13:03 / 18.09.2017
7 513

Омонат ғор сири (12-қисм)

Омонат ғор сири (12-қисм)
— Хоним ўзига-ўзи нималар ҳақида гапиряптилар? — деган овоз Лолани чўчитиб юборди, у ўрнидан сапчиб туриб кетди. — Жиннивой, — гапини давом эттирди хонага сездирмай кириб келган Наргиза Лолани эркалаб, — нималар деяпсан?

— Манга иш топийб бейр. Ишлайман, — деди лўли қиз кутилмаганда. — Бошқа бундайча юрмайман.

— Нимага бирданига бундай қарорга кеп қолдинг? — Наргиза сумкасини ерга қўйиб, унинг ёнига чўкди.

— Ишлагийм келоптий.

— Яхшигина иш бўлса мен ҳам ишлардим. Лекин қаерга бормай, муаммолар бошимга қордай ёғилади…

— Немага?

— Йигитлардан, умуман, эркак зотидан безор бўлиб кетдим. Қаерга бормайин, ошиқ чиқади. Бир қарасанг, кап-катта, кўринишидан туппа-тузук одамлар. Иймонсизлар, мақсади мен билан бир марта бўлса ҳам ишрат қилиб қолиш. Кейин менинг ҳаётим нима бўлади, бу билан уларнинг иши йўқ!..

— Буний сабабий, ман санга айтсам, чиройлийсан!

— Ҳамма бало шунда-да!

— Кийм боқадий сийзний?

— Шу пайтгача укам бечоранинг бир ўзи ишларди. Онам иккимизни едирарди, ичирарди, кийинтирарди. Шунгаям кўз тегди. Ишқилиб, соғайиб кетсин.

— Яхши эканмий?

— Ҳа, кечагидан бир оз тузук. Лекин ойим бечоранинг бир кунда кўзлари киртайиб қолибди. Яхшиям, кечаги ҳайвонлардан эсон-омон қутулиб кетдик, бўлмаса ойим ажалидан беш кун бурун ўларди.

— Ҳай, ҳай, опосий, бундайча гапларний айтманг. Фарийшталар ҳамма гапга овмин айтишадий.

Наргиза жилмайди, лўли қиз бўлсаям Лола билан гаплашиб унинг кўнгли пича ёзилганди.

Кеч кира бошлаганда улар ўзларига оро беришиб йўлга чиқишди. Касалхонага етиб боришганда шом қоронғиси ёйилганди. Наргизанинг юраги негадир безовта ура бошлади: “Ишқилиб, укам омон бўлсин-да, жонини худо асрасин”, дея кўнглида тинимсиз илтижо қиларди. Касалхонага кириб, йўлак бўйлаб бораётиб жон қулоғи билан укаси ётган палатадан чиқаётган товушни илғашга уринди. Хаёлида эшиги очиқ палаталардан чиқаётган товушлар онасининг фиғонли ноласига ўхшаб кетади. Наргиза эшик тутқичини илкис тортганини ўзи сезмай қолди. Ичкарида, ўғлининг каравоти ёнида бошини қуйи солиб хаёл суриб ўтирган она эшикнинг тарақлаб очилганидан чўчиб тушди. Қизини кўргач, ёқасига туфлаб:

— Нима бало, — деди ҳадиксираб, — ортингдан ёв қувлаб келаяптими?

— Укажоним яхшими? — Наргиза онасининг гапига жавоб бермай сўради.

— Худога шукур, ҳозиргина мен билан гаплашди. Хаёлиям жойига келди. Сизларни қийнаб қўйдим, деб узр сўради. Болагинам ақлли-да, ўзи.

“Хайрият-ей!” енгил тин олди Наргиза ва аввал онасининг юзидан, кейин укасининг очиқ пешонасидан ўпиб қўйди. Лола ичкарига кириб, эшик ёнида қаққайиб турарди.

— Бу менинг дугонам, — уни онасига таништирди Наргиза.

— Кел, қизим, кир, — деди аёл бесаранжомланиб.

Қиз ийманиб бир-икки қадам босиб тўхтади. У кирганидаёқ Наргизанинг онасига салом берган, лекин аёл эшитадиган аҳволда эмасди. Шу боис, орага бироз ноқулайлик чўкди.

— Исми Лола, ниҳоятда ақлли қиз, — таърифлай бошлади уни Наргиза.

Аёл илгари қизининг бу дугонасини кўрмаганди, устига-устак, унинг салом бермагани ҳам ғалати туйилди. Эгнига Наргизанинг кийимларини кийиб олгани эса аёлни янада ажаблантирди.

— Яхши, яхши… — бош силкиб қўйди аёл.

