21:46 / 14.09.2017
7 022

Омонат ғор сири (5-қисм)

Омонат ғор сири (5-қисм)
Бош врач Фатҳулланинг башарасига муғомбирлик билан тикилиб турди-да:

— Тўйга бизни айтмайсанми? — деди бармоқларини қўнғиз мўйловига босиб-босиб.

— Хўжайин, сизсиз маъракамиз ўтмайди-ку, ўзингиз биласиз. Сиз бормасангиз тўйда файз бўлармиди, — деди Фатҳулла ўзига ярашмаган алпозда қилпанглаб.

— Жа опқочасан-да, Фатҳулла. Бугун бўладиган тўйга ҳозир айтасанми? Бир ҳафта олдин айт, кеча айт. Биздаям орият деган нарсалар бор. Тўртта одамга бошлиқмиз, ука.

— Ҳурматингизга гап йўқ, хўжайин! Ўзимизгаям кечроқ айтишди-да, шунга олдингизда ноқулай бўлиб ўтирибмиз.

— Хў-ў-ш, сенинг навбатчилигингни эртага кўчириш керакми?.. Бўпти, тўйдан тўбиқча, деган гап бор-а, биласанми? Атаганингни ҳозир ташлаб кетавер, ҳар қалай, Ғанишерни навбатчиликка кўндиришим керак, бундоқ чиқиб озгина-озгина… Ичимиз микробга тўлиб кетди ўзиям. Дезинфекция қилиб олайлик, нима дединг?

“Падарингга лаънат, шу сафар харажатсиз чиқиб кетаманми, деб ўйлагандим. Ҳеч тўймадинг-тўймадинг-да, мешқорин… Бугунги доляниям тагига сув қуйдинг”, — хаёлидан ўтказди Фатҳулла ва биров зўрлагандай оғриниб чўнтагига қўлини тиқди ва бармоқлари билан чамалаб, ундирганининг ярмини чиқарди.

— Иш бошлаган пайтинг дангал эдинг, кундан-кун қуруқлашиб кетаяпсан-а, — бош врач стол устидаги пулга қараб пешонаси тиришди, — чиқар, бунинг нима бўлади? Менинг ўзимгаям етмайди-ку.

Фатҳулла бошлиқнинг хонасидан пешонаси терлаб чиқди.

* * *

Укаси гапирганидан кейин Наргизанинг бироз чиройи очилди-ю, Анбар опа эса ҳали-ҳануз паришон эди. Ора-сира йиғидан тўхтаб, ўйга толар, кейин: “Агар аданг тирик бўлганида сен бундай аҳволга тушмасдинг”, дея яна йиғлай бошларди.

— Ойижон, — деди юраги сиқилиб Наргиза, — ҳар нарсани эсингизга олаверманг, фалокат-да. Бунга адажонимнинг нима алоқаси бор? Тинчгина ётсинлар, руҳларини безовта қилманг. Худо хоҳласа, укажоним кўрмагандай бўп кетади.

Аёл кўзларини артди. Қизининг олдида йиғлайверганидан ўзи ҳам ийманди. Дока рўмолининг бир учи билан бурнини сиқиб олиб деди:

— Наргиз, қизим, майли, сен уйга боравер. Овқат-повқат қилиб ерсан.

— Бу ёққаям овқат олиб келайми? — сўради Наргиза.

— Мени қўяверинглар. Томоғимдан ҳеч нарса ўтмайди, — деди Анбар опа ҳазин товушда.

Онасининг гапидан Наргизанинг кўнгли бузилди-ю, бироқ сездирмади, пуштиранг сумкачасини елкасига илиб ташқарига чиқди.

Фатҳулла яна бир марта Наргизанинг ҳусну жамолига тўймоқчи бўлиб ҳовлиққанча палатага кирганида ўғлининг ёнида Анбар опанинг бир ўзи ўтирарди.

— Яхши ўтирибсизми, хола? — деди у кўзлари олазарак боқиб.

— Ўтирибман… Пешонамда шу шўриш ҳам бор экан, иложим қанча…

— Хавотир олманг, ҳаммаси яхши бўп кетади. Бир ўзингиз ўтирибсиз…

— Қизимни уйга жўнатдим. Эртага келади, — деди соддадил аёл кўзларини Фатҳуллага нажот тилагандай тикиб, — ўтирмоқчийди, мен қўймадим. Ҳозиргина чиқиб кетди.

Фатҳулла яна озгина бу ерда туриб қолса, Наргизани бугун кўришдан мосуво бўлишини англади.

— Майли, майли, — деди у илжайиб ва шошиб эшикка йўналди. Йўлакка чиқиб, ростмана югуришга тушди. Наргизанинг дарвозадан чиқаётганини кўрди. Тезроқ югурса ҳансираб қолади. Кейин атай унинг орқасидан чопгани ошкор бўлиши мумкин. У тўхтаб, бошини қашлаб бироз ўйланиб турди-да, машинаси томон кетди.

— Наргизахон, — деди у машинасини қизнинг ёнгинасида тўхтатиб, — ўтиринг, обориб қўяман.

— Э, сизмисиз? — қиз ҳайрон бўлганини яширмади, — Йўқ, ўзим етволаман. Сизни овора қилиб…

— Оворагарчилиги борми, ўтиринг, — Фатҳулла илжайиб Наргизанинг гапини бўлди.

Қизнинг ўтиргиси йўқ, ўз хаёллари билан бўлиб пиёда кетмоқчи эди. Лекин укасининг тақдири шу одамнинг қўлида. Уни ранжитиб қўймаслиги керак. Шу ўй билан Наргиза орқа эшикни очиб, машинага чиқди.

