00:57 / 22.09.2017
7 052

Омонат ғор сири (16-қисм)

Омонат ғор сири (16-қисм)
Халил бойвачча уйга қайтиб келиб, ётоғига кирди-да ўрнига чўзилди. У ҳолдан тойган, ўйлашга ҳам мадори етмас, ҳатто ўзи йўғида Лазокатнинг нима билан машғул бўлганини суриштиришни ҳам истамасди. Нилуфардан унинг кўнгли тўқ. Катта қизининг эрта бир кун бир оиланинг меҳрибон, саранжом-сариштали бекаси бўлишига ишонарди. Бироқ кенжаси чатоқ, уни жиддий назоратига олмаса бўлмайди. Бироқ энди кеч бўлгани, Лазокат аллақачон одоб-ахлоқ доирасидан чиқиб кетганидан бойвачча бехабар эди.

Бойвачча Бердимуродга берган топшириғини ҳам эсламади ва кўп ўтмай донг қотиб ухлаб қолди.

Эрталаб чуғурчуқлар чирқирашини бошламай уйғонган Халил бойвачча бошини кўтариб қаради, кўзи пишиллаб беозор ухлаётган хотинига тушди. Шу ётишида Мўътабарни фариштага қиёс қилса бўларди. Лекин бу аёлнинг фаришта эмаслигини, жуда кўп оқила, мўъмина аёлларга пойу патак бўлишга ҳам ярамаслигини Халил бойвачча яхши биларди. Аммо хотини худди ҳозир — уйқудагидай беозор бўлса қанийди, деган ўй кечди кўнглидан.

У тўшакка қайта чўзилди, бироқ ётолмади, негадир юраги ҳаприқиб ўрнидан туриб кетди, керишиб, оҳиста қадам ташлаб эшик томон юрди. Товуш чиқариб, фариштани ялмоғизга айлантириб қўйишни истамади.

Зиналарни бир-бир босиб тушаётиб, уйга кираверишдаги катта залнинг чироғи ёниқ қолганини кўрди. “Булар ҳеч иқтисод қилишни билмайди. Фақат сарфлаш бўлса буларга, анави хизматкор қайси гўрда экан? Жа, талтайиб кетганга ўхшайди. Танобини тортиб қўйиш керак”. Охирги зинага қадам қўйиб, эшик томонга қаради… бир муддат жойида ҳайкалдай қотди. «Тушимми, ўнгимми?» деган ўйдан сергак тортди. Ҳаммаси ўнгида содир бўлаётганини англаб, ранги қув оқариб кетди. Сўнг бўсағада ерпарчин бўлиб ётган Лазокат томон югурди.

— Ла… Ла… Лазокат, — овози титраб қизининг тепасига келди, — қизим, сенга нима бўлди?!

Лазокат юзтубан ётар, “қилт” этмасди. Халил бойвачча тиззалари қалтираб чўккалади ва қизининг бошини оҳиста кўтарди, шу маҳал ароқнинг кўнгилни айнитувчи бадбўй ҳиди димоғига урилиб, афти бужмайиб кетди.

— Падарингга лаънат! — ўкириб юборди бойвачча қони қайнаб. — Мўътабар, ифлос!

Унинг ўкиригидан деразалар зириллаб кетди. Она-бола ўринларидан сакраб туришганда бойвачча овозини янада баландлатиб, Мўътабархонни онасига қўшиб сўкди. Нима бўлганига ақли етмаган Нилуфар онаси билан пастга ўқдай отилиб тушди.

— Қара бунга! — ўшқирди бойвачча. — Яхшилаб қара, итдан тарқаган, қизингни кўраяпсанми?! Сенинг қизингми шу?!

— Вой ўлмасам, вой ўлмасам! — Мўътабархон Лазокатни қучоқлаб, турғазишга уринди. Қизининг оғзидан чиқаётган ҳиддан унинг ҳам кўнгли айниди, бироқ юзини четга буришга эридан қўрқди.