Шу лаҳза хаёлидан: «Тағин ўғлимнинг суюклиси бўлмасин”, деган ўй ўтди-да, қизга тағин, бу сафар синчиклаброқ, бошдан-оёқ разм солди. Аёлга унинг сахт-сумбати маъқул тушди-ю, безрайиб тургани ботмади. Лоланинг:

— Ўғлингийз яхши бўп қолдимий? — деган сўроғидан кейин эса аёл буткул тахта бўлиб қолди. “Қурмағур қизим кимни бошлаб келди?” дея хаёлидан ўтказиб, қизига ёвқараш қилиб қўйди.

Онасининг юзидаги ўзгаришни илғаган Наргиза:

— Ойижон, сиз қоронғи тушиб қолмай тезроқ уйга етиб олинг. Ўзиям роса чарчаб кетдингиз. Эрталабдан ўрин алмашсак бўларди, унамадингиз, энди дугонам билан укамга қараб турамиз, — деди.

— Майли, болам, — аёл оғриниб жойидан қўзғалди, — бир ҳисобдан дугонангни олиб келиб яхши қилибсан, кўнглим хотиржам бўлади.

Аёл қизи билан чиқиб, ташқарида Лоланинг кимлигини суриштирмоқчи эди, Наргизага дугонаси ҳам эргашди.

Қизлар қайтиб кирганида Бобур уйқудан уйғонганди. Уни кўриб Наргиза қувониб кетди. Аммо у қувончи узоққа чўзилмаслигини ҳали билмас, чунки Бобурни Дониёр билан адаштирган Бердимурод унинг учун зимдан ажал пичоғини чархлаётганди.
* * *
Хосият биби Лоланинг йўқолиб қолганидан бехабар эди. У Бароннинг пўписасидан кейин “тили чиқиб қолган” қизни бир ёқли қилиш ниятидан иложсиз қайтди. Шу боис, уни қидиртирмади. Оғзига тикилиб, буйруғини кутиб турган қавмининг хотинларига “каттакон”нинг пўписасини билдирмаслик учун илжайиб қўйди. Хотинлар ҳам унинг юзи тундлашиб, кейин ёришганини кўриб хушомадомуз тиржайишди.

— Шу дафъа Бароннинг гапини икки қилмай, ўша ойимчага тегинмадим. Кейинги гал Барон тугул бошқаси бўлсаям қонини ичаман, — деди Хосият биби сир бой бермай.

Унинг гапларидан, айниқса, хабаркашлари шодланишди ва Лоланинг тағин тилидан илинишини пойлаб кутадиган бўлишди.

Кечки пайт Хосият биби уйига қайтаётганида ўзини қандай кўргиликлар кутаётганини билмасди. У ҳаммадан олдин уйига бориб, ғўддайиб ўтирган Лолани “чақиб” олиш пайида эди.

Уйига кириб, ландовур, қўлидан битни ҳам ўлдириш келмайдиган эрининг овқат қилиб қўймаганини билгач, хаёлидан Лола ҳақидаги ўйлар кўтарилиб кетди.

— Молга ўхшамай ўл, ҳайвондан тарқаган, ҳозир чавақлаб ташлайман! — бўкирди эрининг оғзидан бирор егулик тайёрламагани ҳақидаги гап чиқар-чиқмас.

— Ман… — эр энди оғзини жуфтлаган эди, бошига бало ёғилди.

— Сандан мани ахлатим авлиё, онангни!.. Ҳароми, исқирт! — дея Хосият биби ҳовлининг ўртасида ётган темир таёқни қўлига олиб, эри томон югурди.

Шу маҳал уйга Бароннинг тўрт йигити олдинма-кетин бостириб кирди. Хосият биби уларни кўрди-ю, жойида таққа тўхтади. Эрининг эса юзига қон югурди.

— Лола қани? — деди биринчи кириб келган, қоп-қора барзанги йигит қалин қошларини чимириб.

— Орқасини томга қаратиб ётгандир уйида, — деди Хосият биби ичидан зил кетганини билдирмасликка тиришиб.

— Уйида йўқ, — деди ҳалиги йигит ўқрайиб, — ҳеч ким кўрмаган, ҳеч ким билан маҳаллага келмаган!

— Бўлмаса юргандир-да биронта ўйнаши билан ялло қилиб.

— Қайси ўйнаши билан юрганини сен билишинг керак. Топ!

— Ибий, ман топаманми ҳали?! Барон ўйнаш қилмоқчи бўлса, ўзи топсин! — у шундай деди-ю, тилини тишлаб қолди.

