23:04 / 14.09.2017
7 161

Омонат ғор сири (6-қисм)

Омонат ғор сири (6-қисм)
— Бобур бизга керак. Унга яхшигина мерос қолган. Бунинг устига оғзига маҳкам бола. Бировга гулламайди. Хабар олиб турларинг. У тезроқ тузалиши керак, — деди Халил бойвачча ва Бердимуродга қўли билан “кетавер”, деган ишорани қилди. Кейин бўшашиб ўрнига чўкди. Кенжа қизи билан хотинининг қилиқларига Бердимурод топиб келган “янгилик” қўшилиб, боши шишиб кетгандай бўлди. “Ҳалиям жоним тошдан экан, — ўйлади у. — Мендан бошқа бўлса бунча ғавғо ичида титилиб, увадаси чиқиб кетарди…” У ўзини-ўзи хаёлан мақтовлар уммонида ҳали анча суздиришни чоғлаганди, бўлмади. Илжайиб хотини кириб келди.

— Хўш, хотинбой, — ўзига ўзи берган рағбатнинг қуввати ҳали сусаймагани боис, у юмшоқ оҳангда гапирди, — хизмат борми бизга?

Эрини сув қилиб ичган Мўътабархон қилпанглашга тушди: у ёғига ўтиб эшилди, бу ёғига ўтиб эшилди, мушукдай суйкалди. Агар ярим соатча бурун шу қилиқларини кўрганида, Халил бойвачча уни онасидан туғилганига пушаймон қилдирарди. Лекин ҳозир кўнгли бироз ўсган, қийпаланглаб суйкалишлар унинг ғашига тегмас, аксинча, бироз ёқаётганди.

— Айтавер дардингни, нима демоқчисан?

— Адажониси, — дея Мўътабархон эрининг орқасига ўтиб бўйнидан қучоқлади, — қизингизнинг бир ўзини Чимкентга жўнатмайлик. Бўй етган қиз, бунинг устига, қурмағур кўзга яқин. У ердагиларни ўзингиз биласиз-ку, чиройли қизни дарров олиб қочиш пайига тушади. Шунга… менам бирга борай. Бирдан бозор-мозорини айланиб келардим.

Бойвачча “пиқ” этиб кулиб юборди. Дам ўтмай кулгиси қаҳқаҳага айланди. Кулавериб ичаклари эшилиб қолаёзди. Мўътабархон унинг юзига безрайиб қараб турарди.

— Бозорини, майли, тушунаман, мозорингга бало борми? Ёки гўрингни ўша ердан қазиймизми? У ёқларнинг тупроғи қаттиқ… Қизингам, ўзингам ҳеч қаерга бормайсан. Бошқа ишлар чиқиб қолди. Дугонаси хафа бўлса, осмон узилиб ерга тушмайди.

Мўътабархоннинг қовоқ-тумшуғи осилиб кетди. Ранги гезариб, бошини осилтирганча эридан узоқлаша бошлади. “Гўдакка ўхшамай ўл, падарингга лаънат, қон билан кирган жон билан чиқади, деб бежиз айтишмаган-да”, дея хаёлидан ўтказди бойвачча. Ўйлаб кўрса, хотинини бир ёстиққа бош қўйганидан бери рангини чиқармаган экан. Авваллари Мўътабархонга, чиройи сабаб, бошқалардан қизғаниб кун бермасди. “Хотиннинг бирозгина хунуги тузук экан, — деб ўйларди, — итдан ҳам, битдан ҳам рашк қилмайсан”. Энди яхшилаб мулоҳаза қилиб кўрса, хотини ёшлигида ҳам гўр эмаскан: чиройи бор экан-у, тутуруқсиз гапларини ичига ютиб юраркан.

У ўтириб чарчади. Ўрнидан туриб керишиб олди-да, машинаси томон юрди. Кўчада “ёниб” турган иши йўқ, шунчаки айланиб кўнглини ёзгиси келди. Бойвачча ялтираб турган қоп-қора “Мерс”ининг копотини силаб, эшигини очмоқчи бўлиб қўл узатганида:

— Ассалому алайкум, — дея дарвозадан суюкли қизи Нилуфар табассум қилиб кириб келди.

