Омонат ғор сири (15-қисм) » Ўзбекистон янгиликлари – Zamin.uz

Омонат ғор сири (15-қисм)

  • Ҳаёт тарзи
  • 21-09-2017, 23:30
  • 366
  • Омонат ғор сири (15-қисм)
    Бердимурод шотирларини касалхона дарвозаси олдига тушириб, ўзи икки юз метрча нарига ўтиб машинани тўхтатди. Машинадан тушмай сигарета тутатди, сўнг ойнадан орқа тарафга бир муддат қараб турди. Зерикди шекилли, машинадан тушиб, у ёқ-бу ёққа юрди, қўлидаги сигарет қолдиғини четга улоқтириб, машинага суянганча теваракка кўз югуртирди. Юраги негадир безовта ура бошлади. У аввал ҳам бундай ишларнинг олти-еттитасини уддалаган эди. Биринчисида, рости, бир оз довдиради, ҳатто қўрққанидан юраги ёрилаёзди. Ахир, ўз қўли билан илк марта одам қонини тўккан, қон фавворадай отилаётганини кўриб кўзлари косасидан чиқиб кетай деганди. Кейингиларида туки “қилт” этмади. Бир марта совуқ назар ташлаб индамай кетаверди.

    Қотилликларнинг барига у қўшни давлат ҳудудида қўл урганди: “мижоз”ни алдаб пастқам жойларга олиб борар, сўнг “иш”ни битириб, изига қайтарди. Жиноятдан хабар топишгунча у инига етиб келиб, хожасининг мақтовлари-ю мукофотларидан баҳраманд бўлишга улгурарди. Ҳозир қотилликни бошқаларнинг зиммасига юклаган эса-да, негадир юраги ғаш, кетма-кет сигарет тутатарди.

    Бердимурод яна бир марта атрофига синчиклаб назар солаётганда узоқдан катта тезликда келаётган учта машинага кўзи тушди-ю, титраб кетди. “Милиса қайси гўрдан хабар топибди?” деган фикр миясига урилгани ҳамон шошиб “Жигули”сига ўтириб қочишга шайланди. Машиналар касалхона дарвозаси ёнида қаторлашиб тўхтади. Улардан бир йўла юзига ниқоб кийган олтита норғул-норғул йигит сакраб тушиб, касалхонага югуриб кириб кетишди. Бердимурод шошиб қўл телефонида рақам тера бошлади. Аксига олиб адашганми, гўшакни ёш бола кўтарди. У алам билан телефонни ўриндиққа урди. Сўнг қайта эътиборини жамлаб “овчи”лардан бирининг қўл телефони рақамини терди.

    — Алло, — шотирларидан бири жавоб қилди.

    — Отбой! Тез қочинглар! Ментлар хитланибди. Чойхонада кўришамиз! — дея бақирди Бердимурод ва машинасига газ берди.
    * * *
    Барон шишанинг тагида қолган ароқни қадаҳга қуяётганида Лолани касалхонада кўрган лўли хотинни хожанинг икки йигити етаклаб кириб келди.

    — Ҳа, нима бўлди?! — тинчи бузилганидан жаҳли чиқди Бароннинг.

    — Хушхабар, хўжайин, — деди йигитлардан бири, — малика топилибди.

    Пиёлани даст кўтариб ароқни сипқорган Барон лўли хотинга қараб:

    — Гапир, тез бўл, — деди.

    — Лолани касалхонада кўрдим. Алламбало кийиниб олган, сочларини орқасига ташлаган, дарров таниёлмадим, шарманданинг ўзгинаси. Ёнида яна битта қиз бор.

    Бароннинг қўллари мушт бўлиб тугилди, кўзида ўт чақнади. Хабаркаш лўли хотинга еб қўйгудай тикилиб, Лоланинг қайси касалхона, қайси палатадалигини ижикилаб сўради. Хабарига мўмай мукофот кутган лўли хотин Бароннинг турқидан довдираб қолди.