Ҳа, Хосият биби лўли маҳалладаги истаган одамни оғзига сиққанча ҳақоратлаши, гўрдан олиб гўрга тиқиши, ҳатто оғзи-бурнини қонга тўлдириб уриши мумкин эди. Бунинг учун биров унга «ғинг» демасди. Фақат Барондан ажалдан қўрққандай қўрқарди. Аммо нима жин уриб ҳозир тилига эрк бериб юборганини ўзи ҳам сезмай қолди. Ичида афсусланди-ю, бироқ энди кеч, ғишт қолипдан кўчганди. Барзанги йигит қўл телефонидан хўжасига қўнғироқ қилиб, воқеани батафсил айтди. Унинг гапларини Хосият биби эшитди-ю, лекин Бароннинг нима деб жавоб қилгани унга қоронғи бўлиб қолди. Қўнғироқ қилган йигит телефонини чўнтагига солди-да, қўрққан олдин мушт кўтарар қабилида чиранаётган лўлиларнинг эрка хотинига ташланди. Барондан шундай буйруқ бўлганини англаб, қолган уч барзанги ҳам Хосият бибига ёпишишди.

— Пийчоқ билан сўйинглар, манам қутулай бу ялмоғиз кампирдан, манам қутулай! — дея қичқирди Хосият бибининг эри барзангиларни гижгижлаб.

— Ҳаммангни милисага сотаман! Нима иш қилганларингни барини биламан, бангилар! — қичқирди аёл, гўё шу гапдан қўрқиб, қўйиб юборишади, деган ўйда.

Аммо бу сафар ҳам у адашганди. Бароннинг одамлари баттар пишқириб кетишди. Бири лўлибошининг оғзига кир латтани тиқди, иккинчиси бурнининг тешикларига иккита бармоғини жойлаб юзини осмонга қаратди. Шу пайт орқада турган учинчи йигит ҳеч иккиланиб ўтирмасдан Хосият бибининг томоғига ўткир тиғни тортиб юборди. Аёл хириллаб типирчилай бошлади. Лўлибошининг эри воқеанинг бундай тус олишини кутмаганди, кўзлари олайиб ортига тисарила бошлади. Унинг қочишга шайланганини семиз барзанги пайқаб, лапанглаганча югуриб бориб эрнинг ёқасидан ушлади.

— Во-ой, манда гуноҳ йўқ. Ман уйдан чиқмаганман, Лолани кўрмаганман! Нима қилса, шу кампир қилган! Ўлдирманглар! Ўзи бу кампирдан қутулсам, сайил қилиб бермоқчийди-и-м! — дея кўзидан ёшини оқизиб ялинишга тушди Хосият бибининг эри.

— Кампирнинг аҳволини кўрдингми? — деди барзанги хунук иржайиб.

— Йўқ, йўқ, кўрмадим, бугун у бозордан қайтиб келмаган. Қочиб кетган, ўзига ўйнаш топган, — деди эр мабодо кўрдим, деса, «Ҳали сен гувоҳ бўлмоқчимисан», дейишларидан қўрқиб.

— Маладес, — деди барзанги, — кампирнинг тарбияси зўр бўганакан. Агар бировга оғзингдан гуллайдиган бўлсанг, сениям каллангни оламиз. Энди бу ёққа юр!

Барзанги ҳали ақли-ҳушини йиғиб ололмаган хонадоннинг эркаги бўлган қарияни судраб, жони узилиб бўлган кампири тепасига олиб келди.

— Кампирингдан қутулишни орзу қилиб юрган экансан, энди қолган ишни ўзинг бажар. Калласини уз бунинг!

Лўлибошининг эри оёқ-қўли “қалт-қалт” титраб, қўлини пичоққа чўзди. Пичоқни олишга олди-ю, лекин тиззалари букилиб ўтириб қолди. “Шу ишни менга қилдирманглар”, илтижоли кўзларини бошида турган тўрт барзангига тикиб мўлтиради.

— Бўл, тез! — деб ўшқирди телефонда гаплашган барзанги.

Улар айтганини қилмаса, кампирининг аҳволига тушиши тайинлигини англаган эр ўттиз йил бир ёстиққа бош қўйиб келган хотинининг ярмигача сўйилган томоғига пичоқ солиб, кўзларини “чирт” юмганча тортиб юборди…

Хосият бибининг уйидаги “қий-чув”ни қўни-қўшнилари эшитишганди. Бироқ ора-сира Бароннинг номи ҳам тилга олингани боис, биров мўралаб қарашга-да ботинолмади. Эрталабгача тўполон содир бўлган уйда ҳаммаси жой-жойига тушди: Хосият бибининг жасади ҳовлининг ўртасига кўмилди, қон юқлари қириб олинди, каллани эса қопга солиниб олиб кетишди.

Нуриддин ИСМОИЛОВ

(Кейинги қисмларни яқин соатларда ўқийсиз)

Манба: hordiq.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Омонат ғор сири (12-қисм)