16:06 / 18.06.2017
7 439

Тақдирни ўзгартирган таклиф

Тақдирни ўзгартирган таклиф
Ишдан таътилга чиқиб, қишлоққа йўл олдим. Туғилиб ўсган юртимга келмаганимга ҳам анча бўлганди. Бироз дам олиб, йўлнинг чарчоғи чиққач, янгам билан у ёқ-бу ёқдан гурунглаша бошладик. Негадир кўнглимда ҳадик билан янгамнинг оғзини пойлардим. «Бу… Арофат деганингиз жуда бўлмағур чиқди-да», деб қолармикан?» деган хавотир бор эди кўнглимда. Дунёда ўзинг яхши билмайдиган одамга кафолат беришдан ҳам қийини йўқ экан. Шу беш-олти ой хаёлимнинг бир четида доим Арофат турди. «Ишқилиб, уни шайтон адаштирмасин», дея тилак тиламаган куним бўлмади. Янгам нуқул менга у қадар қизиқ бўлмаган янгиликлар ҳақида гапирарди. Ахийри сабрим чидамади:
— Янга, Арофат тинчми? — деб сўрадим.
— Қайси Арофат? — деди янгам.
— Арофат-да, Султонхон опанинг келини…
— Ҳа, уми? Юрибди…
* * *
Дарсим жуда кўп эди ўша куни. Саккиз соат тик оёқда туриб жаврашнинг ўзи бўлмайди.
Уйга келиб, ечингани ҳам ҳолим бўлмай, диванга ястаниб, мудраётган эдим, эшик қўнғироғи жиринглади. Очсам, Арофат билан уйимизга бир-икки марта келган талаба қиз Шириной экан. Ёнида мен тенги бир аёл ҳам бор. Уйга таклиф қилдим.
— Арофатнинг ҳамқишлоғи экансиз, — дея гап бошлади ўзини институт хотин-қизлар кенгаши раиси деб таништирган аёл.
— Ҳа, шундай-шундай, — дедим ҳеч нимага тушунмай.
— Шу… Отасига қўнғироқ қилиб чақиртирмоқчи бўлдик. Кейин Шириной қизимиз сизни айтиб қолди, педагог, деди. Шунинг учун сиз билан маслаҳатлашгани келдик.
— Тинчликми? Арофатга нима бўлди?
Аёл бироз қизишиб гапириб берган воқеадан билдимки, Арофат ноқулай аҳволда қолибди.
Ётоқхонанинг кирхонасидан аввал ҳам қизларнинг кийими йўқолар экан. Кимнингдир ювиб қўйган кофтаси ғойиб бўлса, бошқа бировнинг шарфи. Ахийри тоқати тоқ бўлган қизлар ўғрини пойлашибди. Бир куни Арофатни ўғрилик устида ушлаб олишибди. Хонасига кириб, сумка ва жомадонларини титкилашса, ўғирланган буюмлар чиқибди.
— Ўзи салга асабийлашиб, ловуллаб кетадиган қиз. Ҳозир ётоғида қизлар пойлаб ўтирибди. Кечаси ўзини деразадан ташлаётганида, ўртоқлари зўрға ушлаб қолишибди. Бошимиз қотиб қолди. Отасини чақиртириб, уйига жўнатиб юборамиз, дегандим. Шириной айтди. Ўгай онанинг қўлида қийналиб катта бўлган экан. Икки йил ўқишга киролмай, учинчи йили кирган, деди. Одамнинг ичи ачийди. Аммо бу аҳволда уни ушлаб туриб бўлмайди…
Аёлнинг гапидан бошим қотди. Унга нима дейишни билмасдим. Арофатнинг отаси қизини ўқишга олиб келганида мени қора тортиб келиб: «Онаси… Иккинчи аёлим ёмон эмас, уйим-жойим дейдиган хотин. Шу… Арофат уни қабул қила олмади… Иккови ҳеч чиқишолмайди. Йўлини топиб кетар, деб ўқишга олиб келдим. Аввалги йиллари киролмади. Сизникида туриб турса. Кейин ўқишга кирсаям, кўз-қулоқ бўлиб турсангиз», деганди. «Уйимда қанча қизлар туриб, ўқиб, битириб кетишган. Арофат ҳам шуларнинг бири-да», деган хаёлда рози бўлгандим. Аммо бу қиз жиззаки, сиркаси сув кўтармайдиганлардан экан. Етим ўсгани, икки йил ўқишга киролмагани учун бошқалар айбдордай эди гўё. Болаларимга ҳам Арофат унча ёқмади. Ўқишга киргач, ётоқхонага жойлашди. Мана энди уни «ўғри» деб келиб туришибди…
Нима қилишни билмай, мендан маслаҳат сўраб келган устозига: «Ўзи шунақароқ қиз, уйига жўнатиб юбораверинг», дейиш осон. Аммо кейин у нима қилади? Қандай яшайди?
