14:04 / 19.08.2017
15 531

Эркакларни жалб қилиш учун аёллар безаниши керакми?

Эркакларни жалб қилиш учун аёллар безаниши керакми?
Табиат гўзаллиги инсонни ўзига маҳлиё қилади. Онгли мавжудот инсон олами эса шу даражада мукаммалки, у ўзига табиатни маҳлиё қилдиргиси келади. Бу ўринда аёлларнинг ўзига пардоз андоз қилиши айнан мана шу йўналишдаги ҳаракатлар, деса бўлади.

Биз билган табиатда жинслар орасидаги тафовут мавжуд. Бу тафовутда табиатда урғочи, заиф, палла иккинчи томонининг ҳар доим ҳам негадир мукаммал ва гўзал қилиб яратилмаганини кўрамиз. Шунинг учун бўлса керак, аёллар ўзига оро беришни ёқтиради ва бу шундай бўлиши ҳам керак. Биз эркаклар ўзига унчалик қарамайдиган, маълум маънода пардоз андоз қилинмаган, зеб зийнатлар билан ўзини “безамаган” аёлларга унчалик суқ назар билан қарамаймиз. Демак, фақат бизнинг, эркакларнинг назарини ўзига жалб қилиш учун аёллар безаниши керак деб ўйлаганлар бирқанча адашади десак бўлади. Руҳий жиҳатдан олганда инсоннинг ички кайфияти нормал бўлиши, ҳатто ўзига ёққан ҳолда бирқанча юқорироқ бўлгани яхши. Шунинг учун ҳар бир киши, айниқса аёллар, эркаклар ҳам ўзларига, ўзларининг ташқи кўринишларига, шу билан бир вақтнинг ўзида ўз ички кўринишларига ҳам кундалик ҳаётларида жиддий эътибор бериб юришлари мақсадга мувофиқдир.

Ушбу мулоҳазалардан кейин аёлларимизга қаратилган бир неча маслаҳатларни ўртага ташламоқчи бўлдик ва бунинг қулай усули сифатида суҳбатимизни савол жавоб тарзида баён қилишни маъқул кўрдик. Чунки бу саволлар менга психолог сифатида турли йиғилиш ва учрашувларда берилган эди. Уларни умумлаштириб, баъзиларини бўрттириб келтирмоқдаман.

-Мен аёл киши бўлганим учун бежирим кийинишни ёқтираман. Аммо, кўпинча ўзимнинг кийинишимдан унчалик қониқмай юраман. Бунинг сабаби нимада?

- Кийиниш санъати фақатгина аёлларга эмас, эркакларга ҳам жуда ўрганишга арзигулик санъат. Аммо биз ҳаммамиз ҳам ўз тарзимизга мос равишда кийиниб юрамиз, деб айтолмаймиз.

Кийиниш биринчи ўринда инсоннинг ички руҳияти билан боғлиқ бўлиши шарт ва бу шартга яна бир қўшиладиган томони шундаки, айни бугун ушбу тарзда кийинишнинг асосий мақсадидан келиб чиқиш лозим. Ўз кайфиятингизни бугунги қиладиган ишларингиз ва мақсадларингизга бўйсундиринг. Ўта расмий идорага боришингиз керак бўлган ҳолда театрга борадиган кийимларни киймайсизку ахир. Демак… .

Кеча оилада баъзи нарсалардан кўнгли хира бўлган аёл эрталаб ишга ўта кўркам йўналишда кийинмайди. Бунга унинг ички руҳияти йўл қўймайди. Аммо ишда маълум тадбир мўлжалланган бўлсачи, бунда ўз руҳиятингизни атайлаб мана шу тадбир руҳиятига мослаштирган ҳолда кийинишингиз мақсадга мувофиқ бўлишини унутманг. Бу кайфиятингизга ижобий таъсир қилади.


- Баъзи аёлларнинг одамлар орасида қимтиниб уёқ буёғини, соч ва кийимларини яхшигина турган бўлса ҳам нотабиий ҳаракатларда тўғрилайверганини кўраман, охирги пайтларда менинг ўзимда ҳам шундай ҳаракатларни сезмоқдаман, бунинг сабаби нимада, ундан қутулишнинг иложи борми?

- Инсондаги нотабиий ҳаракатлар унинг ўзини бошқалар орасида нақадар комфорт ҳолда сезиши билан боғлиқ. Бу албатта унинг ўзига бўлган муносабати, ички ўзига берган баҳоси ва айниқса ўзини бошқалардан қай бир маънода салбий баҳолаши билан боғлиқ ҳолда кечадиган ички жараёндир.

Демак, биринчи ўринда ўз ички ҳолатингизни, руҳиятингизда кечган охирги ўзгаришларни таҳлил қилиб чиқинг.

