14:10 / 16.05.2017
16 814

Иссиққина нонни ейишга шошилманг, ие, қаймоққа ботирмай туринг!

Иссиққина нонни ейишга шошилманг, ие, қаймоққа ботирмай туринг!
Нима эмиш, иссиққина нонни узилган заҳоти ейиш зарарли эмиш. Бўлмаган гап, дейсизми? Мен ҳам шундай деб ўйлардим. Қандай қилиб тандирдан эндигина узилган иссиққина, бўрсилдоққина нонлар иштаҳангизни очиб, “Мени е” деб турса-ю, бу ёқда сен унинг зарари ҳақида ўйлаб, “Есамми-емасамми” деб асабийлашиб ўтирсанг, инсофданми? Айниқса, иссиқ ноннинг ёнида бир пиёла қаймоқ ўзини кўз-кўзлаб турганда… Аммо… Бир каттанинг, бир кичикнинг гапига қулоқ сол, деганларидек, “Қани, нимаси зарар экан?” деган мақсадда бу ҳақдаги маълумотларни бир варақлаб кўришга аҳд қилдим. Ё тавба… Нима экан, дейсизми? Сиз ҳам бир ўқиб кўринг-а, балки шунда иссиқ ноннинг олдида менга ўхшаб нафсингизни тийишни бироз ўрганарсиз.

Нон: Фойдалими? Зарарлими?
Ҳеч қачон меъдага тегмайдиган таом нондир, у ҳамма овқатларга қўшиб ҳам, алоҳида ҳам истеъмол қилинади. Буғдой инсоннинг фикрлашига ижобий таъсир этадиган асосий озуқалардан ҳисобланади. Ўтмишда улуғлар гўшт-ёғдан ўзларини тийган бўлсалар ҳам, нондан юз ўгирмаганлар. Аммо гап уни қандай ейишда.

Хўш, нонни қандай ейиш керак?
Табобат доим нонни суви қочган, ҳатто қотган ҳолатда истеъмол этишни тарғиб қилиб келди. Нима учун? Чунки суви қочган, қотган нон ёки нон талқони ошқозон-ичак йўлларини яллиғланишдан сақлайди, уларни тозалайди ва ҳазм аъзоларидаги шиллиқ ажратувчи безларга ижобий таъсир ўтказади. Қаттиқ ёки суви қочган нонда, айниқса, нон талқонида хамиртуруш ачитмалари қолмайди. Аксинча, юмшоқ нонда, айниқса, иссиқ нонда хамиртуруш ачитмаси кучли бўлиб, у ошқозон-ҳазм йўлларидаги шиллиқ безларига ўта салбий таъсир қилади, турли касалликларни келтириб чиқаради, ичаклар яллиғланишига олиб келади.

Бундан, баъзи хорижий журналларда ёзилаётганидек, хамиртуруш зарарли, деган хулоса чиқмайди. Хамиртуруш солинмаса, хамир ошмайди, етилиб чиқмайди. У ноннинг асосидир. Нонга нонлик кўринишини беради, узоқ турадиган қилади, ранг, маза-матра киргизади ва овқатларнинг ҳазм бўлишида фаол қатнашади, одамнинг ортиқча озиб кетишига йўл қўймайди, қонни кўпайтиради ва тозалайди. Хамиртурушли ноннинг яна бир қанча ижобий томонлари бор-ки, улар бошқа неъматларда йўқ. У фақат, юқорида айтганимиздек, иссиқ нондагина зарарли бўлади.

Хуллас, шунақа гаплар! Лаббай?! Совиган нонда маза бўларканми, дейсизми? Буниси энди сизнинг қанақа иштаҳа билан ейишингизга боғлиқ. Начора, соғлиқ ҳамма нарсадан устун. Ҳатто иссиққина, бўрсилдоққина нондан ҳам. Хўш, фикримга қўшиласизми? Қаранг. иссиқ ноннинг зарари ҳақида гаплашиб, дастурхондаги ноним ҳам совиб қолибди. Энди, есам ҳам бўлар. Сизга ҳам ёқимли тонгда ёқимли иштаҳа!

Абдулазиз САИДНУРИДДИН ўғли

Манба: hordiq.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Иссиққина нонни ейишга шошилманг, ие, қаймоққа ботирмай туринг!