— Ҳозир бирга олиб келавермабсизлар-да, — дедим жўялироқ гап тополмай.
— Уйингизга олиб келсак бўладими? Қизлар жуда қийналиб кетди, — деди раиса аёл.
— Сайёра опа, Арофат ўзи унақа ёмон қиз эмас. Кимнинг нарсасини олган бўлсаям, ўшалар унинг ғашини келтиргани учун шундай қилган. «Кампиршо» дейишадими-ей, биздан катта-ку, шунга. Кейин йиғди-йиғдиларга қийналади, «қурумсоқ», дейишади…
Шириннинг шу тарздаги гапларидан сўнг нима бўлсаям, Арофатни уйга олиб келмоқчи бўлдим.
— Шириной, сиз унинг ўртоғисиз. Ҳозир мен ёнига борсам, бу воқеадан хабардорлигим сезилиб қолади. Ўзингиз олиб келасизми?
— Қўрқаман, Сайёра опа, йўлда ўзини бир нарса қилиб қўйса-чи?
— Сиз «Сайёра опани кўчада кўргандим, келинглар, деб роса тайинлади», денг.
Хуллас, улар билан маслаҳатни бир жойга қўйиб, Арофатни уйимга кўчириб олиб келдим. Аммо у: «Ўқишга бормайман», деб туриб олди.
* * *
Баъзан ўз болангнинг ташвиши ўзингга ортиқчалик қилади. Шундай кезларда кўчага чиқиб кетгим келади. Энди бу ташвишларга Арофат ҳам қўшилди. У институтга боришга борди-ю, лекин «Ичимдагини топ» бўлиб қолганди. Кўпинча нонушта қилмай, институтга кетиб қоларди.
— Ойи, у баъзан бир пиёла қатиқ ичиб, уззукун оч юради. «Сизларнинг овқатларингга шерик бўляпман, текин томоқ, деб ёмон кўрасизлар», дейди, — дерди болаларим сабабини сўраганимда.
— Вой, одамнинг қорни бир бурда нон, ярим пиёла сувга ҳам тўяди. Ҳеч қачон унақа эмас, демадингларми?! — уришардим болаларимни.
— Э, ўзи унингиз ғалати.
Болаларимнинг бундай гапларидан бошим гаранг бўлиб юрган пайтлари бир куни кўчада Фирдавсни кўриб қолдим.
Хаёлимга бир фикр келди.
— Фирдавс, ўғлим, юр, анави кафеда бир пиёла чой ичайлик, — дедим уни йўл четидаги емакхоналардан бирига бошлаб.
Фирдавс ҳамқишлоғимизнинг ўғли. Ҳуқуқшунослик факультетини битиряпти. Яна қаердадир ишлайди. Яхши оиланинг фарзанди. Чой ичиш баҳонасида унга Арофат ҳақида гапириб бердим.
— Одамлар етимлар учун иморат қуриб, уларга тўйлар қилиб беришади. Бу жуда катта савоб. Аммо бир етим қиз тақдирига ёруғлик олиб кириш, уни ўз кучига ишонтириш, ҳаётга боғлаш икки ҳисса савоб бўлса керак. Фирдавсжон, шу қиз билан дўстлашсанг, — дедим сўнг гапимни якунлаб.
— Дўстлик дегани ҳам илоҳий бир туйғу. Сайёра опа, нон-тузингизни еганман, «йўқ» десам, ғалати бўлади. Лекин у қиз менга ёқмаса-чи?
— Аввало, ёқсин. Агар ёқмаса ҳам, унга дўстона муносабатда бўлсанг, ўзингга яқин олсанг, қалбида бир илиқлик пайдо бўлармиди?
