Аҳмет Демир: “Ўзбекистон биз учун эртакдаги мамлакат эди” » Ўзбекистон янгиликлари – Zamin.uz

Аҳмет Демир: “Ўзбекистон биз учун эртакдаги мамлакат эди”

  • Ҳаёт тарзи
  • 21-09-2017, 12:33
  • 777
  • Аҳмет Демир: “Ўзбекистон биз учун эртакдаги мамлакат эди”
    16 сентябрь куни Demir Holding асосчиси Аҳмет Демир Alpha Education ўқув марказида Ўзбекистонда бизнес юритиш бўйича ўз тажрибаси билан бўлишди. У бу йўлда дуч келган қийинчиликлар ва уларни қандай енгиб ўтганлиги ҳақида ҳикоя қилди, деб ёзади «Kommersant.uz».

    Аҳмет Ўзбекистондаги фаолияти ҳақида ҳикоя қилишдан аввал ўзи ҳақида, қандай қилиб бизнесмен бўлгани ва шу кунга қадар қайси принципларга амал қилиши ҳақида ҳикоя қилди.

    Нима ҳар куни миллионлаб кишиларни ҳаракатланишга ундайди? Ҳар бир киши амалга оширишга интилувчи ўз ғоя ва режаларига эга. Шу сабабли рақобат юзага келади: ҳамма биринчи бўлишни истайди. Бироқ биринчи ёки иккинчи бўлиш — энг муҳими эмас. Асосийси ўз ўрнингни топиш ва охирги бўлмаслик. Бунинг учун мунтазам ишлаш лозим.

    Темир — оилавий иш
    «Демир» турк тилидан таржима қилганда «темир» маъносини англатади. Аҳметнинг отаси Рамазон Демир бутун умр арматура сотиш билан шуғулланган. У дастлаб темир сотиб олиб, уни қайта сотган, кейинроқ уни ишлаб чиқариш билан шуғулланган. Аҳмет кичкиналигида кечки овқатдан сўнг отаси, акаси ва у стол атрофида қолиб, бизнесни муҳокама қилар, ишлаб чиқариш, даромад борасида баҳслашар эди. Шундай қилиб, Аҳмет олти ёшидаёқ бизнес юритиш асосларини тушуниб етди.

    — Бу менга жуда ёрдам берган, бугун биз у ёки бу бизнес билан шуғулланиш ҳақидаги қарорни тез қабул қила оламиз. Отам қурилма сотиб олгандан сўнг биз автомобиль йўллари учун тўсиқлар ишлаб чиқара бошладик. Уларни давлат сотиб олар, мен эса музокаралар олиб борар эдим. Давлат тўсиқларни етиб бориш қийин бўлган, сув ҳам, нон ҳам бўлмаган жойларга ўрнатиши керак эди. Шундай қилиб биз режалаштириш ва логистика билан ҳам шуғуллана бошладик. Бизга нима қилишни ҳеч ким ўргатмаган, ҳаётнинг ўзи ўргатган. Отам ҳеч қачон бекор ўтирмас эди. Савдо юришмаса, ишчи гуруҳни 500 тонна арматурани бир жойдан бошқа жойга ташишга мажбурлар эди. У бу орқали мижозлар пайдо бўлишини тушунтирар эди. Бу усул жуда иш берар эди.

    «Ўзбекистон ҳақида ҳеч нарса билмасдик»

    Аҳмет Демир ҳаётида Туркия президенти Ҳалил Тургут Озал катта рол ўйнаган. Аҳмет ва бошқа ёш бизнесменлар унинг конференцияларида тез-тез қатнашиб турган. 1983 йилда Тургут Озал бош вазир бўлганда, мажлисларда қандай ишлаш лозимлиги, экспортнинг аҳамияти ҳақида сўзлаб берган.

    — Бир куни Озал тўрт-беш йилдан кейин СССР бўлмаслигини маълум қилди. Биз бундай бўлиши мумкин эмас деб ўйладик. Шунда у СССРда турк халқи яшовчи мамлакатлар борлигини айтди. У ҳар биримизга: «Сен Қозоғистонга борасан, сен — Қирғизистонга», — дер эди. У ҳар сафар «Сен Ўзбекистонга борасан», — деганда унинг нигоҳлари менда тўхтарди. Бу мамлакат биз учун Алоуддин чироғи ва ўзи учар гиламлари бор эртак эди. У ҳақда ҳеч нарса билмасдик. Ўзбекистон мустақиллик ҳақида эълон қилганда, дўстларим менга қўнғироқ қилиб, менинг Ўзбекистоним мустақилликка эришганлиги ҳақида ҳазил аралаш ҳикоя қила бошлади. Мен эса ҳамон ҳайратда эдим, нега «меники»!