— Ой-и-и… — минғирлади ҳали кайфи тарқамаган Лазокат. — Мен қаердаман, боллар қани?

— Нилу, Нилу, — деди қўрқувдан дағ-дағ қалтираётган Мўътабархон эрини Лазокатнинг оғзидан чиққан гаплардан чалғитмоқчи бўлиб, — қарашвор, ваннага олиб кирайлик, юзини ювсак ўзига келади, — деди Нилуфарга қараб.

Халил бойваччанинг кўз олди қоронғилашди. Қизининг не қилғиликларни қилиб юрганини энди фаҳмлади. Юраги санчиб, танидан мадор кетди, ортга тисарилиб бориб деворни ушлаб қолди.

Нилуфар онага кўмаклашмай, югуриб отасининг ёнига бориб, унинг қўлтиғига кирди ва туришига ёрдамлашди.

— Қўй, қўй… — деди синиқ овозда бойвачча. — Ҳозир ўтиб кетади.

Лекин қизи уни қўйиб юбормади, кўзидан дув-дув ёши оқиб:

— Адажон, юринг, жойингизга ётқизиб қўяй, — дея ялинди. Халил бойвачча гавдасини идора қилолмай ерга ўтириб қолди. Нилуфар қўрқиб кетди:

— Адажон, адажоним! Сизга нима бўлди?! Кўзингизни очинг, адажон! — зорланиб қичқирди қиз.

— Қизим, менга ҳеч нарса бўлгани йўқ, бор, ойингга ёрдамлаш, — деди бойвачча нафасини зўрға ростлаб паст овозда.

Катта қизидан нажот бўлмагач, Мўътабархон ўзи Лазокатни амаллаб оёққа турғизиб, ювиниш хонасига суяб олиб кетди. Кўзидаги ёшини кафти билан артганча, Нилуфар онасига эргашди.

Улар Лазокатни ювинтиргани ечинтирганда Нилуфарнинг кўзи синглисининг баданидаги кўкиш доғларга тушди. Нафрати қўзиди. Ғазабдан ўзини бошқаролмай қолди — Лазокатнинг юзига шапалоқ тортиб юборди.

— Вой, ўлмасам! — бақирди Мўътабархон. — Бу нима қилганинг? Нега урасан? Адангники каммиди, икковлашиб бечора қизни ўлдирларинг! Ман буни кўчадан орттириб келганман, ур!

Мўътабархон кўзига ёш олди.

— Ойижон, бунинг баданига қаранг!

— Нима бўпти? — Лазокатнинг яланғоч елкаларига кўз ташлади Мўътабархон. — Қизим бечора бирон нарсага урилиб кетгандир-да, дугоналари билан билмай озгина ичиб қўйган бўлса.

— Ойи, яхшилаб қаранг, урилмаган, баданида тишнинг изи бор-ку! Кўзингиз кўрмаяптими?!

— Вой, шўрим! — бирдан кўзи олайди Мўътабархоннинг, сўнг Лазокатнинг баданидаги кўкарган жойларни силаб кўрди. Қизининг кўкраги атрофида соғ жой қолмаган эди. Она «пиқ-пиқ» йиғлади, кейин Нилуфарга юзланиб:

— Жон қизим, — деди ёлвориб, — аданг билмасин. Ҳали ўзимизам билмаймиз-ку нима бўлганини. Бу ҳушига келсин, ўзим яхшилаб гаплашиб оламан.

Нилуфар синглиси ўзидан кўра улғайиб қолганини аллақачон пайқаган, онасининг ҳозирги гаплари шунчаки йўлига, кўнглини кўтариш учун айтилганини сезиб турарди. Ваҳоланки, Лазокатнинг оёқ олишини Мўътабархон билиб улгурганди. Бунга Нилуфар шубҳаланмагани учун ҳам синглисини шунчалик ёмон кўриб кетдики, қўйиб берса ҳозироқ бўғиб ташлашга тайёр эди. Нилуфар ортиқ чидолмади, ғазаб билан: “Эшшак!” деди-ю ювиниш хонасидан чиқиб кетди.

