18:32 / 09.08.2017
9 341

Пулнинг кучи...

Пулнинг кучи...
Муҳтарам ўқувчи!
Ушбу саҳифада ёзилган мўъжазгина мақола ва ҳикоялар асосан атрофимиздаги кишиларнинг ҳаётидан, улар билан бўлган суҳбатдан, айримлари бошқа кишиларнинг воқеаларни сўзлаб беришганидан ва ёки электрон хатжилдга юборилган мактублардан тўпланган ҳаётий ҳикоялардир… Бу ҳикоялар тўпламида мен, сиз ёки бир қадрдонингиз учраб қолиши эҳтимолдан холи эмас. Ўзингиз ва ёки бирор яқинингизни учратишингиз сизни ранжитмасин, зеро, нашрга тайёрланаётган китобимиз номига яраша «ЙЎЛДАГИ ОДАМ».

Ҳикоялар бошқаларга ибрат учун ёзилди, чунки, Мўъмин-мўъминнинг ойнасидир.

Бир йил олдин бетоб бўлиб қолдим. Биз учун “шунчаки, кичик” деб саналган жарроҳлик амалиёти учун Туркияга борадиган бўлдик. Онам билан опам бирга бордилар. Аллоҳнинг қудрати билан ўзимиз билмаган ҳолда тўғри керакли шифохонага бориб қолибмиз. Онкологик касалхона экан. Врач яхшилаб текшириб, “чап тарафинг менга ёқмаяпти, аммо сен сиқилма, операция вақтида ҳаммаси хал бўлади” деди. Ўша куни “Роббим, шарманда қилма, қалбимдаги қўрқувни ўзинг кетказ” деб роса дуо қилдим. Хотиржам бўлиб қолдим, ўзим ҳам ҳайрон бўлдим, амалиётга кулиб кириб кетдим. Операцияга киришдан аввал врачга қайта-қайта “эҳтиёт бўлгин” деб тайинладим…

Врач машҳур онколог профессор эди. Амалиёт биз ўйлагандай бир соат эмас, негадир тўққиз соат давом этди. Орада врач онамни чақирибди, “Менда буюк шубҳа бор, қизингиз тўқсон фоизга саратон бўлса керак, агар текширув гапимни тасдиқласа, химия терапия қиламиз” дебди.

Онам кейинчалик менга ўша пайтларни эслаб, “у гапни эшитиб, Аллоҳнинг олдида қанчалик кичик бир чумолидай эканлигимни билдим — борган сари врачнинг ҳар сўзидан кичрайиб боравердим” дейдилар. Ўзлари жуда мағрур, ҳам кибрли, иззатталаб эдилар. “Пул ҳам, танишлар ҳам, ҳеч нарса ёрдам беролмаслигини, умуман, ҳеч ким эмаслигимни ҳис қилдим” дедилар.

Чиққунимча онам адойи-тамом бўлибдилар. Ҳар кимда бўлганидай, уларнинг ҳам нозик тарафлари бор эди, фарзандларини ҳаддан зиёд яхши кўрардилар. Онам “Аллоҳ айтганидай қилди, яхши кўрган нарсам билан синади” дедилар.

Кечаси операциядан чиқдим. Онамни кўриб, қўрқиб кетдим, бир куннинг ўзида жудаям қариб кетгандилар. Акаларим, Германияга олиб кетамиз, деб қўнғироқ қилишди. Онам эса, “Аллоҳдан бошқаси ёрдам беролмайди” дедилар…

Ишонсангиз, тонгга қадар қимирламай дуо қилдилар. Менга кейин айтиб беришларича, “Роббим, агар фарзандим тузалса, беш маҳал намозни қолдирмайман, бирортасини қолдирмайман!” деб Аллоҳга ваъда берибдилар. Мени боқиб, катта қилган холам борлар, улар ҳам “Шу жияним тузалса, ибодатни бошлайман” деб йиғлаб дуо қилибдилар.

Онам бирдан буткул ўзгаргандилар, пул ёрдам беролмайди деб, гапларида туриб олдилар. Эртаси куни тонгда доктор хонага гўё югургандай кирди: “Ўлмайди, ўлмайди қизингиз, ёмон сифатли рак эмас экан” деди. Онам “Бу Аллоҳнинг қудрати, менга раҳми келди” деб йиғладилар. Мен шундан сўнг тез кунларда оёққа турдим.

Шу-шу, онам умуман шу воқеадан кейин кибр, мағрурлик, ҳаммасини ташладилар. Ҳозир намозларини вақтида ўқийдиган бўлдилар, сал кечга қолсалар “Ахир, Аллоҳ билан ваъдалашганман” дейдилар. Бутунлай ўзгардилар — ибодатли, амалли бўлиб кетдилар. Холам ҳам намозларини бошладилар. Рўмол ўрадилар.

Юртга қайтишдан олдин бир дўконга кирдик, чиройли жойнамоз, худди шундай рангда рўмол, холамга мос хижоб турибди, ҳадяга олдим. Гоҳида касаллик ҳам яхшиликка сабабчи бўлар экан. Роббимга минг шукрлар бўлсин. Хурсанд бўлиб шифо топиб қайтдик. Иккалаларининг дуолари ижобат бўлди. Шу воқеадан кейин онам фақат “Бойлигингиз ҳеч нарсани ҳал қилолмайди, Аллоҳ хоҳламаса, бари бир пул” дейдилар.

Ҳа, чиндан ҳам, агар Аллоҳ хоҳламаса, ҳаммаси бир пул…


Манба: fayzbog.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Пулнинг кучи...