    «Ошни бир марта татиб кўрган инсон Ўзбекистонда режалар туза бошлайди»
    Шундай қилиб Аҳмет дўстлари билан Ўзбекистонга боришга қарор қилди. Улар уч кунга боришди, ҳаво жуда совуқ бўлишига қарамасдан, мамлакат уларда яхши таассурот қолдирди.

    — Биз «Ўзбекистон» меҳмонхонасида яшаганмиз. Бир куни тонгда меҳмонхона ходими эшикни тақиллатиб, «Овқат тайёр, тушинглар!» деди. Турк тилида «авукат» сўзига ҳамоҳанг сўз адвокат деб таржима қилинади. Шунинг учун жуда ҳайратландим ва саботли ходимга бизга адвокат керак эмаслигини узоқ тушунтирдим.

    Тушга яқин ўзбек палови билан танишдик: ошни бир марта татиб кўрган инсон албатта Ўзбекистонда бирор-нарса режалаштиришни бошлайди.

    Бизнинг турли таклифларимиз бор эди. Йўллар таъмирталаб бўлганлиги учун бу ерда тўсиқлар ишлаб чиқариш бўйича завод қурмоқчи эдик. Иккинчи таклиф шакар заводи эди. Шакар заводи қандай ишлашини билмасдим, бироқ лойиҳани амалга оширишимга ишонар эдим. Туркияда шакар фабрикаси ишини икки ҳафта давомида ўрганган эдим. Ҳозиргача бутун жараён ёдимда.

    10—15 кундан кейин Тошкентга қайтдим ва ўз офисимни очдим. Ушбу лойиҳаларни ҳар куни муҳокама қилар эдим, бироқ натижа йўқ эди. Кейинроқ яқин уч-беш йил ичида шартнома бўлмаслигини хушмуомалалик туфайли менга айтишни истамаётганликларини тушуниб етдим.

    Кўримсиз совун ва пахта ёғи
    Баъзан бир эшикни қайта-қайта муваффақиятсиз тақиллатасиз, кутилмаганда бутунлай бошқа эшик очилади. Аҳмет Демир билан айнан шундай бўлди. У уйга бўш қўл билан қайтишни истамади, бироқ шаҳарни ҳам тил ва бозорни ҳам билмасди. Шундай қилиб у Тошкентда ярим йилни ўтказди.

    — Меҳмонхонада яшардим: ётоқхона, иш кабинетим ва зал бор эди. Бу вақт ичида бозорни ўрганишга улгурдим. Дўконларда деярли ҳеч нарса йўқ эди: ёмон қоғоз, кўримсиз совун, фақат пахта ёғи. Шундай қилиб менда миллионлаб режалар пайдо бўлди, бироқ харидор масаласини аниқлаштириб олиш керак эди. Уриниб кўришга қарор қилдим: икки катта юк машина ширинлик, мазали макарон ва бошқа маҳсулотлар буюртма қилдим. Бир ой давомида товарни олдим.

    Бу вақт давомида Марказий банк билан рублни долларга алмаштириш борасида маслаҳатлашдим. Буни амалга ошириш жуда қийин эди: ҳеч ким тўғри йўлни кўрсата олмасди. Товарни қайта сотиб, кўп рубль олдим. Валютани алмаштиришга рози ташкилот пайдо бўлди. Шундан кейин бизнес ҳажми мунтазам ошиб, юришиб кетди. Шакар заводи ва тўсиқлар масаласи жойидан силжимади ва мен савдо билан шуғулланишда давом этишга қарор қилдим.