    — Ҳозироқ оёғини ерга теккизмай олиб келинглар! — бўкирди Барон. Сўнг “эшикбон”ни чақириб, ҳалиям бир дунё умид билан турган “қулоқ”қа юз минг сўм бериб юборишни тайинлади.

    Касалхонага етиб келган Бароннинг йигитлари шошишарди. Улар хожанинг кўнглини хотиржам қилишиб, ўзлари ҳам шу билан ором топиш ниятида эдилар. Зеро, икки кундан бери итда тиним бор-у, уларда ором йўқ, товонлари қабариб кетди. Шунданми, шотирлар касалхонага кўз ташлаб кузатмай туриб, тўғри бостириб киришди. Ниқобли, барзанги одамларнинг югуриб киришганини кўриб қоровул ҳанг-манг бўлиб қолди. Ниқоблиларнинг учтаси ўтиб кетгунича у ўрнидан қўзғалолмади. Кейин шошиб телефонга ёпишди, аммо энди кеч эди.

    — Тўхта! — деган кескин таҳдидли товушдан юраги ёрилаёзган қоровул гўшакни секин жойига қўйиб, ортига ўгирилди. Қаршисида яна бир ниқобли йигит тўппонча ўқталиб турарди. Қоровул буни кутмаган, у босқинчиларни уч киши, деб ўйлаганди.

    — Бу ёққа кел, — тўппонча билан ишора қилди ниқобли.

    Қоровул титраб-қалтираб у ишора қилган тарафга ўтди. Шуни кутиб турган босқинчи тўппончанинг қўндоғи билан қоровулнинг пешонасига қарсиллатиб урди. Қоровул бир муддат гандираклаб турди-да, кейин гурсиллаб қулади.
    * * *
    Деразадан қараган нусха қандай пайдо бўлган бўлса, худди шундай киприк қоққунча бўлмай кўздан йўқолганидан саросималаниб қолишган Фатҳулла билан икки қиз эшик томонга қадам ташлашлари ҳамон эшик тарақлаб очилиб, бирин-кетин юзига ниқоб тортган учта барзанги кириб келди. Фатҳулла қўл-оёғи шалвираб, ҳайкалдек қотиб қолди. Наргиза ундан баттар аҳволда эди. Биргина Лоланинг ҳуши жойида, бироқ унинг оёқлари ҳам қалтирарди. Барзангилардан бири Фатҳулланинг пешонасига тўппонча тиради, иккитаси эса Наргиза билан Лоланинг юзига ҳушдан кетказувчи газ пуркашди. Қизлар бир оз тебраниб туриб, кейин ҳолсизланиб қолишди, барзангилар бирин-кетин қулаб тушаётган қизларни қучоқлаб, қопдай елкаларига ортмоқлаганча олиб чиқиб кетишди. Фатҳулланинг бошига қоровулнинг куни тушди: пешонасидан қон сизиб чиққан дўхтир ерга чўзилиб қолди. Талотўмни жойида кузатиб ётган Бобур инграб юборди.

    — Тегмаларинг, итдан тарқаганлар! — дея бақирди. Бироқ унинг товуши шу қадар заиф эдики, ўзидан бошқа ҳеч ким эшитмади…
    * * *
    Барон бетоқатланиб у ёқдан-бу ёққа юрар, ўзича ғудраниб сўкиниб қўярди. Лекин кимни сўкаяпти, нега сўкаяпти — бунисини ўзи ҳам билмасди. Бундай пайтда унинг ёнига биронта лўли йўлай олмас, ҳар қанча зарур иш бўлса-да хожасининг ўзига келиб олишини кутарди. Бу сафар ҳам шундай бўлди. Иккала қизни ҳушсиз ҳолда олиб келган йигитлар “эшикбон”дан вазиятни билишгач, ташқарида кутиб қолишди. Барон эса жиғибийрон бўлар, деворга осиғлиқ соатга кўз ташлаб қўярди. Сабр косаси тўлди, шекилли, у стол устидаги шиша-ю пиёлани улоқтириб, эшикка йўналди ва уни тепиб очди. Ташқаридагилар хўжайиннинг важоҳатини кўриб саросимага тушишди.