Ўзим ҳам бу таклифимнинг ғайриоддийлигини билиб турардим. Лекин ўйлаб топган ягона йўлим ҳозирча шу эди.
— Фирдавс, яхши йигитсан, бир уриниб кўр, балки…
Фирдавсни ростдан кўра ҳазилга ўхшаб кўринган бу таклиф бироз қизиқтириб қўйди. Мен у келадиган кунга Арофатни тайёрладим, кийинтирдим. «Ҳамқишлоқларимиз келишади. Арофат бир аҳволда юрган экан, деган гап қишлоққа етмасин, очилиб ўтир», дедим. Фирдавс бир-иккита ўртоғи билан келди. Чиройини очса, бинойидай кўринадиган Арофат ҳам шу оқшом ҳар кунги тундлигини қилмади. Аслида, битта одамнинг бахти минг-минглаб кишиларнинг орасида ҳеч гап эмас, Фирдавсни уйга бошлаб келганим ҳам оддий бир воқеадир. Аммо ўша пайтда уларнинг бир-бирига сирли қараб қўйишларидан теримга сиғмай қувонардим.
Улар учраша бошлашди. Тунд, одамови қиз ўзгарди-қолди. Ойна олдидан кетмайдиган, кундалик ишларга жон-жаҳди билан қарашадиган, қизларимдан пишириқларни ўрганадиган бўлди. Ҳатто кечалари ярим тунгача дарс қилса-да, кўзлари порлаб турарди. Унинг бахтиёрлигини кўриб, баъзан кўнглимда: «Шу ишни тўғри қилдиммикан ўзи? Фирдавс уни охиригача ҳимоя қила оладими? Ота-оналарининг яшаш тарзи орасида ҳам катта фарқ бор», деган шубҳалар уйғонар, ўзимни ўзим еб қўяй дердим.
— Сайёра опа, ўз онасининг тарбиясини олмаган қизда нуқсон кўпроқ бўлади. Арофат ўзгарди, одамларга ишона бошлади. «Дунё фақат ёмонликдан иборат эмас», деб ўйлайдиган бўлди. Аммо кўнглида: «Биз тенг эмасмиз», деган оғриғи бор, — деб қолди бир куни Фирдавс.
— Фирдавс, унга уйланиш ниятинг жиддийми ўзи? Агар уни ташлаб кетсанг…
— Ҳали бир қарорга келолганим йўқ. Мен унга севги изҳор қилмаганман, ваъда ҳам бермаганман. Аммо Арофатни жуда эҳтиёт қиламан, хафа бўлиб қолмасин, дейман. Бошқалар ҳам бизни дўст деб ўйлашади…
— Фирдавс, баъзан муҳаббат деб ўйлаганинг сароб бўлиб чиқади. Баъзан бу ҳис чимилдиқда уйғонади. Дунёда ҳамма ҳам бир-бирини Лайли-Мажнун бўлиб севиб, турмуш қурмайди-ку. Агар кўнглингда шу қизга нисбатан озгина меҳринг бўлса, уйлан!
Мен бу гапларни айтар эдим-у, аммо ўзим иккиланардим. «Агар бир нарса бўлса, Фирдавснинг икки қўли ёқамда кетади», деб ўйлардим…
Кутганимдай, бор машмаша Фирдавс Арофатга уйланишга қарор қилган кундан бошланди…
* * *
— Сайёра, Султонхон опа одам жўнатибди, — деб қолди бир куни янгам супадаги ёстиққа ёнбошлаб, ўтган воқеаларни эслаб ётганимда.
Сакраб ўрнимдан туриб кетдим.
— Қани?! — дедим эсанкираб.
— Уларникига бораркансиз…
— Нимага?
— Меҳмондорчиликка-да, нимага бўларди? Ахир тўйбоши ўзингиз-ку!
Оқшом тушиб, йўлга отлангунимча минг хаёлга бордим. Ўшанда Фирдавс онасига: «Совчи юборинг», деганида, Султонхон опа сапчиган экан. «Нима, келиб-келиб шу қизга ишқинг тушдими?! Уйида бир этак бола, ейиш-ичишининг тайини йўқ! Қудам деб, нимасига одам етаклаб бораман уларнинг?!» дея рози бўлмабди. Фирдавс у-бу деб кўрибди, аммо онасига бас кела олмабди. Сўнг онасига мени рўпара қилди.
