Омонат ғор сири (19-қисм) » Ўзбекистон янгиликлари – Zamin.uz

Омонат ғор сири (19-қисм)

  • Ҳаёт тарзи
  • 23-09-2017, 12:03
  • 427
  • Омонат ғор сири (19-қисм)
    — Соғайиб қолдингми? — деди унинг каравоти ёнига стол қўйиб ўтирган ўрта яшар, сочлари оппоқ, пешонасини ажин босган, нигоҳи ўткир, мундир кийган орган ходими.

    Бобур жавоб қилмади, шифтга термилганча ётаверди. Йигитнинг қайсарлигини сезган майор унинг кўнглига қараб муомала қилишга киришди:

    — Менга айтишди, сени олиб келишганида аҳволинг анча оғир экан, лекин тез тузала бошлабсан. Иродангга балли, йигит.

    Бобурнинг энсаси қотди. У бирор кишидан нимадир сўрамоқчи бўлса, чўзиб ўтирмас, шартта айтар-қўяр, бошқалардан ҳам шундай муомалани кутарди.

    — Ҳм-м, — деди майор ўйланиб.

    Майор кўпни кўрган одам эди. Қанча ўғри-каззобнинг “эртаги”ни эшитган, бўйнида тоғдай гуноҳи бўла туриб, тергов пайти ўзини фаришта қилиб кўрсатишга уринганларни, бутун бошли қотилликни бошдан-оёқ кўзи билан кўрган эса-да, гувоҳлик беришдан бўйин товлаганларни ҳам гапиртириб, қилни қирқ ёриб, ковушини тўғрилаб қўйиш қўлидан келган. Бобурга у аввал кўнгил бериб, кейин ичидаги бор гапни суғуриб олмоқчи эди. Қараса, бу йигит тошёнғоқ хилидан экан, демак, унга бошқача йўл тутиш керак.

    — Бобуржон, — деди бироз сукутдан сўнг майор, — ниқоблилар опангни ўғирлаб кетганидан мен ҳам афсусдаман, уни тезда топишимиз керак. Сен ёрдам бермасанг бўлмайди.

    — Тузалсам ўзим топаман, — деди Бобур шифтдан кўзини узмай.

    — Унда кеч бўлади.

    “Кеч” сўзини эшитиб, Бобур кўзини юмди. Иложсизлиги алам қилиб, чуқур хўрсинди.

    — Шунинг учун, — гапида давом этди майор, — кўрган-билганингни гапириб беришинг керак.

    — Мен бостириб кирган тўртта ниқобли одамни кўрдим. Яна кимдир деразаданам қаради, ўзим кўрганим йўқ, Наргиза билан унинг ёнидаги қиз деразага қараб бақириб юборишди. Анави дўхтирам шу ердайди.

    — Анави қизнинг исмини биласанми?

    — Билмайман. Аввал кўрмаганман. Опам у билан яқинда танишган бўлса керак.

    — Ўша қиз сенда шубҳа уйғотмадими?

    — Йўқ.

    — Деразадан ким қараган бўлиши мумкин?

    — Билмадим.

    — Тушунарли, — деди майор эшитганларидан қониқмай бош чайқаб. — Лекин булар опангни топишимизга ёрдам беролмайди.

    “Ўзимам биламан, — хаёлидан ўтказди Бобур, — лекин мен қидирсам, албатта, топаман. Ўғирлаганларнинг терисига сомон тиқаман!”

    Майор ташқарига чиқди. Қоп-қоронғи осмон қаърида милтираётган сон-саноқсиз юлдузларга термилди. Улар, худди одамлардай, бир-бирига мутлақо ўхшамасди.

    — Раҳматуллаев, — деди лабига сигарета қистирган майор, гугурт олиш учун қўлини чўнтагига тиқаркан.

    — Лаббай, — дея майорнинг ёнига ўқишни яқинда битириб милицияга ишга кирган, ўрта бўйли, спортчиларникидай чайир гавдали йигит — Миркомил келди.