    Турк маҳсулотлари: бринза, зайтун ёғи ва ширинликларини соғинардим. Шунда дўстларим билан ушбу маҳсулотлар учун кичкина дўконча очишга қарор қилдик. Бироқ Тошкентда бунга мос кичикроқ жой топа олмадик. Шунда фақат ўзимиз учун эмас, халқ учун супермаркет очишга қарор қилдик. Майдон катта бўлганлиги учун унинг бир қисмини фуд-корт билан банд қилишга қарор қилдик. Барчамиз битта нон 0,2 доллар турганда, одамлар гамбургерни 1 долларга харид қилмайди деб ўйлардик.

    Очилган кунимиз биринчи кеча кўчаларда ҳеч ким йўқ, атроф жим-жит эди. Туркияда одамлар кундузи ҳам кечаси ҳам сайр қилиб, харидларни амалга оширади. Мен ташвишлана бошладим. Биз бунга 5—6 миллион доллар тикдик, мижоз эса йўқ эди. Дўстларим банкрот бўлишимни айтишди. Туни билан ухламадик. Бироқ тонгги 10 да жуда кўп одам келди, бир ярим соатдан сўнг эса одамларни тўхтатиб туриш учун милиция чақиришимизга тўғри келди. Одамлар эртага ҳеч нарса қолмаслигидан қўрқиб, маҳсулотларни қутилари билан харид қила бошлади.

    Ечим ҳар доим бор
    Ажиотаж ва яхши товар айланмаси биринчи қараганда ҳар доим плюсдек. Бироқ бунинг акси ҳам бўлиши мумкин. Нархлар бозорникига қараганда юқори бўлишига қарамасдан, Мir Storeʼда гўшт тугаб қолди.

    — Гўшт учун навбат 100—200 метрга чўзилиб кетди. Бу муаммони ҳал қилиш учун ушбу маҳсулот билан шуғулланувчи давлат ташкилотига мурожаат қилдим. Ҳар куни пулларни банкка юборганимиз учун нақд пулимиз йўқ эди. Давлат ташкилоти гўшт харид қилиш учун квота олишни маслаҳат берди. Бунинг учун ўз гўшт комбинатимизга эга бўлишимиз керак эди. Компаниямиз биржадан Чирчиқда гўшт комбинати топди. Биз уни сотиб олдик ва квотага эга бўлдик. Шунга қарамасдан, гўшт тугаб қолганлиги маълум бўлди. Шунда бизга колхоз сотиб олиб, ўз чорвамизни кўпайтиришни маслаҳат беришди. Биз харидорларга гўшт йўқ деб айта олмасдик. Шунинг учун колхоз харид қилдик ва унга 3,5 миллион доллар тикдик. Ярим йилдан сўнг маблағ тугади, бироқ сигирларимиз кўп эди. Баъзан кўп билган эмас, ғайрат ва ёшлик жўш урганларнинг омадга эришиши осонроқ. Биз ҳеч қачон зарар кўрмадик.

    Олдинга интилиш керак
    Агар сиз ўз ғоянгизни ҳис қилиб, яхши кўрсангиз, албатта муваффақиятга эришасиз. Аҳмет Демир жамоаси ҳар қандай вазиятга позитив билан ёндашди.

    — Ватанимиз Туркия бўлишига қарамасдан, Ўзбекистонни яхши кўрардик. Мамнуният билан ишлардик, халқни ва дўстларимизни яхши кўрар эдик. Ҳар доим янги имкониятлар томон қараш, фойдани қандай кўпайтириш ҳақида ўйлаш лозим. Фақат қишлоқ хўжалигида узоқ вақт ишлаб қолмасдан, юқори технологияларга мурожаат қилиш ва имкониятларни келажакдан излаш лозим. Бироқ анъаналарни ҳам унутиб қўймаслик керак. Истанбулда энг яхши рахат-лукум сотувчи қадимий компания Ҳаcи Бекир бор. Бу компания 240 йилдан бери мавжуд. Дунёда бундай мисоллар жуда кам. Уларда ишлаб чиқариш барқарор, маҳсулотнинг бир килограмми турига қараб 15—50 доллар туради.

    Сентябрь ойи бошида Demir Holding «Чорсу» меҳмонхонасини реконструкция қилишга давлатдан рухсат олди. Лойиҳани икки йилда якунлаш режалаштирилмоқда, ҳозирча эса Аҳмет Демир ва унинг жамоаси туркиялик бош ошпазлар томонидан тайёрланган турли-туман таомлар тақдим этиладиган турк ресторанини яратиш билан банд.