10:58 / 18.09.2017
6 812

Омонат ғор сири (11-қисм)

Омонат ғор сири (11-қисм)
Улар тахминан яна бир соатдан мўлроқ юрганларидан кейин Наргиза машинани йўл четига олиб тўхтатди. Лоланинг ажабланиб қараганига:

— Яна юз метрча юрсак, ГАИ пости келади, — дея жавоб қилди.

— Нийма бўптий?

— Мошина бизникимас-ку. Ўғирлаб қочгансизлар деб қамаб қўйишади. Менинг ҳайдашга ҳақим йўқ. Яхшиси тушамиз-да, постни айланиб ўтамиз. Кейин биронта такси тўхтатиб, уйгача етиб оламиз.

Уларни тақдир яна бир марта сийлади. Қизлар машинадан тушиб ҳали ДАН постини айланиб ўтмасларидан, йўл четида қолдиришган оппоқ “Нексия” ёнига жигарранг “Опел” келиб тўхтади. Ундан бақбақаси осилган, тақирбош, қориндор бир одам тушиб, «Нексия»ни айланиб қаради. Бу кимса собиқ амалдор, нафсини тиёлмай лавозимидан урилиб, тадбиркорлик қилиб юрган, онда-сонда Барон билан енг учида иш қиладиган Мансурнинг отаси Эгамқул Тўхтаевич эди. Унга қизлардан калтак еган ўғли қўл телефони орқали қўнғироқ қилиб, иккита безори қиз ҳужум қилиб, машинани тортиб олишганини айтганди. Эгамқул милицияга хабар бермоқчи ҳам бўлди, бироқ ўйлаб туриб ниятидан қайтди. Чунки можаро авж олса, ўзининг чигал ишлари ҳам очилиб кетишидан чўчиди.

Эгамқул Тўхтаевич ўғлининг «тойчоғи»ни синчиклаб кўрикдан ўтказиб сўнг рулга ўтирди ва туйқус кўзи калитга тушди. Калитни оҳиста буради-ю, капалаги учиб кетди…

* * *

Қизлар тонг бўзариб келаётган бир паллада Наргизаларнинг уйига етиб олишди. Улар ҳолдан тойганди, оёқларини судраб тўртинчи қаватга чиққунча тиллари осилиб қолаёзди.

Лолани ошхонадаги столга ўтқизиб Наргиза газга чой қўйди-да, ўзи ювиниш хонасига ўтди. Кийимларини бир-бир ечиб ташлай бошлади. У ўзининг қоматини томоша қилишни яхши кўрарди. Оппоқ бадани, хипча белига қараб, ўзига-ўзи мафтун бўлар, ойнага тикилиб тўймасди. Қиз танасининг кўкариб кетган жойларига кўзи тушиб, йиғлаб юбораёзди. Ошхонада ўтирган лўли қиздан тортинди эҳтимол, пастки лабини қаттиқ тишлади. Лат еган жойларни нозик бармоқлари билан авайлаб силаб бирпас тургач, илиққина сувга кирди. Унинг танаси яйраб кетди. Қиз баданида югуриб пастга юмалаётган сувдан лаззатланиб кўзларини юмганча “оҳ” тортиб юборди…

— Вой, Наргийз! — деди Лола эгнига ялтироқ кўк халат кийиб ювиниш хонасидан чиқиб келган қизга кўзлари ёниб қараркан, — бунча чийройлийсан!

Гоҳ “сиз”лаб, гоҳ «сен»лаб гапираётган лўли қизнинг гапидан Наргиза мийиғида кулди.

— Сенинг ўзинг менданам чиройлисан, — деди у ҳам сенсираб, — битта ювиниб чиқ, унгача сенга ўзимнинг кийимларимни тайёрлаб қўяман.

Илиққина сувда маза қилиб ювиниб чиққан Лола сочларини қуритгичга тутиб олгач, Наргизанинг бежиримгина кийимларини кийди: энди унинг лўлилигини билиб бўлмасди! Майин сочларини эҳтиётлаб тараётганида, Наргиза ортидан келиб қучоқлаб олди:

— Агар ўғил бола бўлганимда, лўлилигингга қараб ўтирмасдан уйланиб олардим, — деди.

Бу гапдан қизлар баравар хандон отиб кулишди ва Лола чаққон ўгирилиб, Наргизани маҳкам қучди.

Шундан сўнг улар овқатланишиб, қуёш деразадан мўралай бошлаганда ухлагани ётишди.