    — Сенга биринчи топшириқ, — деди майор унга синовчан тикилиб. — Бобур деган бемор билан яхшилаб танишиб оласан, керак бўлса ўртоқ бўласан. Уям сенга ўхшаб жиддий йигит кўринади. Ичидаги бор гапни билиб олгин. Ўзи ким, оилавий аҳволи қандай? Нега опасини ўғирлаб кетишди?.. Яна улар ҳалокатга учраганида ўртоғидан топилган қорадори кимники? Умуман, бу йигит, ўртоғи Дониёр нима иш қилади — ҳаммасига жавоб топ. Фақат эҳтиёт бўл. Тағин сир бериб, балога қолиб юрма. Бу ишнинг ўта жиддийлиги эсингдан чиқмасин. Маълумотларни зудлик билан менга етказиб тур.

    — Хўп бўлади, — деди Миркомил бошлиғининг гапини диққат билан эшитиб.

    — Бўпти, ишга кириш.

    Майор тезкор гуруҳ вакиллари билан жабрланган Фатҳуллани ҳам олиб кетди.

    Миркомил касалхонада рўй берган воқеадан хабар топган заҳоти етиб келган бош врачнинг хонасига фуқаро кийимида кирди-да, ўзига оқ халат беришларини сўради.

    У палатага кирганида Бобур ухлаб қолганди. Бир-бир қадам босиб, беморнинг тепасига борди. Фақат юзигина кўриниб турган Бобурга синчиклаб қараб, ўзича нимадир излади. Кейин ортига қайтиб эшик ёнига стол қўйди-да, ўтириб хона ичини синчиклаб кўздан кечириб чиқди. Орадан ярим соатча вақт ўтди. Ютиб юборгудай жимжитлик Миркомилни зериктирди: кўзи юмилиб кетаверди. Ҳаял ўтмай у ўтирган жойида ухлаб қолди.

    Тонг бўзариб келаётган маҳал палатага ҳамшира кирди. Эшикнинг ғийқиллашидан Миркомил чўчиб уйғониб, ўрнидан сапчиб турди. Унинг бу қилиғидан ҳамшира кулиб юборди. Сўнг савол назари билан қараган Миркомилга:

    — Касални укол қилиш вақти бўлди, — деди яна жилмайиб.

    Бобур аллақачон уйғонган, эшик ёнига стол қўйволиб уйқуни ураётган йигитга унинг кўзи тушган эди.

    — Қалайсиз, яхши йигит? — деди ҳамшира Бобурнинг ёнига бориб.

    — Бундан баттар бўмайди, — деди мийиғида кулиб Бобур.

    — Ҳали шошманг, шунақа югуриб кетингки, ўзингиз ҳам қойил қолинг, — деди ҳамшира қувноқ овозда.

    — Агар сиздай қизлар укол қилиб туришса, бугуннинг ўзидаёқ югуриб кетаман.

    — Ҳо-о, — деди ҳамшира нозланиб. — Мендан бошқасининг укол қилишини истаб қолдингизми?

    Бу гапдан сўнг Миркомил ҳам кулиб юборди.

    — Ошна, — гапга аралашди Миркомил Бобурга яқинлашаркан, — ҳозирги қизларга битта гапни айтгин-да, кейин орқа-олдингга қарамай қоч, йўқса балога қоласан.

    — Ҳаммасига ўзларингиз айбдор, — деди ҳамшира ҳам бўш келмай. — Битта қизга қаноат қилмай бошқасига кўз сузасизлар, шунинг учун сизларга доим кўз-қулоқ бўлиб туриш керак.

    — Айтдим-ку, — деди Миркомил кулиб, — битта гап гапирсанг тамом. Уйланмасдан тоқ ўтиб кетаман, шекилли, бу дунёдан.

    — Кўрамиз, яна неча йил чидаркансиз бўйдоқликка!

