07:02 / 08.08.2017
12 085

Дил оғритиш ёмон экан…

Дил оғритиш ёмон экан…
Онамнинг кекса холалари бор, пойтахтда яшайдилар. Ўғилларидан бири баъзи айбловлар билан қамалиб қолди. Кўнгил сўраб, онам билан уйларига бордик. Суд жараёнларида ёнларида турдик, қўлдан келганча тасалли бериш учун уйларида бир неча кун қолдик. Ўша кунларнинг бирида катта келинларининг акаси синглисини кўргани келди.

Дастурхон атрофида ўтирганимизда гап айланиб қамалган ўғилларига тақалди, онаизор боласига куйиб йиғладилар, келиннинг акаси гапга аралашди:

— Эй, қўйсангизчи! Бир иши бўлмаса, бекордан бекорга қамалармиди?

Шу каби пичинг гаплар билан қаттиқ гапирди. Холам: «Менинг болам ўғри эмас, бировни ургани йўқ, номусига теккани йўқ», деб йиғлаганча, хоналарига кириб кетдилар.

«Ундан кўра, ўғрилик қилсин эди, бузуқлик қилса ҳам иши осон бўларди», деди меҳмон…
Холамни овутган бўлдик, «хафа бўлманг, бир ахмоқ экан-да», десак бироз ўйланиб турдилар-да:

— Мен ёш пайтимда холамнинг қизларидан ëдгорлик бўлиб қолган набираси қамалиб қолганди. Совет даври эди у пайтлар, зоналар узоқ бўларди. Набираси учун қайғуриб, эринмай шу олис сафарга қатнардилар. Раҳмим келиб: «Хола, шу нарсаларни ўзингиз есангиз бўлмайдими, бу ўғри бола таъзирини есин, борманг шунинг кетидан, арзирмиди, билармиди!?» деганман ўшанда. Холамга ачиниб айтганман бу гапларимни, лекин, диллари оғриган экан-да, ўзимда хис қилдим шуни, — дедилар.

Орадан бир неча ой ўтиб суд тугади, ҳукм ўқилиб, холаваччам 8 йилга озодликдан маҳрум этилди, бола чақаси додлаганча қолиб кетаверди.

Одамларнинг қайғусига шерик бўла олиш ҳамманинг ҳам қўлидан келавермас экан, аксинча, ҳасратингга нафрат қилиб, масхара нигоҳи билан қарагувчи, тили захар нодон кимсалар пайт пойлаб нишини уриб олувчилар бўлиб тураркан. Холам бечора ҳеч қаерга қўшила олмай қолдилар.
Орадан йиллар ўтиб дардлар бир оз унутилгандек бўлди. Менинг эсимдан ҳам чиқиб кетди ҳисоб, аммо бир куни…

Қанчадир вақт ўтди. Холамни кўргани бордим. Катта келинлари йиғламсираб юрган экан, «тинчликми?» деб сўрасам, жияни бир қизнинг номусига тегиб қўйибди. Вояга етмаган қизча экан. Кейин машинасида олиб кетаётганида, автоҳалокатга тушиб, қизча ҳалок бўлибди. Қизнинг онаси «бақувват» аёллардан эмиш, жиянини қаматиб юборибди.

Ë тавба! Ўша кунги манзара хаёлимга келди: Ўша боланинг отаси: «Ундан кўра ўғрилик қилсин, бузуқлик қилсин эди, иши осон бўларди», деганди. Йўқ, «осон» бўлмабди…

*****
Ҳаётингизда бўлиб ўтган ибратли воқеалар, бошингиздан ўтган қийинчиликлар, яхши-ёмон кунларингиз ва сиздаги муваффақиятлар билан бўлишишни, атрофингиздаги кишиларга дарс бўлишини истайсизми? Унда марҳамат, мактубларингизни «[email protected]» электрон хатжилдга йўлланг. Биз муаллифни сир сақлаган ҳолда жамоатга етказамиз.

Шартимиз:
Воқеа-кишиларнинг ҳаёти учун ибратланарли, одоб-ахлоққа доир, фахш ва жирканч воқеалардан ҳоли, эшитган одамнинг тарбиявий аҳамиятига молик, ёлғон, тўқима образлар аралашмаган, ҳамда, энг асосийси, таъсирли бўлсин. Китоб ҳолида нашр қилиш эҳтимолимиз бор.

Ёзинг, токи бошқаларга ибрат бўлсин. Мактубларингизни кутамиз.

Салим АЙЮБИЙ

Манба: Fayzbog.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Дил оғритиш ёмон экан…