натижа

Агар сиз жавоблардан «А» вариантларни танласангиз, демак, пулни ўйлаб ишлатадиган, таъбир жоиз бўлса, бироз зиқнароқсиз ҳам. Режалаштирганингиздан бир сўм ҳам ортиқча сарфламаслик сизга хос хусусият. Доим ёнингизда ортиқча пул топилади. Ҳуда-беҳудага уни ҳавога совуришдан эҳтиёт бўласиз. Бу борада бироз ўзингизга эрк берсангиз, осмон узилиб ерга тушмайди. Яъни истакларингизни зиқналик билан бўғиб қўйманг. Кези келганда, зиқна, кези келганда қўли очиқ бўлишни ўрганинг.

Агар саволларнинг аксариятига «Б» жавоби шаклида муносабат билдирган бўлсангиз, сиз учун пул ҳам, уни сарфлаш ҳам муаммо эмас. Яъни аввало кўнгилга, кейин ақлга, ундан сўнг ҳамёнга қулоқ тутадиганлар тоифасидансиз. Фақат доим ҳам бундай йўл тутиш ярамайди. Катта харидлар учун бозорга борганда майда-чуйдаларга алданиб қолишингиз ҳам эҳтимолдан холи эмас. Асосий мақсаддан чалғимаслик учун маблағингизга жиддийроқ муносабат билдиринг.

«В» шаклидаги жавоблар кўрсаткич юқори бўлса, табиийки, исрофгарсиз. Сиз учун пул сарфлаш пуфакларни шамолга учиришдек гап. Шунинг учун ҳам ойликдан ойликча бир амаллаб етиб оласиз. Кимдандир қарз сўраб туришга ҳам тортинмайсиз. Бу одатларингизни тарк этмас экансиз, бирингиз икки бўлиши қийин. Топганингизни бўлар-бўлмас нарсалар учун сарфламасдан, режа асосида ишлатишни ўрганинг. Бўлмаса, тоғдек захирангиз ҳам нураб кетади. Яхшиси, харажатларингизни қайд этиб борадиган дафтарча тутинг-да, бир ойлик олди-бердингизни ёзиб боринг.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Пул ишлатишни биласизми?