Лола уйқусида туш кўрди. Катта гулзорда юрганмиш. Ўнгу сўлида чаман бўлиб очилиб ётган атиргуллар, осмонда бир гала оппоқ кабутар гоҳида пирпираб пастлаб учар, унинг бошига тегай-тегай деганда бирдан кўтарилиб кетармиш. Лола ҳайрон, ҳеч тушунмас, пастлаётган қушларнинг биронтасини тутиб қолиш учун қўлини осмонга чўзар, аммо сира ушлаб қололмаскан. Бир маҳал қаерданам катта қора калхат пайдо бўлиб, шунақанги шиддат билан учиб келиб кабутарларга ташланган экан, бир йўла бешта кабутар қанотлари қайрилиб, гуллар устига қулаб тушибди. Лола уларни олиш учун қанча югурмасин, ҳечам етолмас, оёқлари жойидан жилмасмиш. Шунда у аламига чидолмай йиғлаб юборибди…

— Лола, сенга нима бўлди, нега йиғлаяпсан? — деди аллақачон уйғониб овқат қилишга ҳам улгурган Наргиза лўли қиз ухлаётган каравотнинг бир четига ўтириб, унинг сочини силаркан.

Лола чўчиб уйғонди ва бироз карахтланиб ўтирди-да:

— Қушларний ўлдирдий… — деди талмовсираб.

— Туш кўрдингми? Қўявер, тушга нималар кирмайди. Қўй, йиғлама, яхшиси, энди, хоним, ўрнингиздан туринг-да, ювиниб келинг, овқатланамиз. Вақт аллақачон пешиндан ўтиб кетди, ойим бечора кўзи тўрт бўлиб ўтиргандир, — деди Наргиза жилмайиб.

Тақдир тақозоси билан опа-сингилдай бир-бирига меҳрибон бўлиб қолган икки қиз тушлик қилиб олишди, сўнг Наргиза укаси ётган касалхонага овқат олиб кетди. Лола бирга бормоқчи бўлганди, “опа”си унамади. “Сен шу ерда ўтира тур, бугун укамнинг ёнида қолиш менинг навбатим, ҳозир бориб келаман-да, кечга томон сениям олиб кетаман. Энди бирга бормасанг, бир ўзим қўрқаман”, деди Наргиза.

Наргизани жўнатиб, Лола телевизорни қўйди, ҳинд фильми кўрсатилаётган экан. У кинони кўрмоқчи бўлиб, телевизор қаршисига жойлашиб ўтириб олди. Бироқ фильмнинг охири экан, дарров тугаб қолди. Ҳаммасини кўролмаганидан асабийлашган қиз телевизорни ўчирди ва ўрнидан туриб шкафга тахлаб қўйилган чойнак-пиёлаларнинг гулларини томоша қилди. Бехосдан пиёлалардаги атиргуллар тасвири тушида кўрган гулларни ёдига солди. Хаёлан уларни таққослаб турганда шкафнинг бир четидаги турган альбомга кўзи тушди. Иккиланмай альбомни қўлига олиб, ерга ўтирганча варақлай бошлади. Наргизанинг болаликда тушган суратлари. Бир суратда Наргизанинг ёнида ўзи тенги болакай жилмайиб турибди. Ҳарчанд уринмасин, қаерда кўрганини эслай олмади. Бироз паришон хаёл билан Лола альбомнинг кейинги бетларини варақлади.

Ва ногаҳон… ўзи бозорда дуч келган йигитнинг суратига кўзи тушди. Бу боланинг расми қаердан келиб қолган экан? Ким бўлади у Наргизага? Аварияга учраган укаси шумикан? Ёки бу бола унинг севганими?.. Наргиза билан ачомлашиб ҳам тушибди… Бу ўйлардан Лоланинг юрагида рашк алангаси пайдо бўлди. Альбомни дуч келган томонга отиб юбориб, гилам устига чўзилиб ётиб олди. Кўзини юмиб, бироз хаёл сурди. “Жинни бўп қопсан, Лола, — деди ўзига-ўзи. — У бола ёмон, мени ер билан битта қилди. Сарсон-саргардон юрганимга ўша сабабчи. Наргиза бўлса менга уйидан жой берди, эгнимга уст-бош берди… Бўлди, тамом, энди лўлилик қилмайман. Бировнинг ёнига тиланиб бормайман. Наргизага илтимос қилиб иш сўрайман. Ўзбекча гапиришни яхшилаб ўрганиб олсам, биров мени лўли деб ўйламайди. Кейин ўзбеклардан йигит топиб, ўшанга турмушга чиқаман…”

Нуриддин ИСМОИЛОВ


(Кейинги қисмларни яқин соатларда ўқийсиз)

Манба: hordiq.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Омонат ғор сири (11-қисм)