Бундай ҳолатнинг келиб чиқиши икки хил таъсир кучидан келиб чиқиши мумкин. Биринчиси, айниқса, ўзига анча юқори баҳо бериб ўзига бино қўйган аёлларда, мен бошқалардан гўзалроқман, нимага менга эътибор қаратилмаяпти, деган куч таъсирида ва иккинчиси, аёлнинг қандайдир сабабларга кўра ички руҳиятининг ташқи руҳий таъсири остида «синдирилиши» билан боғлиқ бўлиши мумкин.

Бошқалар олдида аёл бўлсин, эркак бўлсин ўзининг уёқ буёғини тўғрилайвериши номаданий, хулқ сифатида салбий ҳаракат бўлиб ундан қутулса бўлади. Биринчидан, ички руҳиятингизга эътиборни кучайтириб кайфиятингизни кўтариб юришга урининг; иккинчидан, кийиниш тарзингиз билан ички руҳиятингизнинг мослигини таҳлил қилиб чиқинг (Бир нарсани унутманг, бировнинг олдида пардоз-андоз қилиш маданият чегарасига кирмайди).


- Мен аёл сифатида анчагина ўзимга қараб юраман. Албатта упа энликсиз, пардоз-андозсиз кўчага чиқмайман. Аммо ўзимни баъзан замонадан орқада қолгандай сезаман. Бунинг сабаби, ёшлардаги баъзи ўта ёрқин ранглардаги пардоз-андоздаги кўринишлар сабабми, деб ўйлайман.

- Сиздаги ёшларга нисбатан руҳ анча соғломлиги кўриниб турипти. Аслида катталар доимо ёшлардан норози бўлишади. Ёшларнинг баъзан ҳатто керагидан ортиқроқ ёрқин рангларда пардоз-андоз қилиши уларнинг ёши билан боғлиқ бўлади. Сиз ўз руҳиятингиз, бугунги шундай кийинишдаги мақсадингиздан узоқлашманг. Ҳар қандай кийиниш шахснинг ички кечинмаси ва мўлжалланаётган тадбир руҳиятидан келиб чиқиши мақсадга мувофиқ бўлади. Ахир азага ёрқин рангдаги атласларда бормайсизку. Ўта ёрқин, чалам-чалпа рангларни, фаросатсиз, гўзалликни ҳис қилиш туйғуси паст, бу йўналишдаги тарбиясида кемтиклиги бор шахслар қилишади.

- Психологларнинг айтишича яхши кийинган пардоз-андозни ўрнига қўйган, бир сўз билан айтганда ораста, ўзига қараган аёлар бир жой ёки бирор идора, ташкилотга борса муаммоси тезроқ ҳал бўлади дейишади. Сиз бунга нима дейсиз?

- Кишининг ўзига қараб, ораста кийиниб юриши табиий ҳол бўлиши керак. Аксинча, ўзига қарамаган киши, айниқса у аёл бўлса бу нотабиий ҳолдир. Бизнинг бирон киши билан учрашишимиз бизнинг у киши руҳига ва у кишининг бизнинг руҳимизга ташқи кўринишимиз орқали кириб боришини унутмаслик керак. Биринчи таъсурот мулоқот ва кейинчалик муомала ўрнатишда жуда катта рол ўйнайди. Буни унутмаган киши ўз ташқи кўринишига бефарқ бўлмайди. Демак, бирон жойга бориб ишингизнинг ижобий ҳал бўлишида сизнинг ташқи кўрнишингиз катта рол ўйнашини унутманг. Каттагина идорага ҳовлида ишлайдиган иш кийимингизда кириб борингда ўз мақсадингизни айтинг, сизни ҳатто қабул қилмасликлари мумкин ва тўғри ҳам қилишади.

- Нега баъзи эркаклар ўз аёлларининг пардоз-андоз қилиб ўзига қараб юришига қарши бўладилар, бу худбинликми ёки ўта рашкчи эркаклар шундай йўл тутадиларми. Буни нормал ҳол деб бўладими?

- Ўз аёлининг пардоз-андоз қилиб юришига қарши эркакларда, агар бу ҳолат фақат эркакнинг руҳий ҳолати билан боғлиқ бўлса уни эркаклардаги эгоистик руҳ билан изоҳласа бўлади. Аммо, кўпинча буни бошқа сабаблар билан ҳам изоҳлашга тўғри келади. Масалан, ушбу шахс руҳида маданий тарбиянинг етишмаслигидан, яъни сен энди турмуш қурган аёлсан, сенга энди пардоз-андоз керак эмас. Ҳатто, қурумсоқроқ эркаклар аёлларининг бу йўналишдаги харажатларига ҳам рашк қилишади. Демак, ҳар бир ҳолатда ундан қутулиш учун алоҳида суҳбатлашиш лозим.

Ўз аёлига шундай назарлар билан қарашига қарамасдан ушбу эркакнинг бошқа ораста кийиниб, пардоз андозни жойига қўйиб юрган аёлларга суқ кўз билан қарашлари унинг ўз худбинлигини ошкор қилиб туради.