Халил бойвачча қизига пешвоз юриб, унинг пешонасидан меҳр билан ўпди. Ҳа, боядан бери нимадир етмаётгандек туйиларди. Топди ўшани. Қизи! Унинг салом бериши, ийманиб табассум қилгани отасининг кўнглидаги ғуборларни тарқатиб юборди. Нозикниҳол, камтарин-камсуқум бу қизни Яратганнинг ўзи ақл-одобдан аямаган. Синглиси Лазокат ҳозир унинг ўрнида бўлганида отасининг бўйнига чирмашиб оларди. Бўй етиб қолганини, отанинг олдида босиқроқ бўлиш кераклигини хаёлига ҳам келтирмасди, Ўткир атир ҳиди отанинг кўнглини алғов-далғов қилиб юбориши, кейин падарининг асаби таранглашиб, таъби хира тортишига ақли етмасди. Бир-икки марта шундай бўлганди ҳам. Нилуфарнинг сочларини силаб туриб бойвачча шуларни ўйлади.

— Адажон, тобингиз йўққа ўхшайди, — деди Нилуфар отасининг бағридан чиқиб унинг кўзига тикиларкан.

— Ҳаммаси яхши, қизим. Озгина толиқдим шекилли, майли, сен уйга киравер, мен бир кўчани сайр қилиб келаман. Шу баҳона озгина ишларим бор, битириб қайтаман.

— Хўп бўлади, — Нилуфар уй томонга юрди.

Халил бойвачча машинаси томон бир одим ташлаган ҳам эдики:

— Войдод, қизимдан айрилиб қолдим!!! — дея қичқирган Мўътабархоннинг аччиқ овози чиқди. Бойваччанинг юраги “шиғ” этиб кетди. Жонҳолатда уйга югурди.

Мўътабархон бўсағада узала тушганча икки қўллаб ерни муштлар, сочларини юларди.

— Нима бўлди?! —ўкирди Халил бойвачча.

— Лазокат… Лазокат, осибди… осибди ўзини!

Бойвачча бир муддат тошдек қотди. Сўнгра қизининг хонаси томон югурди.

* * *

Бердимурод шу куни хўжайинининг топшириғини бажаролмади. Қишлоқдан саксонни қоралаб қолган, оппоқ соқоли кўксига тушган, пешонаси серажин отаси келиб қолди. Вазифани уддалашга отланган ўғил эшикни очди-ю, афти бужмайиб кетди. “Сиз етмай турувдингиз”, дея хаёлидан ўтказди.

— Болам, бугуннинг ўзида беш марта кеп кетдим, — деди ота ўғлини кўрганидан кўзи ёшланиб, саломини ҳам кутмай. — Пастроқда турсангам майлийди, тўртинчи этажга чиқовриб-тушовриб оёғим узилиб кетай деди.

— Э, ота, — дея чолга қўлини узатди Бердимурод, — нима қилардингиз сарсон бўп, ўзим эрта-индин бормоқчийдим.

— Икки йилдан ошиб кетди, болам, — деди ота худди ўғли қочиб кетадигандек қўлини маҳкам ушлаб.

— Майли, ота, киринг уйга, ичкарида гаплашамиз, — деди Бердимурод зўраки мулозамат қилиб.

Илгарилари отаси шаҳарга бир ташвиш билан келса, ўғли билан ҳаш-паш дегунча битириб ортига қайтарди. Бу сафарги ташриф мазмуни ўзгача экан.

Ота эринмай каталакдай уйни кўздан кечирди, ҳар тарафга бир нима қидирингандай синчиклаб қаради. Сўнг манглайида без бўлиб ўтирган ўғлига қараб гап бошлади:

— Уйинг бурунгидай, фақат манов гилам илибсан деворингга, деразангниям пардаси ўзгарибди. Қолгани шундайлигича… Ўзингам ўзгармабсан, болам, чочингга оқ оралабди, агар ўзингам ҳисоблаб юрган бўлсанг, бу йил ўттиз бирга кирдинг.

— Йўғ-э, — деб юборди беихтиёр Бердимурод кўзлари каттариб, — агар сиз ҳозир айтмаганингизда, вообше эсимда йўғакан.

— Улим, бошқа нарсаларам сенинг эсингда йўқ. Энанг бир йилдан бери кўрпага михланиб ётибди. Ҳар кун йўлингга термилади. Ўлмай туриб шуни бир кўрсам, бошини иккита қисам армоним қолмасди, дейди. Сен бўлсанг кўнглингнинг кўчасидан бўшамайсан.