Халил бойвачча ҳануз ўтириб қолган жойида сигарета тутатар, Лазокатга нима бўлгани-ю, қизи не қилғиликларни қилиб юрганини англаб етган, шу боис, алам билан сигаретасини чуқур-чуқур тортар, мияси: “Бу шармандаликдан қандай чиқиб кетиш мумкин?” —деган фикр билан банд, ўзича режа тузарди.

— Адажон, — ердан кўзини узмай пичирлади ёнига келган Нилуфар, — деворга суянманг, зах ўтиб кетади. Юринг хонангизга, ўзим суяб чиқариб қўяман.

— Керакмас, қизим. Яхшиси, сен бирор нарса тайёрла, бир нима тотинмасам бўлмайди, шекилли.

— Хўп бўлади, — дадасининг иш буюрганидан қувонган қиз илдам юрганча ошхона томон кетди.

Бойваччанинг нияти бошқа эди. У тонг отмасиданоқ тўйиб ичгиси, Лазокатнинг қилмишларини бутунлай унутгиси келаётганди. Шундай ҳам бўлди. Ошхонага кириб музлатгичдан очилмаган ароқ шишасини олиб, столга ўтирди.

— Адажон, — Нилуфар уни қайтармоқчи бўлди. — Керакмас, илтимос, ичманг.

— Қизим, мен билан ишинг бўлмасин. Нима буюрган бўлсам, сен шуни қил, хўпми?..

— Йўқ, адажон, бу дунёда ёлғиз суянчиғим ўзингизсиз. Агар сизга бирор нима бўлса, мен чидолмайман.

Халил бойваччанинг меҳри жўшди, қизини оҳиста қучиб, елкасига бошини қўйди. “Қанийди, ойинг ҳам сендай бўлганида”, хаёлидан ўтказди. “Адам ичиш ниятидан қайтди”, деган ўйда Нилуфар унинг қўлидаги шишани олмоқчи бўлди, бойвачча эса қизини қўйиб юборди.

— Бор, овқатингни қил, — деди қоши чимирилиб зарда билан.

Отасининг кўнглидан кечаётган аламли туйғуларни англаб етган қиз энди уни ичишдан қайтаришнинг иложи йўқлигини тушунди. Агар бойвачча ҳозир ароқ ичмаса, қон босими ошиб, томирлари ёрилиб кетиши тайин эди. Фақат ҳали тонг отмасдан отасининг ичкиликка қўл ураётгани Нилуфарни қийнар, шу боис падарининг қўлидан шишани олиб қўймоқчи бўлганди.

Халил бойвачча ароқдан кетма-кет тўрт пиёла симирди. Нилуфар буғи чиқиб турган овқат олиб кирганида отасининг кайфи ошиб қолганини кўриб кўзидан ёши оқиб мўлтиради. Бойвачча эса қизидан уялиб, бошини кўтаролмасди. Пиёлага яна қултуллатиб ароқ қуйди-да, бир кўтаришда бўшатди ва шундан кейин қошиқ билан косани кавлай бошлади. Нилуфар отасининг аҳволига ортиқ қараб туролмади, қўллари билан юзини бекитганча, югуриб ошхонадан чиқиб кетди.

Ётоғидан унинг йиғи овози чиқди. Бироқ буни на Лазокатни ўзига келтириб олиб, сўроққа тайёрлаётган Мўътабархон ва на таомдан бир қошиқ оғзига солиб, чайнашни ҳам унутганча бир нуқтага кўзидан ёши оқиб тикилиб ўтирган Халил бойвачча эшитди.

Нуриддин ИСМОИЛОВ


(Кейинги қисмларни яқин соатларда ўқийсиз)

Манба: hordiq.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Омонат ғор сири (16-қисм)