    — Ҳайвондан тарқаганлар, … еб турибсанларми бу ерда?! Ё мени бўғилиб ўлсин, дедингларми! — дея махлуққа ўхшаб ўкирди Барон.

    — Сизни безовта қилишга ҳаддимиз сиғмади, — деди майин оҳангда Ҳасан. Агар шу гапни қатордаги бошқа бир йигит айтганида, шубҳасиз, ҳозироқ нариги дунёга рихлат қилган бўларди. Аммо Ҳасан, яқин-орада хожаси билан унга яқин кишидай бемалол гаплашгани учун, бунга журъат қилди.

    — Олиб киринглар, — деди Барон Ҳасанга қараб. Бу унинг юмшаганидан далолат эди ва айни чоғда Ҳасаннинг мавқеи ҳам бир поғона кўтарилганди.

    Наргиза билан Лолани Бароннинг меҳмонларни қабул қиладиган хонасига кўтариб киришди. Бировнинг хотини ёки қизини бегона эркакнинг қучоқлаб кўтариши айб саналар, ҳозир эса бу зарурат эса-да, барибир Бароннинг рашки келди-ю, бироқ индамади. Қизларни диванга чўзилтириб ётқизишгач, Барон бир ишора билан шотирларини чиқариб юборди. Кейин гоҳ Наргизага, гоҳ Лолага термилди. Боши қотди. Қизларнинг гўзалликда бири-биридан соҳибжамоллиги унинг ичини қиздирди. “Лолани хотинликка оламан, — деди кафтларини ишқаб. — Дугонаси ўйнашим бўлади, мендан бошқанинг қўли тегмайди”. Барон ширин хаёллар оғушига шўнғиди. Тасаввурида, Лола унга кетма-кет ўғиллар туғиб берар, дугонаси эса назокатли ишвалари билан кўнглини чоғ қиларди. Ширин хаёллар оғуши ва ароқнинг таъсири уни уйқу сари етаклади. Барон юмшоқ оромкурсига ястанганча уйқуга кетди.

    Наргиза кўзларини аранг очди, боши лўқиллаб оғрирди. Қаерда ётганини билолмай атрофига аланглади. Хона ниҳоятда шинам қилиб безатилган. Лекин қандайдир бегона, совуқ. Наргизанинг кўзига аллақандай ғариб кўринди. У аста ўрнидан қўзғалди, кўзи оромкурсида хуррак отаётган бадбашара одамга тушди. “Бу ким бўлди?” ўйлади у. Шундагина хаёлида касалхонадаги тўс-тўполонлар жонланиб, титраб кетди, оҳиста ортига тисарилиб, эшикка жилаётганида Лолани кўриб қолди. У ўзи ётган юмшоқ каравотнинг бош томонидаги диванда ухлаб ётарди. Наргиза изига қайтиб, Лоланинг ёнига борди-да, уни секин-секин турта бошлади.

    — Лола, Лола, кўзингни очсанг-чи, тур, тез тур…

    Бироқ Лола кўзини очмас, нуқул: “Им, им” деб қўярди-ю, уйғонай демасди. Наргизани ваҳима босди, барзанги уйғониб қолмадимикан, деб у ётган томонга қараб олди ва яна дугонасини уйғотишга уринди. Ниҳоят Лола кўзини очди.

    — Бизни ўғирлаб келишибди, қочайлик, тур ўрнингдан, — даҳшат билан пичирлади Наргиза.

    — Қаердамиз? — деди Лола кўзларини ишқалаб. Унинг овози баланд чиққанидан Наргизанинг юраги “шиғ” этиб кетди. Ўгирилиб оромкурсидаги бадбашара барзангига юзланди-ю, вужудига титроқ кириб, беихтиёр ўтириб қолди.

    Барон уларга илжайиб қараб турарди.

    Нуриддин ИСМОИЛОВ


    (Кейинги қисмларни яқин соатларда ўқийсиз)

    Манба: hordiq.uz