- Ўз аёлининг ўзига қараб юришини истамаган эркаклар нега энди бошқа, ўзига оро бериб юрган бегона аёлларга суқ билан қарашади.

- Бундай эркаклардаги руҳий ҳолат ва бундай хусусият бир неча йўналишда изоҳланиши мумкин. Биринчидан, эркакнинг ўз аёлига нисбатан эгалик тушунчаси билан, иккинчидан, ички маданий, маънавий кемтиклик билан, учинчидан, аёлининг пардоз-андозга бир вақтлар ўта ружу қўйганлигидан безор бўлганидан, баъзан ҳатто оддий қурумсоқликдан ва бошқа шунга ўхшаш сабаблар бўлиши мумкин.

Саволнинг иккинчи қисми, эркаклар табиатан доимо изловчан руҳда бўлишади. Улар доимо гўзалликни, гўзал аёлни излаб яшашади. Демак, ўзига оро берган аёлларга ҳеч бир эркак бефарқ қарай олмайди. Буни аёлларимиз унутмаслиги лозим. Эркаклар руҳида аёлга нисбатан табиат жойлаган ҳирсни ҳам унутмаслик керак.

- Биз севги, муҳабат барча тўсиқларни ҳатлаб ўтади, деб биламиз. Баъзан бу юксак туйғу ҳам айнан мана шу нарсани, пардоз-андозни ҳатлаб ўтолмай қолади, унга қоқилиб йиқилганини кўриш мумкин.

- Муҳаббат табиатнинг инсондаги энг буюк туйғуларидан бири бўлиши билан бирга у шахснинг ички моҳиятига, маданиятига ҳам айланиб кетиши лозим. Шундагина биз буюк муҳаббат намунасини кўрамиз. Буюк муҳаббатга мос бўлиш ўта ноёб ҳолдир ва бундай муҳаббатни ҳаммамиз ҳам ўзимизда мутаносиб равишда намоён қила оламиз, деб айтолмаймиз. Аммо, баҳоли қудрат ҳаммамиз ҳам севамиз ва севиламиз. Ўз маданий, билим, тарбия ва маърифий мавқеимизда биз севар эканмиз бошқалардан ҳам шундай севгини кутамиз. Аммо, кўпинча биз кутган севгининг меъёр ва даражаси бир томонни ички моҳияти билан қониқтирса ташқи ва бошқа жиҳатлари билан шу даражадаги моҳиятга эга бошқа шахсни учратгач унинг ташқи кўриниш томонлари устун бўлса, айнан мана устунликлари биз учун охирги сабабларга айланиб ўзига оғдириб олиб қўйиши мумкинлигини унутмаслик керак.

Ахир сиз иккита моҳиятан бир хил нарса кўриб турганда бирининг ташқи кўринишлари бошқасидан устун бўлганда албатта ўша устунлиги борини танлайсиз. Демак, бизнинг фикримизни жалб қилган объектлар ўзаро тенг хусусиятда эмас, бирининг устунлиги бор, майли, бу устунлик фақатгина ташқи жиҳатларда ифодаланса ҳам. Демак сиз ўз танловингизда маданий мавқеингизда адашмасангиз бўлгани.


- Баъзи қизларимиз қанчалик ақлли, қанчалик мулоҳазалик бўлмасинлар ҳусн борасида омадлари чопмаган бўлса умр йўлдош топишда қийналишади. Нима, ҳусн ўзига оро бериш инсон ички дунёсидан ҳам муҳимроқми?

- Кўпинча эркаклар аёллари билан анча йил яшаб аччиқ чучукни бирга тотиб бир бирларига қадрдон бўлиб қолганларидан кейин ҳам баъзан ўзига пардоз берган аёлларнинг орқасидан илакишиб юришади. Бу ўша эркакнинг ички дунёсининг кемтиклиги неча йиллар ўтиб юзага чиққанлигини кўрсатиши мумкин. Ёки маълум сабабларга кўра аёли унга ўша пайтлари ёққану, кейинчалик турли маълумотларнинг, тушунча ва кўникмаларнинг аниқлашиб борганидан кейин ёқмай қолганлиги бўлиши мумкин

Аёллар ўйлайдики, тўғрироғи, истайдики, барча эркаклар барча аёлларга ўз оналарига, ўз синггилларига, қизларига қарагандек муносабатда бўлишса, бундай руҳиятга эришиш учун аёллардан кўпроқ нима талаб қилинади, улар нимага эътибор беришлари керак.

Дунёда энг улуғ зот оналигини ҳамма билади, она эса бу ўсиб келаётган жажжи қизалоқларимиз ва кейинчалик аёлларимиз, шундай экан уларни эъзозлаш, ҳурматини жойига қўйиш учун наҳотки упа энлик, ҳар хил пардоз-андоз шунчалик муҳим рол ўйнаса. Аёлнинг ички дунёсини изланг.


Маҳмуд Йўлдошев,
психология фанлари номзоди



Манба: Tafsilot.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Эркакларни жалб қилиш учун аёллар безаниши керакми?