09:03 / 24.09.2017
6 693

Омонат ғор сири (21-қисм)

Омонат ғор сири (21-қисм)
Тепадагилар қизларни қўриқлаётган Бароннинг йигитлари эди. Улардан бири хожаси гугурт ёқиб Лоланинг устига ташламоқчи бўлганида “оҳ” тортиб юборган Бекмирза исмли шотир эди. Лўлилар «қирол»ининг қизларга чиқарган ҳукмидан сўнг бу икки йигитнинг хаёли бузилди. Улар Бароннинг йўқлигидан фойдаланмоқчи бўлиб, кун бўйи ўзларича режа тузишди.

— Барибир хўжайин қизларни нобуд қилади. У ҳеч вақт гапидан қайтмаган. Кел, улардан фойдаланиб қолайлик, қизлигича кетса увол бўлар, — деди Бекмирза қоровул йигитнинг қулоғига шипшиб.

Манглайида ўрик донасидай ғурраси бор, афт-ангоридан бадавийларга ўхшаб кетадиган лўли йигит ўйланиб қолди. Унинг Наргизага кўнгли кетган: «Қани энди шундай қизни бир марта эркаласам», деган табиий майл кўнглига ғулғула соларди. Аммо Бекмирза айтган ишни қилишса-ю, кейин қизлар Баронга сотиб қўйишса, хўжайин терисини тириклай шилиб олади.

— Битта қизни деб ўлиб кетишни истамайман, — тўнғиллади у.

— Кечаси ҳамма ухлаганидан кейин қиламиз. Қизлар бизни танимайди. Лола билан битта маҳалладанмиз-у, лекин қоронғида таниб ўтирибдими? Бетимизга ниқобам кийиб оламиз. Овоз чиқармаймиз.

— Хўжайин Ҳасанга тайинлаб кетди.

— Ҳасанни менга қўйиб бер. Пиво деса ўзини томдан ташлайди. Кечқурун уйқу дори солиб бераман пивосига.

— Унда кутишга тўғри келади. Аввал Ҳасанни ухлат, кейин… Ишқилиб, Ҳасан ўзингни пивога бўктириб қўймаса бўлгани, унинг тулкилигини биласан-ку. Биз шу ерда юрганда унинг арвоҳиям йўқ эди, дарров хўжайиннинг ўнг қўлига айланди.

— Бўпти, кўрасан ҳали, ўша Ҳасаннинг девдай хуррак отишини.

Бекмирза кеч бўлишини интиқиб кутди. Қуёш уфққа ёнбошлаган маҳал Бароннинг ўнг қўли, ҳақиқатан ҳам, пивохўрликка ўтирди.

Баронга хизмат қиладиган қизлар билан Бекмирза ош-қатиқ эди. Шаҳарга тушганида уларга атаб ширинлик кўтариб келар, эвазига хўжаси йўқ тунларни уларнинг иссиққина бағрида ўтказарди. Оқ-сариқдан келган Наташа билан эса сирдош бўп кетишган. Ора-сира Баронни ҳам ғийбат қилишдан тойишмасди. Бекмирза Наташани ишга солмоқчи бўлиб, унинг ёнига борди ва гапни бироз айлантириб, Ҳасаннинг нуқул иш буюраверишидан нолиди. «Пивосига уйқу доридан кўпроқ солиб бер, биз ҳам одамга ўхшаб бир дам олайлик», дея қўшиб қўйди гапининг охирида. Наташага бу юмуш чикора эди: “Хафа бўлма, тошдай қотириб ухлатиб қўяман”, дея Бекмирзанинг лабидан ўпиб қўйди.

Ҳасан соат саккиз бўлмай қаттиқ уйқуга кетди. Қолган беш йигит билан уч қиз ўзлари хон, кўланкаси майдон бўлиб, роса ичкиликбозлик қилишди. Кейин айш-ишратни давом этказиш учун жуфт-жуфт бўлиб меҳмонхонага равона бўлишди. Ҳовлида тўртта меҳмонхона бўлиб, Барон меҳмонларини мавқеига қараб бу хоналарга таклиф этарди. Бекмирза уларнинг орасидан ситилиб чиқиб, тўғри қоровулнинг ёнига борди. Қоровул ҳам анча-мунча отиб олган, Наргиза билан Лола ётган ўранинг тепасига стол қўйиб ўтирганча сигарет тутатарди.