    — Пардон! Биз «пас». Ўқишни битириб шу ерга дўхтир бўп келай, ўшанда…

    — Битиришингизга, адашмасам, ҳали икки йилча бор, унгача чидайсиз, — деди ҳамшира ва Бобурни укол қилишга киришди.

    Ҳамшира билан Миркомилнинг ҳазил-ҳузули улар пухта ўйлаб, олдиндан келишиб олишгандай табиий чиқди: Миркомил талаба ролини бажаради, бу ерга амалиёт учун келган; ҳамшира ҳам шунга яраша муомала қилди. Бу сценарийни Миркомил ўйлаб топиб, ҳамшира билан пухталаб келишганди, бироқ унинг қандай натижа бериши ҳозирча номаълум эди.

    — Шу, ўқишиям жонга тегиб кетди, — деди Миркомил ҳамшира ишини битириб чиқиб кетганидан кейин. — Сизам бирон жойда ўқийсизми?

    Бобур бошини чайқаб “йўқ” деган ишорани қилди.

    — Нима иш қиласиз? — савол берди Миркомил.

    — Бизнес.

    — Сизларники яхши, мол оласизлар-сотасизлар, тамом, фойдани чўнтакка уриб кетаверасизлар.

    Унинг гапига Бобур кулди:

    — Буниям ўзига яраша қийинчиликлари бор, баъзан кечаси билан ухламай чиқамиз.

    — Барибир-да, ошна. Масалан, институтда тўрт йил ўқитишади. Бизда бўлса, эҳ-ҳе…

    — Ташланг унда.

    — Шунча йил ўқиб қўйдим. Увол бўлади. Битирсам, клиника очмоқчиман. Шунга кеча-ю кундуз касалхонадаман. Кўпроқ ўрганиш керак. Бошқалар бир кун келса, икки кун ялло қилиб юради. Менинг уйланишга ҳам вақтим йўқ. Тўнғич фарзандга қийин экан. Ойим уч йилдан бери миямни қотиради, бошингни иккита қилиб қўяйлик, деб. Хоҳ ишонинг, хоҳ ишонманг, шу пайтгача биронта қиз билан тузук-қуруқ гаплашмабман ҳам. Қизинг бўлмаса кимга уйланишниям билмай эзилиб кетаркансан…

    Туйқусдан Бобурнинг хаёлида лўли қиз жонланди: сирли нигоҳи, мийиғида кулиши… Кейин газ балоннинг ҳидидан йиқилиши… Беморнинг қошлари чимирилди.

    — Нима гап? — деди унинг юзидаги ўзгаришни кўриб Миркомил. — Мазангиз бўлмаяптими?

    — Яхшиман, — деди зўрға Бобур, — бир илтимос айтсам, қилоласизми?

    — Биронта қизга хат-пат бериб қўйиш керакми? Гап бўлиши мумкинмас!

    — Қизгамас. Ҳадемай ойим келади. Наргизани олиб қочишганини айтмай туришсин, дўхтирлардан илтимос қилинг.

    — Ҳа-а, — деди Миркомил пешонаси тиришиб, — хунук иш бўлди-да. Мен шу пайт шаҳарга чиқиб кетувдим. Бўлганимда муштлашардим. Нима қилиб бўлсаям опангизни олиб қолардим. Дзюдога беш йилдан бери қатнайман. Анчагина тажрибам бор.

    — Майли, буларнинг бари ўз йўлига. Сиз менинг илтимосимни қиласизми?

    — Бугун бўлмаса эртага барибир эшитади. Майли, дўхтирларни кўндиришга уриниб кўраман… Энди сиз ухланг, кўп гаплашдик, чарчаб қолманг тағин.

    Бобур Миркомилнинг гапига эътироз билдирмади. Шифтга термилганча хаёл дунёсига ғарқ бўлди.

    Нуриддин ИСМОИЛОВ

    (Кейинги қисмларни яқин соатларда ўқийсиз)

    Манба: hordiq.uz