— Ота, ҳозир бошимни қашишга вақт йўқ. Иш устига иш. Бировини қисангиз иккинчиси чиқади. Кейин учинчиси… Куннинг қандай ўтганини сезмай қоламан… Уйланиш… тўғрисини айтсам, ўттиз бир ёш ҳозир ҳеч гапмас, уч-тўрт йилда чиройли шаҳарлик қизни олиб бораман ўзим.

— Уканг-чи, сенга қараб униям ёши ўтиб кетаяпти. Ҳамсоянинг қизига уч йилдан бери гапирармиш. Бундай юриши уят-да, болам, сен уйлансанг, кейин униям уйлаб қўярдик-да. Бу ёқда энанг кетаман, деб пишиб турибди, менам қариб қолдим. Бугун борман, эртага худо пошшо…

— Қўйсангиз-чи, сиз ҳали бақувватсиз, бобой. Шунча йўл юриб менинг уйимга кепсизми, бу ёғигаям ҳали ўн беш-йигирма йил яшайсиз. Мамашканиям касаллигига ишонгим келмаяпти, Охирги кўрганимда чақмоқтошдай эди. Икки этак ғўзапояни икки қўлида тандирхонагача кўтариб борганини ўзим кўрдим-ку. Шундай кампир касалман деб кўрпа-тўшак қилиб олиши, биринчидан, уят, иккинчидан, бировга айтсангиз ишонмайди… Келинг, бўладиган гапдан гапиринг, бобой.

Қария ўғлини таниёлмай қолди: “Ёпирай, шу менинг улимми? Ё бошқа уйга адашиб кириб қолдимми?.. Энангни эмгурнинг боласи, нима дейди? Бобой деб мени айтаяптими? Мамашка дейдими?” У оғир қўзғалиб ўрнидан турди. “Бобой кетаман деб қолса-я?” — Бердимурод миясига яшин тезлигида келган фикрдан хурсанд бўлиб кетди. Қария эса қоматини кериб, яхшилаб оёққа туриб олгач, қулочкашлаб ўғлининг башарасига шундай урдики, Бердимуроднинг кўзида ўт чақнаб кетди.

— Ҳе, энангни!.. Мен сенга шундай тарбия берувдимми? — деди чол титраб-қақшаб.

Ўғил сакраб ўрнидан турди. Отасига ёвқараш қилди, ҳатто хезланди. Кейин рўпарасидаги падари экани ёдига тушиб қолгандай тишини-тишига босганча бошини эгди.

— Ашқол-дашқолингни йиғиштир! — деди ота аъзойи бадани титраб. — Ҳозироқ олдимга тушасан.

Бердимурод миқ этмади, қайрилиб ювиниш хонасига кириб кетди. Юзини совуқ сувда чайиб, ойнага қаради. Ўнг кўзи қонталаш бўлиб қизарибди. Отасининг қилиғидан таъби тирриқлашди. Аммо унинг гапларини рад этадиган бирор сўз тополмади. Хўш, нима қилса бўлади? Туйқусдан миясига илгариги қўллаган шайтонликлари келди. Отаси бурунлари ҳам уни олиб кетмоқчи бўлганди. Бердимурод алдаб-аврар, отасининг қўйнини пуч ёнғоққа тўлдириб, совға-салом билан кузатиб юборар, ўз билганидан қолмасди. Ўша пайтлар қўлида тузук-қуруқ иши йўқ, кунини кўчада санқиб ўтказарди. Энди Халил бойваччадай одамни топди. Аста-секин унинг ишончига кираяпти. Қўли пул кўрди. Бундай пайтда ҳаммасини ташлаб қишлоққа бориш аҳмоқликдай туюларди унга. Уйланаман деса шаҳардаям қиз тўлиб ётибди. Қолаверса, Халил бойваччанинг Нилуфарини кўзининг остига олиб қўйган…

У отаси ўтирган хонага кирди-ю, ҳайрон қолди. Чол бошини эгганча “пиқ-пиқ” йиғлар, яктагининг этагига кўзёшини артиб оларди.

— Ота, — деди меҳри жўшиб Бердимурод, — мени хафа бўлди деб куйинаяпсизми? Сиз тўғри қилдингиз мени уриб, ўзимам тоза шаҳарлик бўп кетибман. Гапингиз ҳақ, қишлоққа қайтмасам бўмаскан.