— Бошлаймизми? — деди Бекмирза паст овозда.

— Бошлаймиз, — деди ҳеч иккиланмай қоровул.

— Мен арқон олиб келдим, аввал ўзим тушаман.

— Лекин анави ўзбек қизга тегмайсан. У меники, Лолани нима қилсанг қилавер.

Бекмирза Наргизанинг оёқ учига тушганида, у Лоланинг билагига бошини қўйганча, беозор нафас олиб ухларди.

* * *

Бердимурод Халил бойваччага тайин бир жавоб қилмай боши хам чиқиб кетди. У нима қилишини билмасди, Лазокатга уйланиб, хожасининг сояи давлатида даврон сурай деса, бу хонадонга келиб туриши — Нилуфарни кўриши бор. Қандай чидайди, унинг ҳусну жамолини кўрганидан кейин! Нега энди бойвачча катта қизи туриб кичигини унга бермоқчи — бу ҳам жумбоқ. Яна бетининг терисини сидириб, ўзи чақириб айтиб турса! Буюрган иши билан қизиқмадиям?! Бекорга бўлмаса керак бу ишлар. Бойвачча дарёнинг лабига элтиб, суғормай қайтариб келадиганлар хилидан. Манфаати бўлмаса қўлини совуқ сувга урмайди. Қизиқ, Лазокатни унга бериб, нима фойда топаркан? Ёки бу эрка қиз ишкал чиқариб қўйдимикан? Орттирган молу давлати бегонанинг қўлига ўтиб кетармишми? Бўлмаган гап.

Бердимурод боши қотиб машинасига ўтирди. Хаёли паришон ҳолда серқатнов катта кўчага чиқди. Қизил чироқда чорраҳаларни кесиб ўтди. Бахтига назоратчилар йўқ экан — ҳуштак товуши эшитилмади. Ўйга ботиб, уйига етиб келганини сезмай қолди. Машинани тўхтатиб, моторни ўчирмасдан рулга бошини қўйганча ўйлашда давом этди. Орадан бир ош пишгулик вақт ўтгач ўзига келди. Атрофига олазарак боқиб, уйининг ёнида эканини билгач, мийиғида кулиб бошини сарак-сарак қилганча машинадан тушди.

У хонасига кириб чироқни ёқди-да, девордаги соатга қаради: вақт тунги ўн икки яримдан ўтаётганди. “Роса чарчабман”, хаёлидан ўтказди Бердимурод. Ётоғига кираётганида қўл телефони жиринглаб қолди. У истар-истамас телефонни қулоғига тутди:

— Алло?

— Яхшимисиз? — қулоғига қиз боланинг овози эшитилди.

Бердимурод дарров таниди.

— Лазокат?! — ажабланиб соатга қайта қараб қўйди.

— Кутмаганмидингиз? — деди Лазокат қувноқ овозда.

— Тўғриси, ярим оқшом…

— Сизни бир шошириб қўйгим келди. Эркалигим тутди-да. Ишларингиз яхшими?

— Ҳозиргина уйингиздан келдим. Ўша ёқда ишларимни сўраганингизда чиройли бўларди, — деди Бердимурод энсаси қотиб.

— Уялдим.

— Нега уяласиз?

— Сиз келмасингиздан олдин адам ёнларига чақириб, мени сизга эрга бермоқчилигини айтиб қолди. Тўғриси шокка тушиб қолдим. Вообше, кутмагандим. Адам ғалатилар-да.

— Мен сизданам баттар аҳволга тушдим. Ўзингиз менга тегишга розимисиз?

— Бу ёғига жа тезлашиб кетдингиз-у. Телефонда сизга тегаман, деб айтайми? Яхшиси, кўришайлик, гаплашиб оламиз.

— Ҳозирми?

— Бўлмасам-чи?

— Кеч бўп кетмадими? Кейин дабдурустдан кўришишимиз…

— Қиз бола таклиф қилганида йўқ дейдиган одамни биринчи марта кўришим!

— Энди, ҳар қалай, қиз бола ёлғиз ярим оқшом уйидан чиқиб кетиши… Адангиз сезиб, иккаламиз ҳам балога қолиб кетмайлик тағин.