— Наргизахон, — деди Фатҳулла ойнадан қизга қараб олиб, — сизни кўриб мен ҳам хафа бўлиб кетаяпман. Очилиброқ ўтиринг.

— Менга эътибор қилманг, ўзим шундай, ўтиб кетади, — деди қиз бошқа гап тополмай.

— Мен сизга ваъда бераман. Укангиз отдай бўп кетади, мана кўрасиз.

— Айтганингиз келсин… Ўзингиз қаёққа кетаётгандингиз? — сўради тўсатдан Наргиза.

Шу жойда Фатҳулла бефаросатлик қилиб, “Чилонзорга”, деб қўйди.

— Мен Юнусободга кетаман-ку, — деди қиз безовталаниб.

— Ия, шунақами… Ҳечқиси йўқ. Аввал сизни ташлаб келаман. Кейин…

— Халатингиз эгнингизда, бирор зарур ишингиз бўлса керак. Балки беморингиз сизни кутиб тургандир. Яхшиси, мени шу ерда қолдиринг. Вақтингизни ўғирламай.

Фатҳулланинг юзи қизарди. Шошганидан халатини ҳам ечишни унутибди.

— Сизни шу аҳволда ёлғиз жўнатгим келмади. Йўлда машина кўп. Касбий бурчимиз. Чилонзорда шунчаки битта аптекага кириб ўтишим керак, холос. Бошқа ташвишим йўқ… Сал паришонхотирман, айбга йўймайсиз, баъзида беморларни ўйлаб, иш кийимида уйгаям кетиб қоламан, — деди Фатҳулла зўрма-зўраки илжайиб.

Наргиза унинг гапларига ишонди. Тўғрироғи, ишонишга ўзини мажбур этди. Шу боисдан:

— Майли, унда, — деб қўя қолди.

Фатҳулла терисига сиғмай қувонди. Ўзини кўрсатиб қўйгиси келиб, “Жигули”сини рулидан бир қўллаб ушлаб, кескин орқага буриб юборди. Наргизанинг юраги “шиғ” этиб кетди. Орқадан келаётган машина чийиллаб тормоз берганча, “биб-биб”латиб сигналини босди. Фатҳулланинг ранги оқарди. Бироқ чўчиб кетганини билдирмасликка уриниб, ойнадан қизга қараб илжайиб қўйди.

— Шошилмасак ҳам бўлади, — деди Наргиза юраги “дук-дук” уриб, — сал бўлмаса укамнинг ёнига бориб қолай дедик.

— Эй, сиз хавотир олманг. Мен тўғри қилдим. Орқадаги машина тезликни оширмаслиги керак эди, — дея Фатҳулла гапни айлантириб ўзининг касбига боғлади. Шу билан унинг жағи очилди-кетди. Наргиза ҳеч нарсага тушунмаса-да, тасдиқлагандай бош ирғар, у ўзининг ўйлари билан банд эди. Шу боис, уйидан ўтиб кетганини пайқамай қолди ва шошиб Фатҳуллани тўхтатди.

— Касалхонага ҳали қайтиб келишим мумкин, телефон номерингизни берсангиз, қўнғироқ қилиб укангизнинг аҳволидан хабардор қилиб қўярдим, — деди Фатҳулла қизга суқланиб қараб.

Унинг сўзлари Наргизанинг бўғзига келганди. Яна жағи очилиб кетмасин, деган ўйда телефон рақамини айтди-ю машина эшигини ёпди.

Кечқурун Наргиза онасига овқат олиб борди, укасининг ҳолидан хабар олди. Кетар чоғи ҳамширадан Фатҳуллани сўради. “У киши бугунги навбатчилигини эртага қолдирди”, деди ҳамшира. Бу жавобдан Наргиза мийиғида кулиб қўйди.

Соат тўққизга бонг ураётган маҳал у касалхонадан чиқди. Ҳаво анча салқин, бундай ҳавода юрган сайин юргиси келади одамнинг. Бироқ онасининг эгилган қадди ўғлига куйиб баттар букчайиб қолгани кўз олдига келиб, Наргиза хўрсинди. У машиналар серқатнов йўл бўйлаб юриб бекатдан ҳам ўтиб кетганини пайқамади. Бир пайт ёнгинасида “ғийқ-қ” этиб машина тўхтади. Қиз чўчиб ёнига қаради. Оппоқ “Нексия”дан иккита барваста йигит сакраб тушди-да, ҳе йўқ-бе йўқ қизга ташланди. Нима бўлаётганига ақли етмаган Наргиза қўрққанидан бақириб юборди. Атрофда ҳеч ким йўқ эди, қизнинг овози бўм-бўш ҳавога сингиб кетди…

Икки йигит орасида бургут чангалидаги полапондай титраб ўтирган Наргиза типирчилайвериб ҳолдан тойгач, ялинишга ўтди:

— Акажонлар, илтимос, қўйиб юборинглар, укам оғир касал.

— Жонидан, бир кеча минг кеча бўлмайди, ўзинг ҳам, биз ҳам маишат қиламиз, тамом. Уканг эрталабгача ўлмай кутиб туради, — деди ўнг тарафдаги йигит ҳиринглаб.

Нуриддин ИСМОИЛОВ

(Кейинги қисмларни яқин соатларда ўқийсиз)

Манба: hordiq.uz

Dasturlash foundation


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Омонат ғор сири (5-қисм)