— Бу гапларингни илгариям кўп эшитганман, — деди қария бурнини тортиб, — ҳозир олдимга тушмасанг кетмайман, мени судрабам кўчага чиқаролмайсан. Ана, энангни ўлигини қишлоқ кўмсин, уканг кўмсин.

— Уф-ф, нималар деяпсиз, ота, насиб этса, энамнинг умри узоқ бўлади, невараларининг тўйини кўради. Икковингизни ўзим видеога тушираман.

— Қўй бу гапларингни, олдимга туш.

— Ота, сиз кўп нарсани тушунмайсиз. Менинг бўйнимда жавоб беришим керак бўлган ишлар бор, уларни ташлаб кетолмайман. Ташлаб кетсам, эртага мени қамаб қўйишади. Боласи қамалибди, деган гап керакми сизга?

Бердимурод нишонни аниқ олганди. Отаси “қамоқ”ни эшитиб ўйланиб қолди. Бундан дадилланган ўғил отига кетма-кет қамчи босди. Ноилож қолган ота кўнди.

— Майли, бир ҳафтада ишларингни саранжомлаб, уйингни сотгин-да, қишлоққа бор, — деди чол “гап тамом” дегандай.

Ўғил терисига сиғмайдиган даражада қувониб, отасининг кўнглини олишга тушди. Хўжайини буюрган иш эса, бир кун орқага сурилди. Эртасига отасини қишлоққа жўнатиб, у ишга киришди.

У қамалиб чиққан, анча-мунча қарздор қилиб қўйган учта ҳамтовоғини учрашув жойига — ҳалқа йўлидаги чойхонага чақирди (уларни Бердимурод наша билан таъминлаб турар, бунинг эвазига улар “зарур топшириқ”ларни бажонидил бажаришарди). Тағин “жаннат роҳати”дан тотиниш илинжида йигитлар узун-қисқа бўлиб чойхонага кириб келишди. Бердимурод уларнинг кайфиятини билиб олиш учун бирма-бир юзларига разм солди. Кейин олиб келган оппоқ кукунни дастурхон четига қўйиб:

— Бугунам сизларни бир сийламоқчиман, ҳадеб беш қўлни оғизга тиқаверсам, жағим йиртилади, — деди илжайиб.

Йигитларга бу гап мойдай ёқди. Узун бўйли, ориқ, доим калта иштон кийиб юрадиган йигит кафтларини бир-бирига уриб ишқаркан, “оҳ” деб юборди…

Икки соат ичида йигитларнинг кўзлари сузилиб қолди. Улар бир-бирига гап бермас, кайфлари тароқ эди. Фақат Бердимурод ишини ўйлаб кўп ичмаган, тетик эди. Шу иш билан шуғулланса-да, у ҳали томирига игна санчмаганди.

— Ярим оқшом яна бир маишат қилсак, нима дейсизлар? — деди Бердимурод кўзлари қисилиб бораётган ҳамтовоқларига.

Нашавандлар бири қўйиб бошқаси уни олқишлай кетишди.

— Лекин унгача битта иш бор. Уддасидан чиқсак, сизларни бир ҳафта сийлайман.

— Менга қара, — деди чап юзида чандиғи бор Мансур исмли нашаванд дўриллаган овозда, — сен эркаклик қилдингми, бизам шундай жавоб қиламиз!

— Раҳмат, сизларга ўзимга ишонгандай ишониб хато қилмаганман. Энди гап бундай, яхшилаб эшитиб олинглар, — деди Бердимурод ва Халил бойваччадан олган топшириқни бирма-бир уларга уқтирди. У фақат битта жойда чалкашиб кетди. Айғоқчилари Бердимуродга Бобур ўн еттинчи, Дониёр эса ўн иккинчи палатада ётибди, деган хабар етказишганди. У эса ўшанда фалокатга учраган йигитлар ётган палаталарни чалкаштириб қўйганди. Оқибатда у нашавандларга ўн еттинчи палатада ётган беморни тинчитишни буюрди.

Нуриддин ИСМОИЛОВ
(Кейинги қисмларни яқин соатларда ўқийсиз)

Манба: hordiq.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Омонат ғор сири (6-қисм)