— У ёғини менга қўйиб беринг. Адам ойим билан спальнийга кириб кетди… Менинг сизга айтадиган гапларим бор. Адам раз шу йигитга тегасан дедиларми, тамом менинг бошқа иложим йўқ. Лекин сиз билан олдиндан гаплашиб олсам… Саволларим тиқилиб ётибди. Ичимга сиғдиролмаяпман. Адам билан гапларингиз битгунча ёрилиб кетай дедим.

— Бўпти. Қаерда кўришамиз?

— “Звёзда”ни биласизми? Тунги клуб.

Бердимурод у ерга кўп борган, кўнгилхушликлар қилган. Лазокатнинг айни шу ерни айтгани уни ўйлантириб қўйди. Чунки хожасининг арзандасини у тарафларга боради, деб хаёлига келтирмаганди. Халил бойвачча ўта қаттиққўл одам, қизларини ҳар жойларга бордирмайди, деб ўйларди. Лазокатнинг эса, айнан шундай жойлардан хабари бор экан. Бу Бердимурод учун кутилмаган янгилик эди. Энди у Лазокатнинг ишкали борлигига шубҳа қилмай қўйди.

— Хабарим бор, — деди у бошқа гап тополмай. — Бир-икки марта мошинада ўтгандим.

— Шу ерга бориб, жой заказ қилиб туринг. Мен тез етиб бораман.

— Жа шовқинлик қилмайдими?

— Шовқин менинг жону дилим. Ишонмасангиз боргандан кейин кўрасиз.

Бердимурод ярим соатда айтилган жойга кириб борди. Ўйлаганидек, қий-чув, ўйин-кулги авжида… Ким рақсга тушган, ким давра қуриб ичаяпти. Яна кимдир қучоғидаги қиз билан овора… Бердимурод бироз қараб туриб, ортига қайтди, чунки эшикнинг олдида турмаса, Лазокатни бу ғала-ғовурда тополмаслигига кўзи етди.

Лазокат кўп куттирмади — беш дақиқалардан кейин оппоқ машинадан тушди. Ўзи ҳам Қорқиздай оппоқ кийимда. Кўкраги эса, деярли очиқ, тиззадан тепаси бир қаричгина латта билан тўсилган, холос. Баданининг қолган жойлари онадан қандай туғилган бўлса, худди шундай алпозда. У келибоқ Бердимуроднинг бўйнига осилиб лабидан бўса олди ва юзига юмшоққина уриб қўйиб:

— Роса пишиқ йигит экансиз-а, — деди жилмайиб ва йигитни қўлтиқлаб, шовқин-суронли залга етаклади.

Бердимуроднинг Лазокатга муносабати кескин ўзгарди: қизнинг нозланиб гапириши, ўпиб қўйиб, қўлтиқлаб олиши ғоят назокатли чиқдики, йигитнинг кўнглидаги ғубор тонгги тумандай тарқади-кетди. Қий-чув ҳам энди қулоғига ёқа бошлади.

— Қани, бизнинг фрайер қаерни банд қилган экан? — деди табассум билан Лазокат.

— Жойни сизнинг таъбингизга қараб танлаймиз-да, — сўзамоллик қилиб вазиятдан осонгина чиқди Бердимурод.

— О-о, гап йўқ! Эътиборингиз учун мана сизга, — деб Лазокат яна унинг юзидан ўпиб қўйди.

Улар шовқин авжига чиққан жойга ўтиришди. Бу ерда гаплашиш тугул бақириб гапирган овозни ҳам эшитиш мушкул эди. Лазокат учун айнан шу керак: Бердимуроднинг қулоғига лабини босиб, эҳтиросини жунбушга келтириб гаплашади.

Аввал бир қадаҳдан шампан виноси, сўнг ароқ, ортидан коньяк ичилди. Кейин рақсга тушишди. Мусиқа тугагач, тағин ичкиликбозлик бўлди… Бўлғуси келин-куёв тунги клубдан чиқишганда тонг бўзариб қолган эди. Улар йўловчи машинада Бердимуроднинг уйига кетишди…

Лазокат уйғонганида боши лўқиллаб оғрир, кўнгли айниётганди. Шунга қарамай у ақлини йиғиб олди. Бердимуроднинг бағридан сирғалиб чиқиб, гилам устида ётган бежиримгина сумкачасидан дори солинган шишачани олди…

Нуриддин ИСМОИЛОВ

(Кейинги қисмларни яқин соатларда ўқийсиз)

Манба: hordiq.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Омонат ғор сири (21-қисм)