— Беш йилдан буён уйимда яшайди, ақлли, фаросатли қиз, — дедим гапни узоқдан бошлаб. — Муҳими, ўғлингизни деса, жонини беради. Аёл киши эрини севса, албатта, бахтли қилади. «Йигит моли ерда», деган гап бор. Ҳозирги замонда бир йигитнинг топган-тутгани билан икки-учта оила тўкис яшаяпти. Ўғлингизга Аллоҳ беряпти, қудаларингиз ҳам яхши бўлиб қолишар, — дедим.
Султонхон опа ўйланиб қолди. Уйга келгач, Арофатдан эшитган гапларни эсласам, ҳали-ҳануз кўзимга ёш келади.
— Сайёра опа, биламан, сиз Фирдавснинг ойиси билан учрашиб келдингиз. У бизнинг турмушимизга рози бўлмаса ҳам, «Энди Арофат қизимга қийин бўлади», деб ўйламанг. Мен… Мен севдим, кўнглим ёруғ туйғуларга тўлди. Ҳозир баҳорни, одамларни, ҳамма-ҳаммани яхши кўраман. Агар Фирдавснинг ойиси рози бўлмаса ҳам, мен ўзимни ғариб, забун ҳисобламайман. Энди яшашга кучим етади, — деди.
Ниҳоят, тўй ҳам бўлди. Ҳамма расм-русумларнинг бошида туриб, шаҳарга қайтганимдан буён бу хонадонга қадам босмагандим. Мана, орадан шунча сувлар оқиб ўтгач, уларникига яна боряпман…
Эшикни Фирдавсга ўхшаб кетадиган бўйчангина бола очди. Гулзорлари яшнаб турган кенггина ҳовли экан. Дарвозадан киришинг билан райҳон иси гуркирайди.
— Қани, қудажон, бормисиз? Тўйни ўтказдингиз-у қочдингиз… Шунақаям бўладими? Келмасангиз, энди болаларни олиб, ўзим йўлга чиқай деб тургандим, — дея қарши олди мени Султонхон опа.
Унинг суюнгани шундоқ юз-кўзидан сезилиб турарди.
— Ҳа, энди, «қуда бўлиб эшигим тагида ётиб олди», деган гапдан кўра, соғиниб кўришган яхши-да, — дедим мен ҳам унга қучоқ очиб.
Ҳазил-ҳузул билан сўрашдик. Арофат кўринди. Бағримга босиб кўришар эканман, негадир йиғлагим келди.
— Келин эмас, тилла берган экансиз, шунақа фидожон, зийрак, сергак. Худойимга шукр, дейман, қудаларим ҳам ер олиб, бағрига шамол тегиб қолди.
Султон опа ҳар гапида келинини алқар, «Қизим йўқ, деб ўксимайман», дер, мен эса Фирдавсни кутардим. «У нима деркан? Унинг кўнгли қандай экан?» деган хаёллар миямда чарх урарди. Суюқ-қуюқ таомлар тортилгач, Фирдавс кўринди. Кўришиш учун менга эгилиб, елкасини тутди.
— Ишқилиб, ноқис калласида ҳар хил хаёллар кўтариб юрадиган опангиздан хафа эмасмисиз? — дедим Фирдавсга сирли оҳангда.
— Ўша куни бошқа йўлдан юрганимда, Сурайё опам мени эмас, ўртоқларим Мирзаними, Зиёдними учратиб қолганида нима бўларди, дейман. Арофатни уларга рўпара қилармиди, дейман. Шу ўйлашимнинг ўзидаёқ рашким келади, — деди Фирдавс.
Бу гапларга Султонхон опа тушунмади. У гоҳ ўғлига, гоҳ менга ҳайрон бўлиб қаради.
— Қанақа Зиёд, қайси Мирзо? — деди сўнг ичи қизиб.
— Ҳа, бир гап эсимга тушиб кетди-да, — деди Фирдавс.
Сўнг ҳовли адоғига қараб:
— Аро, яширганларингни ҳам олиб чиқ, бир байрам қилайлик, бугун бошқачароқ кун, — дея қичқирди.
Унинг овозида бахтнинг жаранги бор эди…

Манба: Hordiq.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Тақдирни ўзгартирган таклиф